Бир йил давомида уч миллиондан ортиқ амалдор Ҳиндистоннинг ҳар бир фуқаросини ҳисобга олиш билан шуғулланади.

Ҳиндистон тарихида ўн олтинчи, 1947 йилда мустақилликка эришилганидан бери саккизинчи бор ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олиш жараёни дунёнинг энг аҳолиси кўп мамлакати учун сиёсатни шакллантириш, ижтимоий фаровонлик ва сиёсий вакиллик учун жуда муҳим ҳисобланади.

БМТнинг Аҳоли жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда Ҳиндистон 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолиси билан Хитойни ортда қолдирди.

Туғилиш даражасининг пасайиши ва ўртача ёшнинг 28 ёш эканлиги боис у дунёдаги энг ёш мамлакатлардан бири сифатида қолмоқда — аҳолининг қарийб 70 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда.

Аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 2011 йилда ўтказилган, 2021 йилдаги рўйхатга олиш эса пандемия сабабли кечиктирилган, кейинчалик маъмурий ва сайлов масалалари туфайли яна ортга сурилган — бу ўн йиллик рўйхатга олиш ўз вақтида ўтказилмаган илк ҳолат бўлди.

Ушбу амалиёт доирасида 36 та штат ва федерал ҳудуд, 7000 дан ортиқ кичик туманлар, 9700 дан ортиқ шаҳарлар ва қарийб 640 000 та қишлоқ қамраб олинади. Ёзув-чизув ишлари эса одатдагидек мактаб ўқитувчилари, давлат хизматчилари ва маҳаллий амалдорлардан иборат рўйхатга олувчилар томонидан амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олиш илк бор рақамли шаклда ўтказилади: рўйхатга олувчилар маълумотларни йиғиш ва юклаш учун мобил иловалардан фойдаланади.

Ҳукумат аҳолига мустақил тарзда рўйхатдан ўтиш имконини яратди — фуқаролар ўз маълумотларини 16 тилдаги онлайн портал орқали тақдим этишлари мумкин.

Икки босқичли хонадонбай ўрганиш ўтказилади.

Биринчи босқичда уй-жой ва мулк рўйхатга олинади - оилаларнинг яшаш шароити, қулайликлар ва мулкига оид маълумотлар тўпланади.

Иккинчи босқич — аҳолини рўйхатга олиш 2027 йил февралга режалаштирилган бўлиб, демография, таълим, миграция ва туғилишга оид батафсил маълумотларни тўплашни ўз ичига олади.

Бунда шунингдек, узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган ва сиёсий жиҳатдан нозик масала бўлган касталарни ҳисобга олиш ҳам кўзда тутилган.

Бу жараён дастлаб айрим ҳудудлар — Андаман ва Никобар ороллари, Деҳли, Гоа, Карнатака, Мизорам ва Одишада ўтказилади.

Бу ҳудудларда аҳолини мустақил рўйхатга олиш 1–15 апрел кунлари ўтказилади, 16 апрелдан 15 майгача эса уйлар рўйхати тузилиб, уй-жой фонди ўрганилади.