Ўзбекистон | 18:53 / 06.11.2023
20730
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада маъмурий қамоққа олинган шахс 2,5 кв/м’дан ҳам кичик камерада сақланаётганлиги аниқланди

Фуқаронинг яқинлари Омбудсманга мурожаат қилгач, у бошқа камерага ўтказилган ва унга келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини камерага киритишган.

Фото: ombudsman.uz

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакилига фуқаро мурожаат қилган. Маълум бўлишича, мурожаатчи Фарғона вилоятдаги маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада сақланаётган акаси Х.Б.нинг шароитлари яхши эмаслигини таъкидлаган. Омбудсман минтақавий филиали бу масала ҳал қилинганини таъкидлади.

“Мурожаат назоратга олиниб, ҳуқуқбузар Х.Б.нинг сақланиш шароитлари ўрганилди. Ўрганиш жараёнида у Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддаси талабларига зид равишда белгиланган камида 2,5 кв.м.дан кам бўлган камерада сақланаётганлиги аниқланди”,дейилади Омбудсман ахборотида.

Шу куннинг ўзида Х.Б. бошқа камерага ўтқазилиб, мурожаат муаллифининг талаблари қаноатлантирилган. Шунингдек, унга келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказилиши таъминланган.

Расмий баёнотда фуқаро нима учун маъмурий қамоққа олингани ҳақида маълумот берилмаган.

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахсларга санитария ва гигиена нормаларига жавоб берадиган шароитлар яратилиши керак. Шунингдек, камералар етарлича табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши, унда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 квадрат метрни, аёллар учун эса камида 3 квадрат метрни ташкил этиши лозим.

Мавзуга оид