Ўзбекистон | 16:41 / 24.05.2023
21101
2 дақиқада ўқилади

Қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатилган институт проректори жаримага тортилди

Қўқон давлат педагогика институтининг талабалар ётоқхонасидаги ҳолат юзасидан суд иши ўтказилди. Олийгоҳнинг бир нечта масъулларига жарима жазоси қўлланган.

Фото: KUN.UZ

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Қўқон давлат педагогика институтидаги ҳолат юзасидан ўтказилган суд иши ҳақида расмий ахборот берди. Унга кўра, институт биринчи проректори ҳамда институтнинг таълим технологиялари маркази ходимларига жарима жазоси қўлланган. 

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 5 майдаги қарори билан Қўқон давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Б. МЖтКнинг 46-1-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида, яъни 4,5 млн сўм жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, институтнинг таълим технологиялари маркази ходимлари А.М., Б.О. ва бўлим бошлиғи Р.М. ҳам МЖтКнинг 46-1-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (3 млн сўм) жарима жазосига тортилган. 

2023 йил апрел ойи бошида Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасининг талаба қизлари яшовчи хонасига яширин камера ўрнатилгани аниқланганди. Қизлар бу ҳақда проректор ва ректорга арз қилиб, ўзлари балога қолиб кетай дейишган.

Ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қаттиқ муҳокамаларга сабаб бўлгач, Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ва ҚДПИ ўзининг расмий муносабатини эълон қилди. Жумладан, ҚДПИ ўз баёнотида ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани ва шу муносабат билан камера ўрнатилганини маълум қилган.

Мавзуга оид