Ўзбекистон | 17:29 / 13.04.2021
70449
4 дақиқада ўқилади

Уч ректор ишдан бўшатилди. Президент қолганларни ҳам қатъий огоҳлантирди

Ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Фарғона давлат университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳамда Қўқон давлат педагогика институти ректорлари, шунингдек, Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали директори  лавозимидан озод этилди. Бошқа ректорлар қатъий огоҳлантирилди.

Ёшлар бандлиги масалалари бўйича йиғилишда давлат раҳбари ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш масаласига тўхталди.

«Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга эътиборни янада кучайтириш зарур. Бу борада республика бўйича мавжуд 215та «Баркамол авлод» болалар марказлари имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш керак. Бугунги кунда «Баркамол авлод» болалар марказлари бор-йўғи 175 минг нафар (3 фоиз) ёшларни қамраб олган. 

Шу боис, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўн кун муддатда «Баркамол авлод» марказларида замонавий тўгараклар очиш ва уларнинг ҳар бир мактабда тармоқ филиалларини ташкил этиш орқали қамровни камида 3-5 бараварга ошириш бўйича режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин (республика бўйича камида 500 минг ёшларни қамраб олиш керак).

Шу билан бирга, Азиз Абдуҳакимов, Шерзод Шерматов, Абдуқодир Тошқулов жорий йилда 2 миллион нафар ёшларни таълим муассасаларининг спорт заллари ва майдонларида тўгараклар ва мусобақаларга жалб қилиши керак. 

Шу мақсадда, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш учун конкурс ва мусобақалар кўпайтирилади», деган давлат раҳбари.

Олийгоҳлар ён-атрофидаги маҳалла ёшлари билан ишлашда, ректорларнинг ўрни умуман сезилмаётгани, ректорларнинг бу борада берган таклифлари маъқул эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

«Бирортаси ўз ҳудудида маҳаллагача тушиб, ёшлар тарбияси, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббус билдирмаган. Қайси ректор ётоқхонага бориб ёки бўш ётган маданият марказларида ёшлар билан учрашди, улар билан мулоқотни йўлга қўйди, мотивация бериш, ҳаётда ўз йўлини топиш ва маданий тадбирларни ташкил этди? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб йўқ.

Ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун, Фарғона университети (Мақсудов), Самарқанд қурилиш (Аҳмедов), Қўқон педагогика (Отажонов) институтлари ректорлари ва Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали директори (Олимов) лавозимидан озод этилсин. Бошқа ректорлар қатъий огоҳлантирилсин.

Энди, бу борада мутлақо янги тизим яратилади. Ҳар бир олийгоҳ ён-атрофидаги камида 5-10тадан шаҳар маҳалласи учун «маънавият маркази» ва «маданият ўчоғи» бўлиши керак.

Олий ўқув юртлари атрофидаги маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этади, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, ўзларига бириктирилган маҳалладаги «ёшлар дафтари»даги ёшлар учун олийгоҳларга кириш бўйича бепул тайёрлов курсларини ташкил этади.

Бундан ташқари, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш учун, юқори курсларда ўқийдиган 2 нафар намунали талаба 1 нафар уюшмаган ёшнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдамлашади.

Ушбу тизим орқали 135та олийгоҳ камида ўртача минг нафардан ёшларни қамраб олганда ҳам, камида 100 минг нафар ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмак бўлади. Юқори натижа кўрсатган ректор, техникум ва коллеж раҳбарларига 50 фоизгача устама тўлаб бериш тартиби жорий этилсин», дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Равшанжон Ҳасанович Мақсудов 2018 йил мартидан буён Фарғона давлат университети ректори лавозимида ишлаб келаётганди. 

Равшанжон Мақсудов

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида 2011 йилдан буён Султон Илёсович Аҳмедов ректорлик қилиб келаётганди.

Султон Аҳмедов

Қўқон давлат педагогика институтида 2020 йил февралидан буён Мамиржон Юсупович Атаджанов ректор эди. 2021 йил февралида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Фарғонага хизмат сафари давомида Қўқон давлат педагогика институти раҳбариятига вазиятни ўзгартириш учун бир ой муҳлат берганди.

Мамиржон Атаджанов

Мавзуга оид