Ўзбекистон | 13:44 / 09.04.2024
7218
2 дақиқада ўқилади

Ҳайит кунида жамоат транспорти бутун республикада бепул бўлмайди – Транспорт вазирлиги

Вазирликнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Тошкентдан бошқа барча ҳудудларда йўловчи ташиш хизмати билан тадбиркорлар шуғулланади. Шунинг учун пойтахтдан ташқари қолган вилоятларда Рамазон ҳайити куни йўлкира бепул қилиниши тавсиявий характерга эга.

Фото: Kun.uz

8 апрел куни ҳукумат йиғилишида берилган маълумотга таяниб, 10 апрел Рамазон ҳайити кунида республикадаги барча жамоат транспорти 4:00 дан 10:00 гача бепул қилиниши хабар берилганди.

Аммо Транспорт вазирлиги куннинг бу вақтларида фақат Тошкент шаҳридаги автобус ҳамда метролар йўловчиларга текин хизмат кўрсатишини маълум қилди.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг Kun.uz’га аниқлик киритишича, бутун республикада жамоат транспортининг бепул бўлиши тавсиявий характерга эга.

Чунки Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда йўловчи ташиш хизмати билан хусусий сектор, тадбиркорлар шуғулланади. Уларнинг ҳаммаси бу [ташаббус]га рози бўладими ёки йўқ, буни аниқ билмаймиз. Бугундан [9 апрелдан] ҳудудий бошқармаларимиз ишлашни бошлайди, қайсидир тадбиркор рози бўлса, уни бошқармаларимиз эълон қилиб боради”, – деди у.

Унинг қўшимча қилишича, пойтахтда давлат ташкилотлари, яъни “Тошшаҳартрансхизмат” ва Тошкент метрополитени ишлагани учун фақат пойтахт кесимида йўл ҳақи бепул бўлади.

Эслатиб ўтамиз, байрам муносабати билан 9 апрел куни соат 17:00 дан 10 апрел куни соат 17:00 гача Тошкент шаҳрига юк автомобиллари кириши ва ҳаракати тўлиқ чекланади.

Мавзуга оид