Иқтисодиёт | 15:25 / 12.01.2021
15176
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк энди хорижий валюталар курсини ҳар куни эълон қилади

Валюта биржалари ҳар куни соат 10.00дан 15.00гача доимий равишда онлайн платформада ишлаши кутилмоқда. Марказий банк хорижий валюта курсларининг сўмга нисбатан қийматини, биржадаги ўртача нархдан келиб чиққан ҳолда, ҳар куни янгилаб боради.

Фото: Getty Images

Жорий йил 6 январ куни ўтказилган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев хорижий валюта курсларининг алмашинув қиймати бўйича маълумотлар бош регулятор томонидан ҳар куни эълон қилинишини айтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб валюта биржалари ҳар куни соат 10.00дан 15.00гача доимий ишлайди. Биржа иш куни якунлангандан, кейин Марказий банк биржадаги ўртача нархлардан келиб чиққан ҳолда, ҳар куни валюта курсларини янгилаб боради», – деган у.

Ҳамроевнинг таъкидлашича, Марказий банк томонидан шу йил амалга оширилиши мақсад қилинган асосий режалардан бири – миллий валютанинг чет эл валютасига қарамлигини камайтириш ва инфляция даражасининг 10 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлашдир. Шунингдек, тадбиркорлар тижорат банкларидан онлайн тарзда буюртма бериб тўғридан тўғри валюта харид қилиш имкониятига эга бўлишади.

«Марказий банк валюта бозорини эркинлаштириш борасида 2017 йилда дастлабки қадамларни қўйган эди. Президентнинг мурожаатномасида уни янги босқичга кўтариш олдимизга вазифа қилиб қўйилди. Яъни тадбиркорлар учун валюта хариди янада осонлашиши керак», – деганди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

Президент мурожаатномасида жорий йилда нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланганди.

Маълумот учун, 2020 йил учун инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик.

Мавзуга оид