Ўзбекистон | 19:00 / 15.12.2021
33157
4 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги олди-берди: Ҳокимликка совға қилинган квартира лавозимидан кетган амалдорга насиб қилди

Тадбиркорнинг ҳокимликка янги қурилган кўп қаватли уйдан 3 хонали квартира “ҳадя этиши” ва у уй тўппа-тўғри туманнинг собиқ ИИБ бошлиғи ихтиёрига ўтказилишига оид олди-бердиларда “сиздан угина, биздан бугина” қабилида иш тутилган бўлса ажаб эмас.

Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган қурувчи компания – “AST LIDER” МЧЖ ўзига тегишли 3 хонали квартирани туман ҳокимлигига совға қилди.

Ал-Хоразмий кўчаси 66/8-уй манзилида жойлашган, янги қурилган кўп қаватли уйдаги квартира майдони – 95 метр квадрат.

Ал-Хоразмий кўчасидаги 66-сонли уйлар / Фото: Kun.uz

Чилонзор ҳокими Шавкат Мавлонов уйни қабул қилиб олиш ҳақидаги қарорни 11 ноябр куни имзолаган. Худди шу қарорда хонадонни туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи деб кўрсатилган Икром Тиллаевга хизмат уйи сифатида бириктириб бериш буюрилган.

Аввалроқ Xpress лойиҳаси бу қарордаги эътиборга молик учта жиҳатни санаб ўтганди. Kun.uz мазкур жиҳатларни яна бир бор эслатиб ўтган ҳолда, тегишли масъулдан изоҳ сўради.

Биринчи масала, ҳоким қарори чиққан пайтда уй берилган Икром Тиллаев қарорда ёзилган мансабидан кетиб бўлган эди. Подполковник Тиллаев Чилонзорнинг бош мелисаси лавозимига 2018 йил августда келган. 2021 йил августда эса бу лавозимга подполковник Фарҳод Жабборов тайинланган.

Икром Тиллаев (ўртада) / Фото: Uznews.uz

Иккинчи масала – туман ҳокими Шавкат Мавлонов ва Икром Тиллаев ўртасидаги боғлиқлик. Шавкат Мавлонов фаолияти давомида ички ишлар тизимида катта лавозимларда ишлаган. У 2017 йилда Чилонзор тумани ИИБ бошлиғи бўлганида, Икром Тиллаев унинг биринчи ўринбосари эди. Орадан 4 йил ўтиб, у собиқ ҳамкасбини тадбиркор орқали хизмат уйи билан сийлади.

Шавкат Мавлонов, Чилонзор тумани ҳокими / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Учинчи ва энг асосий масала эса – нега тадбиркор ўзидан ўзи ҳокимиятга уй совға қилган? Бу ватанпарварликми ё уни мажбурлашганми ёки бу ерда “сиздан угина, биздан бугина” тамойили ишлаяптими?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК Чилонзор туманига бириктирилган гуруҳ раҳбари Ж.Кашибханова Kun.uz сўровига жавобан Тошкент шаҳар ИИББ 2021 йил 15 апрелда ўша пайтда Чилонзор ИИО ФМБ бошлиғи лавозимида ишлаган Икром Тиллаев ички ишлар органларида 19 йилдан буён хизмат қилиб келаётгани инобатга олиб, туман ҳокимлиги тасарруфида бўлган уй-жойлардан хизмат хонадон ажратишни сўраб туман ҳокимлигига хат билан мурожаат қилгани, “AST LIDER” МЧЖ ўзига тегишли бўлган кўп қаватли турар-жойдаги хонадонни ўз ихтиёрига кўра туман ҳокимлиги тасарруфига топширгач, Ал-Хоразмий кўчаси, 66/8-уйда жойлашган ушбу хонадон туман ҳокимлиги тасарруфига қабул қилиб олиниб, сўнгра ҳозирги кунда Яккасарой тумани ИИО ФМБ бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган Икром Тиллаев ва унинг оиласига “хизмат хонадони” сифатида ажратилганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу жараёнда ҳеч қандай манфаатдорлик ёки суиистеъмолчилик қилинмаган, “узоқ йиллар аҳолининг осойишталигини сақлаш учун ички ишлар тизимида хизмат қилиб келган ходим”га меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Тошкент шаҳар ИИББнинг мурожаатига кўра, туман ҳокимлиги томонидан уй ажратилган.

Бироқ туман ҳокимлиги мулозими 2021 йилнинг 11 ноябрда чиқарилган ҳоким қарорида Икром Тиллаев нима учун ҳақиқатга зид равишда Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи дея кўрсатилгани, бу энг камида ҳужжат сохтакорлиги бўлиши мумкинлигига изоҳ бермаган.

Қолаверса, тадбиркорнинг бозордаги баҳоси 70 минг доллар турадиган квартирани эвазига ҳеч нарса сўрамай туман ҳокимлигига совға қилиши барибир турли шубҳа-гумонлар ва саволларни юзага келтираверади.

Аввалроқ фуқаронинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz С500 автомобини совға қилганига муносабат билдирган Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов айрим ҳолларда ҳомийлик ниқоби остида хизмат кўрсатиш ҳолатлари борлигини қайд этганди.

Мавзуга оид