Жамият | 16:57 / 11.04.2026
4840
5 дақиқада ўқилади

Катта Оға кузатиб турадиган, фикрлаш жиноят саналган давлат ҳақида эшитганмисиз? / 5 дақиқа

Ўша бинонинг пештоқига учта шиор битиб қўйилганди: Уруш – тинчликдир. Эрк – қулликдир. Билимсизлик – кучдир. Ва бу шиорни ҳаётга татбиқ қилиш учун ноёб вазирликлар ўйлаб топилганди. Масалан, Ҳақиқат вазирлиги ахборотни, таълимни, санъатни назорат қиларди – тарихни бошқатдан ёзарди. Ёки уруш қилишни яхши кўрадиган Тинчлик вазирлиги, севишга рухсат бермайдиган Муҳаббат вазирлиги бор эди.

Юқорида келтирилган фикрлар Жорж Оруэллнинг “1984” романидан олинди. Бу ноёб асар ўзбек китобхонларига илк бор жасоратли журналист, ўз сўзига эга шоир ва моҳир таржимон Карим Баҳриев томонидан тақдим қилинганини эътироф этмоқ жоиз, албатта.

Кеча сен кўрган воқеа бугун расман рад этилди. Экранлар бошқача гапиряпти. Расмий баёнотлар бутунлай тескарисини айтяпти. Атрофдагилар ҳам секин-аста шу ҳақиқатга кўника бошлади. Шунда сенда икки йўл қолади: ё ўз хотирангга ишонасан ёки оммага қўшилиб кетасан. “1984” сизни бошдан-оёқ ана шу танлов ўртасида қолдиради. Бу асар инсонни ўлдирмай туриб ҳам уни бутунлай йўқ қилиш мумкинлиги ҳақида.

Океания давлатида ҳамма нарса назорат остида эди. Сизни ҳамиша Катта Оға кузатиб туради. Катта Оға – бу одам эмас, бу назар. Муттасил инсонни безовта қилувчи назар. Сен ухлаяпсанми – у бор. Сен сукутдамисан – у барибир сенга қараяпти. Бу ерда назорат камера билан эмас, ҳис билан ишлайди: сен кузатилаётганингга ишонасан.

Уинстон Смит шу тизимнинг ичида, Ҳақиқат вазирлигида ишлайди. Бу вазирлик аслида энг катта ёлғонларни ичида яширади. Бу ерда хабарлар ўзгартирилади, архивлар қайта ёзилади, ҳамма нарса таҳрир қилинади. Бу вазирлик жисмонан йўқ қилинган инсонларни ҳужжатлардан ҳам ўчириб юборади. Улар ҳеч қачон бўлмагандай.

Уинстон дўстимиз буни тушунади. Натижада исён сифатида кундалик ёза бошлайди. Бу жиноят эди. Фикр жинояти деган атама ҳам тез-тез қўлланарди. Сен айтмаган, ҳатто айтолмаган фикринг учун ҳам жазоланасан.

Жулия исмли бир қиз Уинстоннинг ҳаётига кириб келади. У ҳам ташқи томондан итоаткор, лекин ичида исёнчи. Унинг норозилиги кўпроқ идеологияга эмас, туйғуларнинг бўғилишига қаратилганди. Бу жамиятда севиш мумкин эмасди, ҳис қиляпсанми, жиноятчисан!

Жулия хоним Уинстон дўстимизга жуда қадим замонларда севги бўлганини, ҳатто ҳозир ҳам мавжудлигини англатади. Демак, ҳали инсоният бутунлай йўқ бўлиб кетмаган, у туйғулари сабаб мавжуд, демоқчи бўлади.

Улар бир-бирига қўл теккизиш орқали тизимни рад этади. Чунки Океанияда ҳиссиёт ҳам давлатнинг мулкига айланганди. Инсонлар ҳиссиёт билан турмуш қуриши жиноят эди. Ҳатто турмуш ўртоғингизни ҳам севолмасдингиз.

Йигит ва қизнинг озодлиги узоққа бормайди. Уинстон дўсти Брайенга туйғуларини билдириб қўяди. Бироқ дўстингнинг ҳам дўсти бор. Жорж Оруэлл тоталитар тизимда сен ишонган одам – сенинг энг хавфли душманинг бўлиши мумкин, дейди.

Асарнинг шу нуқтасидан бошлаб сюжет йўқ. Фақат эксперимент ва қийноқлар, одамни қандай қилиб йўқ қилиш усулига гувоҳ бўласиз. Инсонни қандай қилиб парчалаб ташлаш мумкин? Қандай қилиб уни ўз ҳақиқатидан воз кечтириш мумкин, деган саволларга жавоб излайсиз.

Агар 2*2=4 десанг, демак сен эркинсан. 2*2=5 эканига ишонмагунингча бу муолажалар давом этаверади. Шундагина сен улардан бирига айланасан.

Асарда бир даҳшатли хона бор, у ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Шуниси аниқки, ўша хона жисмоний қийноқлардан ҳам қўрқинчли маскан.

Сиз нима деб ўйлайсиз, йигит қизни сотадими? Ўзини йўқ қилишларига йўл қўйиб берадими? “Мени эмас, уни қийноққа сол, у айбдор”, дейдими? Масалан, Уинстондай қатъиятли инсон бундай қилмаслиги керак ҳарқалай.

Бир сўз билан айтганда, “1984” албатта, ўқилиши шарт бўлган романлардан бири ҳисобланади. Бу ноёб асар сизнинг оламга қарашларингиз, тафаккур ва тасаввур дунёингизни сезиларли даражада ўзгартириши аниқ.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид