Жаҳон | 21:27 / 21.09.2023
25773
6 дақиқада ўқилади

Қорабоғ арманлари бўйича музокаралар ўтказилди. Улар нимадан хавотирда?

Пайшанба куни Қорабоғнинг Евлах шаҳрида Озарбойжон ҳукумати ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси маъмурияти вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Халқаро воситачилар Бокудан Қорабоғ арманлари учун хавфсизлик кафолатлари ва тенг ҳуқуқлар беришини кутмоқда, бироқ учрашув натижалари ҳозирча номаълум.

Фото: ANADOLU AGENCY

Музокараларда Озарбойжон делегациясига парламент депутати Рамин Мамедов бошчилик қилди, жорий йил мартида у Қорабоғдаги арман аҳоли билан алоқалар учун масъул этиб тайинланганди.

Арман томонидан музокараларда тан олинмаган республика парламенти депутатлари Давид Мелкумян ва Арег Авагян қатнашди.

Чоршанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен вазиятни барқарорлаштиришда иштирок этиш ниятида экани хабар қилинганди, аммо Евлахдаги бу учрашувда АҚШ вакиллари йўқ эди.

Музокараларнинг асосий мақсади — Қорабоғ арманларининг янги реалликка мослашиши учун шарт-шароитларни ишлаб чиқишдан иборат. Улар ҳудуд Озарбойжон назоратига ўтганидан кейин минтақада этник тозалаш бошланиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Озарбойжон президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили Элчин Амирбеков учрашувда арман томонига тинчлик шартномаси лойиҳаси топширилганини айтди. УҚорабоғнинг арман аҳолисини ижтимоий-иқтисодий интеграция қилиш режаси аллақачон тайёр эканини маълум қилиб, бу интеграция — Озарбойжоннинг ички иши эканини қайд этган.

«Арманистон билан келишув халқаро ҳуқуққа асосланган бешта банддан иборат. Хусусан, ҳар икки давлат бир-бирининг ишига аралашмаслик мажбуриятини олади. Қорабоғ арманлари билан алоҳида келишув шарт эмас. Энди бу Озарбойжоннинг ички иши», деди у.

Маъмурият Қорабоғ арманлари делегацияси биринчи навбатда ёнилғи ва озиқ-овқат билан ёрдам қилишни сўрашганини маълум қилган.

Бу вақтда Ереванда Қорабоғда яшовчи арманларни Арманистонга кўчиришни ташкил қилиш учун тайёргарлик бошланган.

Евроиттифоқдагилар ҳам мазкур ҳудуддаги арманларнинг тақдиридан хавотир билдирган. Айрим сиёсатшунослар тахмин қилишича, Қорабоғда фақат ўзи туғилган уйларни ташлаб кетишни истамайдиган кекса ёшли арманлар қолиши мумкин.

«Пойтахт расмийлари оҳанги»

Олга Просвирова, BBC рус хизмати корреспонденти

Музокаралар кўп давом этмади ва Қорабоғ арманлари делегацияси Степанакертга (Хонканди) қайтиб кетди. Улар айнан нима билан ортга қайтгани — ҳозирча ҳеч кимга аён эмас. Томонларнинг ҳеч бири журналистлар билан гаплашмади, фақат тан олинмаган республика вакиллари айни вақтда Боку билан якуний келишув йўқлиги ва «деталларни келишиш» зарурлигини айтишган.

Бу формулировкага кўра бугунги учрашувни тўлақонли музокаралар деб аташ мумкинлигига ишониш қийин — айниқса, Озарбойжон армияси Степанакерт остонасида турган ва унга шаҳарга киришга ҳеч ким тўсқинлик қилмаётган шароитда.

Манбаларимиз айтишича, Озарбойжон Қорабоғ билан мулоқотни марказ чекка ҳудудга шарт қўйган оҳангда олиб борган. Ва президент Илҳом Алиевнинг вакили ҳам қўшимча музокараларга ҳожат йўқлиги, Қорабоғ арманларининг келгуси тақдири эса — «Озарбойжоннинг ички иши» эканини айтди.

Боку ҳозирда Қорабоғ билан музокараларда ҳеч қандай воситачиларга ҳожат йўқ, деган позицияда. Музокараларни ёритиш учун борган журналистлар россияликлар фақат Қорабоғ арманлари делегациясини кузатиб келиш билан шуғулланганига, музокараларнинг ўзида қатнашмагани ва эшиклар ортида қолганига эътибор қаратган — улар музокаралар столига қўйилмаган.

Экспертлар фикрича, томонлар ўртасидаги мулоқот тахминан шундай кечган: Озарбойжон ўз шартларини қўйган ва уларни бажариш учун муҳлат берган.

Қорабоғ аллақачон қуролларни ташлаб, армияни тарқатишга розилик билдиргани ҳисобга олинса, бу қандай шартлар бўлиши мумкин? Катта эҳтимол билан асосий талаблардан бири — Қорабоғни Алиевнинг одами бошқариши учун ўзини ўзи эълон қилган республиканинг барча институтларини тарқатиб юбориш ҳисобланади.

«Кўп учрашувларнинг дастлабкиси»

«Менимча, Евлахдаги бугунги музокаралар - кейинги кўплаб учрашувларнинг биринчиси. Қорабоғ арманлари ва Озарбойжон ўртасидаги барча муаммолар биргина учрашувда ҳал бўлишини кутиш ўринсиз», — деган Озарбойжон президентининг алоҳида топшириқлар бўйича вакили Элчин Амирбеков Sky News Arabia телеканали эфирида.

Политолог Владимир Пастуховнинг ҳисоблашича, натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, келгусида Қорабоғда арман-озарбойжон зиддияти яна кескинлашиши истисно этилмайди.

«Янглишмаслик керак – бу сўнгги цикл эмас. Ва агар ҳаммаси аввалгидек қолса, агар Озарбойжон таркибига қўшилган арманлар ҳамон қонундан ташқаридаги одамлар бўлиб қолаверса, агар Қорабоғ этник ёт унсурлардан тозалаш зонасига айланса, яъни бу замин адоват олмаси бўлиб қолаверса, бу цикл Арманистон учун қанчалик шармандалик билан якунланган бўлса, кейинги цикл Озарбойжон учун ҳам шундай якунланади», — деб ҳисоблайди Пастухов.

Пайшанба тонгида айрим арманпараст телеграм-каналлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга қарамай, Хонкандида (Степанакарт) отишма овозлари эшитилгани ҳақида хабар тарқатди.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги эса пайшанба куни Хонкандига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Музокаралар бўлиб ўтган Евлах Хонкандидан 100 км масофада жойлашган. Учрашув айнан шу шаҳарда ўтказилиш Бокунинг талаби бўлган.

Сўнгги икки кунда нималар рўй берди?

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий амалиёти ёппасига артиллерия зарбалари бериш билан бошланди

19 сентябр куни Озарбойжон армияси Қорабоғда ҳарбий амалиёт бошлаганди.

Боку уни аксилтеррорчилик амалиёти деб атади, Ереван - Қорабоғ арманлари геноциди.

Озарбойжон ТИВ баёнотида айтилишича, амалиётдан мақсад - озарбойжонлик ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш ва Озарбойжон Республикасининг региондаги конституцион тартибини тиклаш бўлган.

Қорабоғ ҳукуматига тўлиқ қуролсизланиш ва арман ҳарбий техникаларини региондан олиб кетиш шартлари қўйилди.

Озарбойжон барча шартларни бажариш учун ҳарбий ҳаракатларни охиригача давом эттиришга тайёр эди, аммо 20 сентябр куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг арман маъмурияти ўт очишни тўхтатиш ва тўлиқ қуролсизланишга қарор қилганини эълон қилди.

Шу куни халқаро ҳамкорлар талаби билан томонлар ўртасида музокараларнинг биринчи раунди пайшанба кунига белгилангани маълум бўлди.

Мавзуга оид