Жамият | 10:16 / 16.09.2024
8848
3 дақиқада ўқилади

Фарғона педагогика маҳорат марказида хоналардан бирида яширин камера аниқланди. Уни ўрнатган ўқитувчи узр сўради

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ушбу хона аёллар хонаси эканлиги айтилади. Бироқ Фарғона вилояти ИИБнинг аниқлашича, у дарс машғулотлари ўтказиладиган аудитория бўлган. Ҳолат юзасидан маъмурий иш қўзғатилган.

Фото: ИИБ

Фарғона педагогика маҳорат марказидаги хоналардан бирида яширин камера аниқланди. У хонадаги шкаф устида турган, қўл меҳнати билан ясалган кичик уйча ичига ўрнатилган бўлган.

Камерани маҳорат марказига малака оширишга келган ўқитувчилар топиб олган. Улар ҳолатни видео тасвирга олиб, яширин камера ўрнатилганидан норози бўлишган ҳамда хонада айрим аёл-қизлар усти-бошини ҳам алмаштирганини айтишган.

Ҳолат Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида ушбу хона аёллар хонаси эмас, дарс машғулотлари ўтказиладиган аудитория эканлиги, камерани марказ ўқитувчиларидан бири ўрнатиб қўйганлиги аниқланган. 

“Айнан ўша аудиториянинг камераси ишламай қолганлиги сабабли қўйилган эди. У ўқув хонаси бўлган. Бизнинг кафедранинг 6 та аудиторияси бор. Марказимизда ҳеч қандай ечиниб-кийиниш хонаси ҳам, ётоқхона ҳам мавжуд эмас.

Бизнинг битта хатойимиз камерани очиқ ўрнатмаганимиз. Мен бу даражада шов-шув бўлиб кетади деб ўйламагандим. Албатта, бу камчилигимизни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Афсусдаман, узр сўрайман. Мақсадим шу дарс жараёни ҳақида маълумотга эга бўлиш эди”, деган камерани ўрнатиб қўйган ўқитувчи.

Ҳолат юзасидан марказ ҳам расмий муносабат билдирди. Унда келтирилишича, ҳолат тегишли тартибда ҳудудий марказ масъуллари томонидан ўрганиб чиқилган.

“Жорий йилнинг 12 сентябр куни ҳудудий марказга келган тингловчилар 34-аудиторияда тарғибот воситаси сифатида қўйилган ўқитувчилар қўл меҳнати билан яратилган кичик уйчани кўздан кечиришаётганда унинг ичида кичик камера тасвирга олаётганининг гувоҳи бўлишган. Воқеликдан марказ мутасаддиларини огоҳлантиришган.

Шу куни маъмурият томонидан мазкур камера нима мақсадда қўйилгани мавҳум бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳолатга ойдинлик киритишга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилинган”, дейилади марказ расмий муносабатида.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Бир йил олдин Қўқон давлат педагогика институтида талабалар ётоқхонасида яширин камера ўрнатилгани аниқланган эди. Ўшанда вазият судгача бориб, олийгоҳнинг бир нечта масъулларига жарима жазоси қўлланганди.

Мавзуга оид