Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кўринмас одам” - фан ҳаддидан ошганда нима бўлади?
Ҳаётингизда бир марта бўлсин, бу ҳақида ўйлаб кўргансиз: кўринмас бўлиб қолиш ҳақида! Асосийси, кўринмаслик ҳам эмас, кўринмас бўлганингиздан кейин нималар қилишингиз ҳақидаги ўйларингиз. Ўйларингиз ҳақида гапирманг. Чунки ёлғон гапиришингиз мумкин. Чунки инсон баъзан ҳаётда хаёлларидан бошқачароқ одам бўлиб чиқади. Бугун биз “5 дақиқа”да Ҳерберт Уэллснинг “Кўринмас одам” асари ҳақида гаплашамиз.
“Кўринмас одам” 1897 йили ёзилган. Бу асар илмий-фантастика жанридаги классика сифатида дунё адабиётига кирган.
“Кўринмас одам” асари ёш физик Гриффин атрофида содир бўлади. У кичик ва изоляциядаги лабораторияда турли моддалар ва энергиялар билан синовлар олиб боради. Бу вақтда у оддий ҳаёт тарзига эга эди, инсонлар билан алоқада бўлиб турарди.
Йигит тадқиқотлари ортидан кўринмасликка эришади. Кўринмаслик унга одамлар назаридан яширин ҳаракат қилиш, шахсий қудратни синаб кўриш имконини беради.
Гриффиннинг ички психологияси ҳам қадамма-қадам ўзгариб боради. Илк бошланғич даврда у ҳавас ва қизиқиш билан тадқиқот олиб боради, лекин кўринмасликка эришгандан сўнг у ўзини одамлардан узоқлаштириб, руҳий изоляцияга солади. Унинг ҳаракатлари ва қарорлари нафақат фанга бўлган қизиқиш, балки шахсий қудрат ва мутлақ мустақилликка интилиш тарзда намоён бўлади.
Қудрат - чекланмаган истакларга етаклайди
Гриффин илмий изланишларини бошлаётган вақтда сиз-у биздек ишлар қилмоқчи эди. Яъни инсониятга яхшилик қилиш, дунёни яхши томонга ўзгартириш, жудаям фойдали инсон сифатида яшаш. Биз ундан яхшироқмиз, бошқачароқмиз, демоқчи эмасман, албатта. Аслида ким эканимизни билиш учун аввал кўринмас одамга айланиб кўришимиз керак.
Узр, мавзуга қайтамиз. Кўринмасликка эришган Гриффин инсонларга қўрқув солади, ҳайратлантиришни истайди. Шунингдек, қишлоқ аҳолиси унинг номаълум ҳаракатларидан безовта бўла бошлайди.
Гриффин қудрат ҳисси ва ахлоқий меъёрлар, мустақиллик ва жамият билан боғлиқлик сабаб ҳар қадамда зиддиятга дуч келади. У ўз ҳаракатларини ақл ва ахлоқ меъёрлари билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қилади, бироқ ўхшамайди. У кўринмас одамга айлангач, амалда ҳеч кимга яхшилик қила олмайди.
Жамият билан тўқнашув
Гриффин аҳоли ва полиция билан тўқнашади. Шаҳарча кўчаларида қўрқув ва тартибсизлик кучаяди. Йигитнинг қудрати ва шахсий манфаатлари жамият ҳаётига жиддий таъсир қилади. Қаҳрамоннинг кўринмаслиги нафақат унинг ўзини, балки атрофдагиларни ҳам хавф остига қўяди.
Гриффиннинг баланд орзулари, мақсадлари майдалашиб кетиши ортидан ҳаммаси барбод бўлади. Дунёга ҳоким бўлишни истайди. Натижада одамлар уни қабул қилолмайди. У дунёни яхшиликка ўзгартира олмайди.
Ёзувчи “Кўринмас одам” орқали илм-фан ва қудратнинг инсон ҳаётида икки хил намоён бўлишини кўрсатиб беради. Фан ва тадқиқот орқали инсон яхшилик қилиш имконига эга. Лекин ахлоқ ва масъулиятсиз қудрат инсон учун ҳам, атрофдагилар учун ҳам фожиавий оқибатлар олиб келиши мумкин.
Саволлар
Шу ўринда мавзуга доир саволлар кўнгилдан ўтади. Сиз қудрат эгаси бўлсангиз, айтайлик, кўринмас одамга, учар одамга, хуллас, суперменга айлансангиз нима қилардингиз? Мутлақ ҳукмдорликни севиб, бошқаларнинг эрк-у ҳуқуқини топтамасликка куч топа олармидингиз? Қандай қилиб яхши одам бўлиб қолиш мумкинлигини исботлардингиз? Юқоридаги китоб шу ҳақдаги саволларга жавоб топиб қўйишингизга имкон беради.
Исомиддин Пўлатов.
Мавзуга оид
17:30 / 28.03.2026
Одамзодни “мукаммаллаштириш” орзуси қандай якунланди? | 5 дақиқа
16:45 / 14.03.2026
Икки аср аввал огоҳлантирилган хавф: орзуларни умрингиз эвазига сотиб оласиз / 5 дақиқа
11:30 / 07.03.2026
Дунёнинг навбатдаги жароҳати — урушлар барчани мағлуб қилади / 5 дақиқа
16:30 / 28.02.2026