Kun.uzʼнинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.
Озарбойжон нега тергов натижаларини кутмасдан Эронга нисбатан кескин баёнотлар беряпти?
Анвар Йўлдошев: Менимча, бу ҳолатда Озарбойжон текширув жараёни ҳаддан ташқари чўзилиб кетишидан бироз хавотирда. Иккинчидан, ашёвий далиллар масаласи бор. Вақт ўтиши билан бундай далиллар йўқолиб кетиши ёки ўз қийматини йўқотиши мумкин. Менимча, айнан шу икки сабаб Озарбойжоннинг тезроқ аниқлик киритишга интилишига туртки бўляпти. Бироқ Озарбойжон билан Эрон ўртасидаги зиддиятлар янги эмас, улар анча вақтдан бери мавжуд.
Бу зиддиятларнинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, Озарбойжонда Исроилнинг мавқейи жуда кучли. Масалан, Озарбойжон ўз нефтининг тахминан 15 фоизини Исроилга экспорт қилади. Шунингдек, мамлакат импорт қилаётган қурол-яроғнинг қарийб 40-50 фоизи ҳам Исроилга тегишли.
Бундан ташқари, Моссад разведка хизматининг Озарбойжондаги фаоллиги ҳақида ҳам кўп гапирилади. Айрим маълумотларга кўра, улар хавфсизлик тизимлари билан ҳамкорлик қилиб, маслаҳат ва экспертиза кўмагини кўрсатади. Иккинчидан, Қорабоғ уруши вақтида Эрон кўпроқ Арманистонни қўллаган, Озарбойжон эса бундан норози бўлиб келган. Бу ҳам икки давлат ўртасидаги ишончсизликни кучайтирган омиллардан биридир.
Яна бир муҳим сабаб – Эрондаги Озарбойжон диаспораси масаласи. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Эронда 20-25 миллион атрофида озарбойжон миллатига мансуб аҳоли яшайди. Теҳрон учун бу масала ҳам доимий эҳтиёткорлик билан ёндашиладиган ички сиёсий омил ҳисобланади.
Бундан ташқари, транспорт йўлаклари ҳам муҳим геосиёсий омилга айланган. Озарбойжон Зангезур коридори орқали янги транспорт коридори яратишга интилмоқда. Бу лойиҳа Армениа ҳудуди орқали ўтади. Агар ушбу коридор амалга ошса, Эрон минтақавий транзит жараёнларидаги айрим иқтисодий улушидан маҳрум бўлиши мумкин.
Шуҳрат Расул: Президент Масъуд Пизишкиён воқеа юзасидан очиқ равишда узр сўраган бўлса, унда яна қандай қўшимча текширув ёки экспертиза ҳақида гап кетиши мумкин? Президентнинг ўзи ҳодиса учун масъулиятни тан олиб, расмий равишда кечирим сўради. Шундай экан, Озарбойжон учун бу тан олишнинг ўзи етарли эмасми, деган савол туғилади.
Ахир у нафақат Озарбойжондан, балки бошқа давлатлардан, жумладан, Туркиядан ҳам узр сўраётгани айтилмоқда. Шу нуқтада айрим экспертларнинг фикрлари менга бироз тушунарсиз туюлади. Баъзи баёнотларда Озарбойжонда Исроил разведкаси, хусусан, Моссад гўёки бемалол фаолият юритаётгани, ҳатто давлат тизимларида маслаҳатчилик ҳақида гапирилади. Бундай баҳоларни беришда эҳтиёткорлик зарур. Чунки Озарбойжон мустақил давлат бўлиб, ўзининг мустақил ташқи сиёсатини юритади.











