Жаҳон | 15:36 / 08.10.2024
4139
2 дақиқада ўқилади

Физика бўйича Нобел мукофоти сунъий интеллект устида олиб борилган ишлар учун берилди

Жон Ҳопфилд ва Жеффри Ҳинтон 2024 йилги мукофот соҳибларига айланди.

Нобел қўмитаси физика бўйич 2024 йилги мукофот совриндорларини эълон қилди. Америкалик Жон Ҳопфилд ҳамда британия-канадалик Жеффри Ҳинтон ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Мукофот “сунъий нейрон тармоқлари ёрдамида Machine Learning’нинг асосини ташкил этувчи фундаментал кашфиётлар ва ихтиролар учун” берилди.

Иккала лауреат ҳам статистик физика билан шуғулланган. Уларнинг ишлари замонавий нейрон тармоқлари яратилишига олиб келди. Бугунги кунда ушбу тармоқлар сунъий интеллектнинг кўплаб соҳаларида кенг қўлланилмоқда.

Физика бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти электронлар бўйича тадқиқотлари учун АҚШ, Германия ва Швециядан уч нафар олимга берилганди. Пер Агостини, Ференс Краус ва Анн Л-Юиле мукофот соҳибларига айланган.

Умуман олганда, физика бўйича Нобел 1901 йилдан бери ҳар йили берилади, 1916, 1931, 1934 ва 1940-1942 йиллар бундан мустасно. 2024 йилгача мукофотга жами 224 киши сазовор бўлди. Аксраият лауретлар АҚШдан.

7 октябр куни Нобел ҳафталигига старт берилди. Биринчи бўлиб, физиология ва тиббиёт бўйича мукофот эгаларининг номи эълон қилинди. Америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равкан микроРНКни кашф қилгани учун бу йилги мукофот билан тақдирланди.

9 октябрда кимё, 10 октябрда эса адабиёт бўйича Нобел мукофоти ғолибларининг номлари маълум бўлади. 11 октябр куни Ослода тинчлик мукофоти совриндори эълон қилинади, 14 октябрда эса иқтисодиёт бўйича мукофот ғолиби аниқланади.

Нобел мукофотининг ҳар бир категорияси учун 11 миллион швед кронаси тадқим этилади. Бу бир миллион доллардан бироз кўпроқ.

Мавзуга оид