Ўзбекистон | 19:45 / 23.10.2023
22604
6 дақиқада ўқилади

Фуқаро «емаган сомсаси»га пул тўлади: у топширган авторақамда турли машиналарда қоидабузарликлар содир этилган

Карманалик Нодир Муртозаев ноодатий вазиятга тушиб қолди: у ўзига тегишли Spark автомобилини сотганига бир йил бўлган бўлса-да, ўша машинадаги авторақам бошқа автомобилларга тақилиб, йўл ҳаракати қоидаларни бузган. Айни бир рақам оқ рангли Lacetti, оқ ва қора рангли Nexia-3 автомобилларида «пайдо бўлган». Ушбу кейс айнан республика даражасида текширилиши, айбдорлар аниқланиб, элга кўрсатилиши керак. 

Оқ рангли Spark – 85S919DA рақамининг илк «соҳиби»

«2022 йил 3 октябр куни оқ рангли Spark машинамни сотиб, унга тақилган 85S919DA авторақамни ДЙҲХБга топширганман. Шундан кейин ҳар сафар турли хил машиналар томонидан белгиланган тезликни ошириш қоидабузарлиги содир этилгани учун жарималар менинг номимга кела бошлади. Бу борада мурожаат қилмаган жойим қолмади. Бирорта натижага эриша олганим йўқ. Мажбурий ижро бюроси томонидан мен содир этмаган қоидабузарликлар учун жарималар ойлик иш ҳақимдан ушлаб қолинди. Икки ҳафтадан буён пулимни қайтаролмай эшикма-эшик сарсон бўлиб юрибман», — дейди Kun.uz’га мурожаат қилган Нодир Муртозаев.

Келинг, гапимиз ёлғон бўлмаслиги учун Н.Муртозаев номига расмийлаштирилган баённомаларга эътибор берамиз.

1-эпизод: Қора рангли Nexia-3

2022 йил 21 ноябр куни Самарқанд вилояти Нарпай туманида тезликни белгиланганидан 25 km/h’га оширгани учун 1,5 млн сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан қора тусли Nexia-3 автомобили томонидан содир этилган. 

2-эпизод: Оқ рангли Nexia-3

2022 йил 29 ноябр куни Сирдарё вилояти Сирдарё туманида тезликни белгиланганидан 18 km/h’га оширгани учун 300 минг сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан оқ тусли Nexia-3 автомобили томонидан содир этилган. 

3-эпизод: Оқ рангли Lacetti 

2023 йил 10 феврал куни Самарқанд вилояти Иштихон туманида тезликни белгиланганидан 25 km/h’га оширгани учун солинган 300 минг сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан оқ тусли Lacetti автомобили томонидан содир этилган.

4-эпизод: Оқ рангли Lacetti 

2023 йил 13 феврал куни Тошкент вилояти Чиноз туманида тезликни белгиланганидан 30 km/h’га оширгани учун солинган 1,5 миллион сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан оқ тусли Lacetti автомобили томонидан содир этилган. 

5-эпизод: Оқ рангли Lacetti 

2023 йил 13 феврал куни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида тезликни белгиланганидан 5 km/h’га оширгани учун солинган 300 минг сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан оқ тусли Lacetti автомобили томонидан содир этилган.

6-эпизод: Оқ рангли Lacetti 

2023 йил 13 феврал куни Самарқанд вилояти Иштихон туманида тезликни белгиланганидан 32 km/h’га оширгани учун солинган 1,5 млн сўмлик жаримага лойиқ қоидабузарлик 85S919DA давлат авторақамини таққан оқ тусли Lacetti автомобили томонидан содир этилган.

Демак, Нодир Муртозаевга тегишли бўлган Spark автомобилига тақилган ва кейинчалик ДЙҲХБга топширилган авторақам камида уч хил машинага тақиш учун бериб юборилган: 2022 йилнинг ноябр ойида аввал қора рангли Nexia-3, сўнгра оқ рангли Nexia-3, 2023 йилнинг февралида эса оқ рангли Lacettiʼга. Айниқса февралда авторақам тақилган Lacetti ҳайдовчисига қойил! Жаримани биров тўлашини билгандан сўнг кўзи чиққудек босган аҳоли пунктларида. Бир ўзи 3 млн 600 минг сўмлик жаримани бировнинг бўйнига илган.

Яъни қоидабузарликлар турли машиналар томонидан турли вилоятларда содир этилган. Н.Муртозаев барча тегишли вилоятлардаги ИИБ ЖХД ЙҲҲБларга мурожаат қилган. Улардан келган хатда баённома МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан бекор қилиниши хабар қилинган бўлса-да, бирортаси бекор қилинмаган, жарималарни ундириш МИБга ўтказилган. МИБ ҳолатларнинг ҳар бири юзасидан эса ижро иши қўзғатган ва жарималарни ижро иши йиғими билан бирга ундирган.

Мурожаатчининг бизга маълум қилишича, Навоийдаги «ГАИ» ходимлари унга бундай ҳолатда ички ишлар органлари ходимларига оператив хизмат юзасидан бегона рақам бериб турилишини айтган эмиш.

Бир қатор саволлар туғилади: одам машинасини бировга сотяпти, автомобилнинг янги эгаси бошқа рақам олиб, эски давлат рақамини ички ишлар идораларига топширяпти. Нега рақам машинанинг эски эгасининг номидан чиқарилмаган?

Фоторадарлар қайд этган қоидабузарликда ҳам Spark автомашинаси эмаслиги аниқ, нега жарима расмийлаштирилмоқда?

«Баённома автоматик тарзда расмийлаштирилган, уларнинг ҳар бирини синчковлик билан кўриб чиқишга вақт йўқ» деган важ-баҳона келтирилган тақдирда ҳам, нега фуқаро мурожаат қилгач, ИИБ ЖХД ЙҲХБларнинг жавоб хатларида баённома бекор қилинди, деб жавоб берилганидан сўнг ҳам жаримани ундириш МИБга ўтказилган (жавоб хатлари таҳририятда бор)?

Мурожаатчининг гапи рост бўлса, ички ишлар органлари ходимлари оператив ҳаракатларни амалга оширишда қоидаларни бузиб, фуқароларнинг бўйнига жарима ёздириш ҳам қоидаларда ёзиб қўйилганми?

Ва энг асосий савол: нега Навоий вилояти «ГАИ»сида ечиб олинган рақам бир эмас, вақт оралатиб нақ учта машинага вақтинчалик тақиб туриш учун бериб юборилмоқда? Хўш, бу мавжуд қонунларимизга тўғри келадими? Бу ерда қонунбузарлик йўқми?

Бу саволимизга республика прокуратура органларидан ва Ички ишлар вазирлигида биз «ишлашмоқда» деб гумонда бўлиб турганимиз — ички хавфсизлик хизмати орқали ИИВ матбуот хизматидан расмий жавоб кутиб қоламиз.

Навоий вилояти ИИБ матбуот хизматига хитобимиз эса қуйидагича: сизларнинг расмий жавобларингиз керак эмас. Нима деб жавоб беришингизни сўзма-сўз биламиз. Бу ғар кўнглимиз мана шу кейс бўйича айнан республикадан текшириш ташланишини, айбдорлар аниқланиб, элга кўрсатилиб, жавобгарликка тортилишини истаяпти.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид