Фарер оролларида сенсация, Нидерландия ва Хорватия деярли ҳал қилди. Кун ўйинлари
|17:02 / 13.10.202511 99711 мин
ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада якшанба оқшомида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.
13 октябр куни Европанинг 16 та терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаши доирасида октябрдаги иккинчи ўйинларини ўтказишди, энди улар фақат ноябрда майдонга чиқади. Ҳозирча улардан ҳеч бири йўлланмани кафолатламади, аммо айрим жамоалар бунга максимал даражада яқинлашди.
Нидерландия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар энди ассистлар бўйича ҳам Уэсли Снайдерни (33) ортда қолдириб, энг яхшига (35) айланиб олди. Амстердамдаги ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонда бўлган Мемфис Депай аввалига Дониэлл Мален ва Виржийл ван Дейкни голли узатмалар билан таъминлади, бўлим охирида эса пеналтини аниқ ижро этиб, терма жамоадаги голлари сонини янада ошириб олди (54).
Ўйин охирларида эса Коди Гакпо финнларни яна бир бор ранжитди. Нидерландлар жаҳон чемпионати йўлланмасига янада яқинлашди. Роналд Куман шогирдлари 6 ўйинда 16 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринда (тўплар нисбати 22:3). Олдинда Полшага қарши муҳим сафар ўйини кутмоқда.
Поляклар бош мураббийни алмаштиргач, учта ўйинда 7 очко тўплади ва гуруҳда биринчи ўрин учун курашда қолди. Шу билан бирга, энг яқин таъқибчиси финнлар очколар бўйича етиб олган тақдирда ҳам тўплар нисбати бўйича ортда қолди. Литвадаги ўйинда Шимански бурчакдан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди, иккинчи бўлимда эса айнан унинг узатмасидан кейин Роберт Левандовски терма жамоадаги навбатдаги голини урди. Энди ноябрда Полша ўз уйида Нидерландияни ҳам енгишга ҳаракат қилиб кўради.
Фарер ороллари жамоаси ўтган турда Черногория дарвозасига жавобсиз тўртта гол йўллаб, кўпчиликни ажаблантирганди, энди эса Чехияга жиддий муаммо туғдиришди. Бу ўйинда ҳам ҳужумда Соренсен ва Фредериксберг ажралиб туришди. 67-дақиқагача таблода 0:0 ҳисоби сақланиб турди, кейин эса Ханус Сёренсен Фредериксберг бошлаб берган тезкор қарши ҳужумни гол билан якунлади.
Чехлар 11 дақиқа ўтиб мувозанатни тиклади. Адам Карабец рақиб жарима майдони ичида шериги томонидан ташлаб берилган тўпни аниқ зарба билан дарвоза тўрига йўллади. Фарер ороллари эртаги шу билан якунланадигандек кўринаётганди, аммо улар рақиб дарвозабони ва ҳимоячилари ўртасидаги тушунмовчиликдан фойдаланишди – эндигина майдонга тушган Мартин Агнассон тўпга бир тегинишда аниқ зарба йўллади. Фарер ороллари жамоаси саралашда 12 очко тўплашди ва плей-оффга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишди. Аммо сўнгги турда чехлар Гибралтар билан ўйнайди, фарерликлар эса Хорватия майдонига сафар қилади.
Хорватия терма жамоаси устози Златко Далич гуруҳ аутсайдерига қарши ўйинда аралаш таркибни туширди. Лука Модрич, Йошко Гвардиол, Иван Перишич ва Андрей Крамарич каби етакчиларга дам берилди ва уларнинг барчаси фақат иккинчи бўлимда майдонга туширилди. Тони Фрук биринчи бўлимдаги ягона голга муаллифлик қилди, иккинчи бўлимда эса Лука Сучич ва Мартин Эрлич биттадан гол уриб, ҳисобни йириклаштиришди. Аммо унгача Ловро Майер пеналтидан фойдалана олмади. Параллел учрашувда чехлар мағлубиятга учрагани туфайли, хорватлар энди амалда жаҳон чемпионати йўлланмасини нишонлаши мумкин. Кейинги турда йўлланмани расмийлаштириш учун Загребда Фарер ороллари жамоасига ютқазмаслик кифоя қилади.
Беларуслар ўтган турда данияликларга 0:6 ҳисобида ютқазганди. Бу сафар жамоа нисбатан муносиб қаршилик кўрсатди. Биринчи бўлимда Че Адамс меҳмонлар жарима майдони ичида ажойиб ҳаракат қилиб, дарвозани ишғол этди. Ҳакамлар бригадаси видеотакрордан кейин голни инобатга олди – офсайд йўқ эди.
Иккинчи бўлимда ҳам VAR беларуслар зарарига қарор чиқарди. Евгений Малашевич тўпни бурчакка аниқ жойлаштирганди, аммо ҳакам видеотакрордан кейин меҳмонлар ҳужум бошида фол ишлатганини қайд этди. Ўйин охирига бориб жамоалар қарама-қарши курсларда ўйин олиб боришди ва иккала дарвоза томон ҳам хавфли зарбалар йўлланди. Аввалига Скотт Мактоминей шотландларнинг устунлигини мустаҳкамлади, қўшимча дақиқаларда эса Глеб Кучко ҳисобни қисқартиришга эришди, аммо иккинчи гол учун вақт қолмаганди. Британлар жамоаси кейинги турларда гуруҳ пешқадамлиги учун Дания билан кураш олиб боради, беларуслар эса тўрт турда ҳам бирорта очко жамғара олмади.
Шотландия лайв режимда биринчи ўринга чиқиб олганди, аммо бу ўринни узоқ сақлаб қололмади. Греклар Копенҳагендаги ўйиннинг биринчи бўлимини ўта ёмон ўтказишди ва рақибга икки гол совға қилишди. Аввалига Ҳойлунд Зафейриснинг дарвозабонга кучсиз узатмасини эгаллаб олиб, тўпни осонлик билан дарвоза тўрига йўллади. Кейин эса бурчак зарбаси амалга оширилганида Андерсен барчадан баланд сакраб, иккинчи голни урди. Меҳмонлар бундан шу қадар умидсизликка тушишдики, бир дақиқа ўтиб жарима майдонидан чиқишда яна хатога йўл қўйишди, тўпни эгаллаб олган 19 ёшли Фроҳолдт эса Дамсгорни қулай вазиятга чиқарди – 3:0.
Греклар иккинчи бўлимда ўзига келишди. Тзолис жавоб голини урди, аммо меҳмонларнинг бундан ортиғига қурби етмади ва расман ЖЧ йўлланмасидан умид узишди. 10 тадан очкога эга бўлган Шотландия ва Дания сўнгги турда Глазгода тўғридан тўғри йўлланма учун жанг қилади.
80 ёшли Мирча Луческу бошқарувидаги руминлар кутилмаганда Ралф Рангник бошқарувидаги гуруҳ пешқадамини мағлуб этди. Биринчи бўлимда жамоалар ўта зерикарли ўйин намойиш этишди ва дарвозаларга бирорта зарба кузатилмади. Иккинчи бўлимда эса очко кўпроқ керак бўлган мезбонлар фаоллашди. Аввалига Михэйлэнинг зарбаси устунга борди, кейин эса Шлагер Рациунинг ўта мураккаб зарбасини қайтаришига тўғри келди. Ва якунда барибир руминлар ўз мақсадига эришди, ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Янис Ҳажи Гицэни голли пас билан таъминлади. Австрия дурангга ўйнагани учун жазоланди ва энди иккинчи ўрин ҳам кафолатланмаган. Аммо тақвим уларда осонроқ, ноябрда Руминия Босния билан ўйнайди, Австрия эса ҳеч қандай мотивацияга эга бўлмаган Кипр майдонида йўлланмани расмийлаштириши мумкин.
Сан-Марино термаси саралаш ўйинларида аллақачон 32 гол ўтказиб юборди. Лекин бу ушбу жамоа учун ҳар сафарги саралаш цикли учун доимий картинадир. Кипрликлар танаффусдан кейин ўйинни кучайтириб, ҳисобни йириклаштирди. Лоизос Лоизу аввалига ўзи гол урди, кейин эса шерикларига ассистентлик қилди. Кипр саралашда иккинчи ғалабасига эришган бўлса-да, гуруҳда учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди.