Жаҳон | 17:25 / 19.01.2026
4373
6 дақиқада ўқилади

Европа ва Лотин Америкаси вакиллари дунёдаги энг йирик эркин савдо ҳудуди бўйича келишув имзолади

Трампнинг янги бож таҳдидлари янграган куни Европа Иттифоқи ва Жанубий Американинг 4 давлати Mercosur савдо битимини имзолади. Келишув – Аргентина гўштидан тортиб немис автомобилларигача бўлган маҳсулотларга қўйилган божларни босқичма-босқич бекор қилади.

Асунcионда ўтказилган имзолаш маросими / Фото: AP

17 январ куни Европа Иттифоқи ва Жанубий Американинг Mercosur савдо блоки узоқ йиллардан бери кутилган эркин савдо битимини расман имзолади.

Парагвай пойтахти Асунcионда ўтказилган имзолаш маросими чорак асрдан ортиқ давом этган машаққатли музокараларга нуқта қўйди. Битим АҚШ бож сиёсати ва Хитой экспортининг жадал ўсиши даврида Европа Иттифоқи учун катта геосиёсий ғалаба сифатида баҳоланмоқда.

Mercosur таркибига минтақанинг икки йирик иқтисодиёти — Аргентина ва Бразилия, шунингдек, Парагвай ва Уругвай киради. Блокнинг энг янги аъзоси Боливия ҳозирча битимга киритилмаган, бироқ келгуси йилларда қўшилиши мумкин. Венесуэла эса Mercosurʼдан четлатилган ва келишувда иштирок этмайди.

Европа Иттифоқи ва Жанубий Американинг Mercosur савдо блоки давлатлари харитада

Жанубий Америкадаги чорвачиликка таянувчи давлатлар ва Европадаги саноат доиралари қўллаб-қувватлаган ушбу битим Аргентина мол гўштидан тортиб Германия автомобилларигача бўлган маҳсулотларга қўйилган божларнинг 90 фоизидан ортиғини босқичма-босқич бекор қилади. Расмийларга кўра, натижада дунёдаги энг йирик эркин савдо ҳудудларидан бири яратилади ва 700 миллиондан ортиқ истеъмолчилар учун нархлар арзонлашади.

Reutersʼнинг ёзишича, Европа Иттифоқи ва Mercosur ўртасидаги савдо ҳажми 2024 йилда 111 млрд еврога етди. Иттифоқ экспортининг асосий қисмини машиналар, кимё маҳсулотлари ва транспорт ускуналари ташкил этади. Mercosur экспорти эса асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фойдали қазилмалар, целлюлоза ва қоғоздан иборат.

Битим кучга кириши учун Европа парламенти розилигини олиши, шунингдек, Mercosur аъзолари — Аргентина, Бразилия, Парагвай ва Уругвай парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Фермерлар масаласидаги тортишув ва келишмовчиликлар

Ўтган йили Mercosurʼга раислик қилган Бразилия 2025 йил декабр ойида имзолаш маросимини ўтказишга ҳозирлик кўрганди. Аммо Европа давлатлари арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари оқимидан чўчиган фермерлар учун қўшимча имтиёзлар талаб қилиб, маросимни бекор қилди. Шу сабабли Лула имзолаш маросимида қатнашмади — бу савдо блоклари ўртасида ҳануз кескинликлар мавжудлигидан дарак берди.

Жанубий Америкада бу ҳолат Европанинг ҳаддан ташқари талабчанлигининг навбатдаги намунаси сифатида қабул қилинди.

Брюсселга юзлаб тракторда бостириб келган намойишчилар / Фото: AP

Келишувнинг чўзилиб кетишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири – европаликлар Жанубий Америка қишлоқ хўжалигига қўйган қатъий талаблари бўлди. Булар қаторига: ўрмонларни кесишга қарши қоидалар, пластик қадоқлаш меъёрлари ва бошқа стандартлар киради. Чунки европалик фермерлар, агар Жанубий Америкадаги рақобатчилар пастроқ талаблар остида ишласа, рақобатлаша олмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари Европа пойтахтларида тракторлар билан келган фермерларнинг кенг кўламли намойишлари бўлиб ўтди. Европаликлар ўзлари сайлаган амалдорларга босим ўтказа олди. Натижада келишувга экологик меъёрлар, мол гўшти ва шакар каби маҳсулотларга қатъий квоталар, божларни бекор қилишнинг босқичли жадвали киритилди. Европа фермерларни тинчлантириш учун катта субсидиялар ваъда қилгач, Италия ҳам битим тарафдорига айланди.

Associated Press нашрининг ёзишича, Европадаги қудратли лоббилар битимнинг асосий сўнгги босқичи — Европа Парламенти ратификациясини тўсиб қолишга умид қилмоқда.

Париждаги намойишчи фермерлар / Фото: Reuters

Хусусан, Франция ҳануз Mercosur битимига қарши. Президент Эммануэл Макрон фермерларнинг норозилиги 2027 йилги президент сайловида ўта ўнг кучлар фойдасига ишлаши мумкинлигидан хавотирда.

Евроиттифоқ савдо комиссари Марос Сефковис Европа парламенти аъзоларини кўндириш ишларини бошлашини, битимни жорий йилнинг биринчи ярмида тасдиқлатишга умид қилаётганини айтди.

«Гуруҳлар даражасида ҳам, индивидуал даражада ҳам жуда фаол мулоқот бўлади», деди у. «Бу тарихий ютуқдан имкон қадар тезроқ фойда олишимиз учун барча процедуралар тез бажарилишига ишонаман».

Протекционизмга қарши ғалаба

Келишув сўнгги йилларда сиёсий тортишувлар ва иқтисодий инқирозлар сабаб нуфузи пасайган Mercosurʼнинг қайта жонланаётганини кўрсатади.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен битимни Трамп маъмуриятининг парчаловчи сиёсатига қарши ҳимоя девори сифатида таърифлади.

Урсула фон дер Ляйен / Фото: AP

«Бу аниқ ва онгли танловни акс эттиради: биз божларни эмас, адолатли савдони танлаймиз. Яккаланиш эмас, узоқ муддатли самарали ҳамкорликни танлаймиз. Биз ҳеч қачон бўлмагандек кучларимизни бирлаштирамиз, чунки бу халқларимиз ва давлатларимиз фаровонлиги учун энг тўғри йўл эканига ишонамиз», деди у маросимда.

Ўша куни Трамп Гренландия устидан АҚШ назоратига қаршилик билдиргани учун Европанинг саккиз давлатига 10 фоизлик қўшимча божлар эълон қилганди.

Бразилия президенти Лула да Силва ҳам битимнинг узоқ йиллик тарафдори сифатида уни глобал ҳамкорлик ғалабаси деб атади. «Бирёқлама сиёсат бозорларни яккалаб, протекционизм глобал ўсишни бўғаётган бир пайтда, демократик қадриятлар ва кўп томонлама ҳамкорликка содиқ икки минтақа бошқа йўлни танламоқда», деб ёзди Лула.

Евроиттифоқ иқтисодий хавфсизлик бўйича комиссари Марос Сефкович ва Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виэира бир-бирини қутламоқда / Фото: AP

Энг эътиборлиси — Аргентина президенти Ҳавэр Милейнинг ҳам кескин позицияси ўзгаргани. Трамп мухлиси бўлган Милей ҳокимиятга келганида Mercosurʼни «қамоқхона» деб атаган, ундан чиқиш билан таҳдид қилганди. Аммо шанба кунги маросимда унинг эркин савдога бўлган иштиёқи барча шубҳалардан устун келди ва ҳужжатни имзолади.

Битим шунингдек, Вашингтон ва Пекин ўртасида тобора рақобат майдонига айланаётган, табиий ресурсларга бой Лотин Америкасида Евроиттифоқ таъсирини кенгайтириши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу келишув Доналд Трамп Ғарбий яримшарда геосиёсий устунликни кучайтиришга интилаётган бир вақтда, Жанубий Америка савдо ва дипломатик алоқаларни диверсификация қилишда давом этаётганини кўрсатади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид