Атом энергетикаси Ўзбекистон иқтисодиётини узлуксиз арзон электр энергия билан таъминлаш имконини беради
Ўзбекистоннинг электроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш доирасида ҳукумат мамлакатда атом энергетикасини ривожлантиришга доир тарихий қарор қабул қилди. Бугунга келиб атом энергетикаси электр энергиясини жуда катта кўламда, ҳеч қандай табиий-иқлимий чекловларсиз ишлаб чиқаришга қодир ягона муқобил технология ҳисобланади. Энг асосийси, у мамлакат иқтисодиётини узлуксиз арзон энергия билан таъминлай олади.
Ўзбекистон ҳукумати инновацияларни татбиқ қилиб, анъанавий энергия манбаларини модернизациялаштириб, қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) лойиҳаларини амалга ошириб, шунингдек атом энергиясига доир режаларни ҳаётга татбиқ қилиб, энергетик мувозанатга эришишни ўз олдига мақсад қилган. 25 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Электр энергия соҳасидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболлари - орттирилган тажриба, хулосалар ва рад этилган афсоналар" номли халқаро конференцияси доирасида шу ҳақида сўз борди.
"Ўзбекистон Республикасининг энергетика ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор, Марказий Осиё ва хорижий мамлакатлар энерготизими билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик самараси ўлароқ, мамлакатда энерготизимни ислоҳ қилиш, энергосамарадорликни ошириш, электр энергияси таннархини пасайтириш ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичига чиқишига доир инновацион ривожланиш тамойиллари ва ўзаро манфаатли иқтисодий фойдаларга асосланган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда", - деди "Ўзбекэнерго" АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев.
У асосий эътибор энергетика тизимига электр энергия ишлаб чиқариш учун ёқилғи харажатини камайтириш имконини берувчи инновацион технологияларни татбиқ қилишга қаратилаётганини таъкидлади.
"Электр энергиясини ишлаб чиқариш диверсификацияси экотизимни яхшилайди. Натижада энг кам харажатлар билан барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти сифати яхшиланади", - деди Мустафоев.
Шу ўринда у халқаро молиявий институтлар, шу жумладан Осиё тараққиёт банки, Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Россия билан ҳамкорликнинг муҳим ролини қайд этиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати хорижий лойиҳалар сони (11 мамлакатда 35 энергоблок) бўйича глобал техник етакчи ҳисобланган РФнинг "Росатом" давлат корпорацияси билан ҳамкорликда тинчлик атоми соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш режалари ҳақида маълум қилганди.
"Росатом" билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси энергетик тизимида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ҳар бири 1200 МВт қувватга эга бўлган икки атом энергоблоки қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш электр энергиясини ишлаб чиқариш диверсификациясини бажариш, захираси чекланган ва камайиб бораётган, шу билан бирга нархи ошиб бораётган углеводород ёнилғига тобеъликни камайтириш имконини беради. Охир-оқибат лойиҳа истиқболда иқтисодиёт соҳаларини ишончли, узлуксиз, арзон электр энергияси билан таъминлайди", - деди Улуғбек Мустафоев.
Бундан ташқари, олимларнинг маълум қилишларича, атом энергетикаси ривожини глобал исишга қарши кураш воситаларидан бири деб ҳисоблаш мумкин, зеро атом станциялари СО2 эмиссиясини четлаб ўтиш имконини беради.
"Ўзбекэнерго" АЖ бошқарув раисининг фикрича, "замонавий энергоблокларни ишга тушириш экологияни яхшилаш ва муқобил ҳажмдаги электр энергия ишлаб чиқариш учун газ харажатларини икки бараварга қисқартириш имконини беради".
Экспертларнинг бундан аввал маълум қилишларича, АЭС қурилиши иқтисодий ўсиш, янги ишчи ўринларининг пайдо бўлишини таъминлайди: станция қурилишида бир ишчи ўрин яқин соҳалардаги 10 дан ортиқ ишчи ўрнини яратади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳукумати станция қурилиш жойи борасида якуний қарорга келганича йўқ. Ҳукумат, "Росатом" корпорацияси ва Халқаро атом энергия агентлиги (ХАЭА) атом электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишга доир битим устида ишламоқда, деди "Ўзбекэнерго" компаниясининг стратегик ривожланиши бўйича бошқарув раҳбари Эсо Саъдуллаев анжуман доирасида.
"Ўзбекэнерго" вакилининг сўзларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 10 майдон кўриб чиқилган.
"Айни дамда АЭС қурилиши бўйича майдон танлашга доир изланишлар олиб борилмоқда. Биз қурилишни энерготизимнинг марказий қисми (Тошкент қисми), шарқий қисми (Фарғона водийси), Самарқанд-Бухоро қисми, Сурхондарё қисми (жанубий ҳудудлар) вариантларини кўриб чиқдик. Умуман олганда, барча минтақаларда АЭС қуриш учун техник имкониятлар мавжуд, лекин майдонни ҳар томонлама ўрганиш керак, муҳандислик иншоотлари ҳам шулар жумласидандир - табиий газ, электр тармоқлари, темир йўллар ва бошқаларни етказиб бериш зарур. Минимум харажатлар ва максимум ишончлиликдан келиб чиқиб, қарор қабул қилинади", - деди Саъдуллаев.
У лойиҳа бўйича якуний қарор йўқлиги сабаб унинг қиймати ҳақида маълумот йўқлигини қайд этди. Шундай бўлса-да, жаҳон тажрибасига мувофиқ, "III+" авлоднинг икки "ВВЭР-1200" энергоблокли АЭСни қуришга кетадиган харажатлар 10 миллиардни ташкил қилиши мумкин. Бу барча замонавий хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи, Фукусимадан кейин юзага келган талабларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган реакторлардир. Ҳозирда "III+" авлод энергоблоклари Финляндия, Венгрия, Туркия ва Мисрда қурилмоқда.
Ўзбекистондаги атом станцияси қурилишини молиялаштириш манбалари Россия томон билан ишлаб чиқилмоқда.
"Биз истиқболда углеводород ёнилғига кучли тобеъликдан узоқлашиш, аҳолини арзон электр энергияси билан таъминлаш учун керакли чораларни кўрмоқдамиз, зеро 2030 йилга бориб электр энергия истеъмолини икки бараварга ошириш тахмин қилинмоқда", - деди "Ўзбекэнерго" вакили.
Халқаро экспертлар баҳоларига кўра, яқин 50 йилда инсониятнинг энергия истеъмоли бундан аввалги тарихда сарфланган бутун электр энергиясига нисбатан кўпроқ бўлади. Бунда янги энергия манбалари 2030 йилдан эрта бўлмаган муддатда саноат кўламида ва рақобатбардош нархларда ишга тушади. Қазиб олинувчи энергия ресурслари тақчиллиги муаммоси йил сайин кескинлашмоқда. Кўп экспертлар бу масалалар ечимини глобал иқтисодиёт соҳаларида жадал ривожланаётган ядровий энергетика ривожида кўришмоқда. Бугунга келиб тобора кўпроқ мамлакатлар энергиянинг бошқа турлари билан бир қаторда тинчлик атомини ўзлаштира бошлаш заруратини тушуниб етмоқда.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
11:40 / 19.10.2024