Ўзбекистон | 20:51 / 01.08.2024
5542
1 дақиқада ўқилади

2024 йилнинг дастлабки 6 ойида авторақамлар савдоси 3 баробар ошди

Республика товар-хомашё биржасида ярим йилда 426,2 млрд сўмлик «чиройли» авторақам сотилди.

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида 426,2 млрд сўмлик 104,9 мингдан зиёд «чиройли» авторақам сотилди. Авторақам сотуви сони ва ҳажми бўйича уч баробар ўсди, деб хабар берди биржа.

Қайд қилинишича, сотилган авторақамларнинг 97 фоизи жисмоний шахсларга ва қолгани юридик шахсларга тўғри келган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 1,7 млн сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 517,1 млн сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, 2024 йил январ-июн ойлари давомида биржада 13,1 млрд сўмлик 3224 та «чиройли» мобил рақам сотилган. Уларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар ошган.

Қайд қилинишича, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ ва Ягона интегратор Uzinfocom МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Ушбу меморандум биржа орқали интернет домен номлари онлайн аукцион савдоларини ташкиллаштиришни назарда тутади.

Мавзуга оид