Жаҳон | 19:02 / 09.01.2021
15669
2 дақиқада ўқилади

WhatsApp'нинг янги сиёсати сабаб Telegram фойдаланувчилари сони кескин кўпая бошлади

WhatsApp фойдаланувчиларининг маълумотларини ўзи тегишли бўлган Facebook компаниясига бера бошлагани ҳақида маълум қилгач, мессенжернинг тўғридан тўғри рақобатчиси Telegram'нинг фойдаланувчилари сони одатдагидан тезроқ кўпая бошлади.

Telegram асосчиси бўлган Павел Дуров бу борада ўз фикрларини билдирди: «Миллионлаб одамлар WhatsApp'нинг фойдаланувчилар билан тузилган шартномасига киритилган ўзгаришдан ҳайратга тушди. Унга кўра, энди WhatsApp фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари Facebook'га етказиб турилади. Бу эса бир неча йилдан буён давом этаётган одамларнинг WhatsApp'дан Telegram'га «кўчиб ўтиш» тезлигини янада оширди», деган Дуров.

Telegram'нинг россиялик асосчиси унинг мессенжери Facebook учун жиддий муаммо бўлгани ҳақида ҳам гапирди: «Эшитишимча, Facebook'да Telegram нега бу қадар машҳурлигини аниқлаш учун бутун бошли гуруҳ тузилган», дейди Дуров. Telegram асосчиси мессенжерни ёмонлаб хабар тарқатувчи ботлар аниқланганини ҳам маълум қилди.

WhatsApp фойдаланувчиларнинг маълумотларини Facebook'га бериши ҳақидаги хабар бутун дунё бўйлаб мессенжердан фойдаланувчилар танқидига сабаб бўлганди. Компания бу ишни Facebook'га тегишли экани билан изоҳлаган: «Facebook'нинг бир қисми сифатида WhatsApp компаниянинг бошқа тармоқларидан маълумотлар олади ва эндиликда уларни улашади ҳам», дейилганди WhatsApp баёнотида. Унда маълумот алмашиш сиёсати Facebook'га қарашли компанияларда хавфсизликни таъминлашда ёрдам бериши айтилади.

Дунё бўйлаб катта машҳурликка эришган WhatsApp 2014 йил Facebook томонидан 19 миллиард долларга сотиб олинганди. Ўтган йил октябрда АҚШ Адлия вазирлиги Facebook'ни WhatsApp ва Instagram'га эгалик қилиши сабаб монополликда айблади. Бироқ Facebook бу савдоларни вазирликнинг ўзи тасдиқлаганини айтиб, вазиятдан чиқиб кетди.

Telegram'нинг дунё бўйлаб фойдаланувчилари сони 500 миллиондан кўплиги айтилади.

Мавзуга оид