Қоронғи ўрмондан бир йигит маймунни етаклаб чиқяпти. Йигит ўзига ишонган, нигоҳи келажакка қаратилган. У ниманидир бошқараётгандек. У ҳаётни ўз қўлида ушлаб тургандай. Йиллар ўтади. Бу сафар маймун ўрмонга мункайган чолни етаклаб борарди. Энди инсоннинг қадамлари ишончсиз, кўзларда саволлар қотиб қолган, жавоблар эса йўқ.
5 дақиқа’нинг навбатдаги сонида сиз билан Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси ҳақида гаплашамиз. Дарвоқе, адабиёт илмида романга тенг ҳикоялар деган ибора тез-тез қўлланади. Айнан шу иборани мазкур ҳикояга татбиқ қилсак ўринли бўларди.
Асар воқеалари маҳаллага янги кўчиб келган йигитнинг тилидан ҳикоя қилинади. У қўшни ҳовлида яшайдиган кекса рассом билан танишади. Бу танишув оддий қўшничилик эмас, балки бир инсон умрига кириб бориш эшиги эди. Йигит рассомнинг уйида йиллар кетма-кетлигида териб қўйилган суратларни кўради. Ана шу суратлар орқали у қариянинг ҳаётини ўқий бошлайди.
Илк суратларда ишонч ва шижоат бор эди. Кейинги суратларда мавҳумлик кучайиб борарди. Охирги суратларда эса умидсизлик ҳукмрон эди. Шунинг учун бу суратлар оддий санъат асари эмас, инсон умрининг харитасини эслатарди.
Биринчи ва охирги суратлар айниқса, жуда чуқур маъно касб этарди. Биринчи суратда йигит маймунни ўрмондан етаклаб чиқади. Айнан маймун ҳикоянинг асосий калити ҳисобланади. Бу ерда маймун оддий ҳайвон эмас. У инсоннинг ишонганлари, танланган йўл ва эътиқоди рамзи эди.
Асар воқеалари ҳам айнан шу рамзий ҳаракатга асосланган. У уч босқичдан иборат. Биринчи босқич - ёшлик босқичи. Бу сурат 1921 йилга тегишли. Унда йигит маймунни етаклаб кетяпти. Бу давр янги ҳаётга ишонилган давр. Бу даврда инсон ўзини тарихни ўзгартиряпман, деб ўйлаган. Бу даврда инсон ўзини бошқарувчи, деб ҳисоблаган. Шунинг учун бу сурат ирода ва эътиқод рамзига айланади.
Иккинчи босқич ўрта ҳаёт босқичидир. Бу давр жуда мавҳум. 1930-50 йиллар суратларида қора ранг кўпайиб боради. Манзараларда одамлар йўқолади. Қишлоқлар бўшаб қолади. Табиат қандайдир жуда совуқлашиб кетади. Бу ўзгариш тасодиф эмас. Бу инсон ишонган ҳақиқатларнинг емрилиш белгисидир. Илгари равшан бўлган йўллар энди тушунарсиз эди. Илгари тўғри деб қабул қилинган қарорлар энди савол остида қолганди. Ана шу босқичда инсон биринчи марта ўзини сўроққа тутади: мен ҳақиқатан тўғри яшадимми?
Учинчи босқич қарилик, яъни фожиани англаш ва тан олиш босқичидир.
Йигит қариянинг энг охирги суратини кутаётганди. Ниҳоят, ўлими олдидан чол суратни чизишга улгуради.














