Жамият | 20:51 / 22.08.2021
27566
4 дақиқада ўқилади

Даволаниш учун нега кўпроқ Ҳиндистонга боришади? Деҳлилик тиббий консультант билан суҳбат

Kun.uz сайти беморлар учун хайрия акцияларини ўтказиб келади. Шу мақсадда мурожаат қилган оғир беморларнинг аксарияти мураккаб операциялар ўтказиш учун Ҳиндистонга бориш ниятида эканликларини айтишади. Хўш, нега айнан Ҳиндистон?

Ҳиндистондаги BLK-MAX клиникаси тиббий консультанти Муҳсин Муҳаммад билан шу ҳақда суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, мусулмон йигит Муҳсин ўзбекчада бемалол гаплаша олади.

“Ҳиндистонга кўп беморлар боришининг аниқ сабаблари бор. Асосийлари – бизда тиббиёт анча ривожлангани ва тиббий хизматлар арзонлиги. Мисол учун, бизга боришнинг асосий сабаби – жигар циррози касаллиги туфайли жигар кўчириб ўтказиш операцияси бўлса, мана шу операциянинг ўртача баҳоси 28 минг доллар, бошқа давлатларда эса 70-80 ва ҳатто 100 минг долларгача боради”, – дейди у.

– Табиий савол туғилади – арзон дегани сифатни кафолатлайдими? Самара қанчалик яхши?

– Юқорида айтганимдек, бизда тиббиёт анча ривожланган, шифокорларимиз жуда малакали. Натижалар етакчи давлатлар кўрсаткичларидан асло қолишмайди. Шахсан ўзим юзлаб жигар кўчириб ўтказиш операцияларини ташкиллаштирганман ва уларнинг кўпчилиги соғайиб кетишган.

Муҳсин Муҳаммад

Жигар кўчириш операциялари одатда 22 кунлик пакетни ўз ичига олади. Унда донор ва бемордан керакли таҳлилларни олиш, операция ва ундан кейинги давр назарда тутилади. Жуда кўп кузатганман, операциядан кейин икки кун ўтиб беморлар тик туриб юра бошлайдилар. Улар учун бу гўё янги ҳаётдек.

Ўрни келганда бир воқеани айтиб берсам. Саодат опа исмли бемор Ҳиндистонда даволанаётганди. Уларда тўлов билан боғлиқ муаммо бўлган ва опанинг қизи телевидение орқали йиғлаб онасига ёрдам сўраган. Бу лавҳани президент Шавкат Мирзиёев кўриб қолган ва оилага ёрдам қилиш бўйича топшириқ берган. Шу аёл соғайиб уйига қайтди. Мен Ўзбекистон раҳбарининг бу ишидан жуда таъсирландим, бошқа давлат фуқароси бўлсам-да, бу яхшилик учун президентга раҳмат айтаман.

– Бир оғриқли масала бор – Ҳиндистонга бораётган беморларга кўпчилик ўз хизматини таклиф қилади. “Ўртакаш” деб аталадиган бу одамларнинг айримлари ўзлари аввал Ҳиндистонга бориб даволаниб келган бўлишади ва энди бошқа беморларни олиб боришга ҳаракат қилишади. Уларнинг топган пулига баҳо бермайлик-да, масаланинг бошқа томонига эътибор қилайлик: клиникалар шундай одамлар хизматига муҳтожми?

– Чиндан ҳам бу жуда жиддий масала. Кўпчилик беморлар кимларгадир ишониб пулларини ўғирлатиб қўйишади ҳатто. Беморлар бораётганларида ҳеч кимни танимаганлари учун ҳадиксирашади ва шундай одамларга суянишади. Лекин Ҳиндистондаги ҳар бир йирик клиниканинг ўз сайти ишлаб турибди, унда барча маълумотлар жойланган.

Кўплаб шифохоналарнинг мен каби ўзбек тилини биладиган ходимлари бор. Биз барча ёрдамни берамиз. Муҳтож беморлар кўплигини, бу ҳудудда жигар циррози кўп учрашини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё давлатлари учун энг арзон нарх белгилаганмиз. Мисол учун, Африка давлатларидан келган беморлар жигар кўчириш операцияси учун ўртача 32 минг доллар тўлашади.

– Ўзбекистонга олдин ҳам келганмисиз? Умуман, Ҳиндистонда бизнинг давлатимиз ҳақида қандай тасаввур бор?

– Ўзбекистонга аввал ҳам келганман. Жуда яхши давлат, ҳавоси тоза. Тошкент ҳам анча озода шаҳар. Бизда ҳам Ўзбекистонни яхши билишади. Энг биринчи навбатда Бобур бобо бунга сабабчи. Унинг авлодларидан бўлган Шоҳжаҳон қурган Тож Маҳал Ҳиндистоннинг рамзига айланган. Бунинг учун сизларга раҳмат айтамиз. Қолаверса, Ўзбекистон Имом Бухорий, Имом Термизийлар юрти. Мен у зотларнинг мақбараларини зиёрат қилганман. Сизларни ҳам Ҳиндистонга таклиф қиламан.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид