Иқтисодиёт | 16:36 / 29.05.2026
2639
2 дақиқада ўқилади

Россиядан Ўзбекистонга суюлтирилган газ етказиб бериш 3,5 баробарга ошди

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида Россия Марказий Осиё мамлакатларига 537 минг тонна суюлтирилган газ экспорт қилди. Шундан 231 минг тоннаси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 баробарга кўп.

Фото: ИТАР-ТАСС/Георгий Шпикалов

2026 йил январ–апрел ойларида Россиянинг умумий суюлтирилган газ экспорти 27 фоизга ўсиб, 1,43 млн тоннага етди, дея хабар берди «Коммерсантъ» нашри Kept консалтинг компанияси маълумотларига таяниб. 

Қайд этилишича, умумий экспортнинг 537 минг тоннаси Марказий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келиб, бу йўналишда ўсиш 71 фоизни ташкил этган. Хусусан, 2026 йилнинг 4 ойида Ўзбекистонга Россиядан 231 минг тонна пропан ва бутан импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 баробарга кўп.

Шунингдек, Россиядан Хитойга суюлтирилган газ етказиб бериш 498 минг тоннагача кўпайган ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган. Бу Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви туфайли денгиз орқали етказиб беришнинг қисқариши фонида нархларнинг ошиши билан боғланяпти.

Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ-апрел ойларида 508,3 млн долларлик табиий ёки сунъий газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 53,6 фоизга кўп.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид