Ўзбекистон | 13:30 / 20.08.2024
16750
3 дақиқада ўқилади

Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади

Бутун республика ҳудудида фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартиби жорий этилади. Шу тариқа, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун белгиланган алоҳида тартиб бекор қилинади. Фуқаролар турар жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда “паспорт стол”ни хабардор қилиб қўйиши етарли бўлади. Қонунчилик палатаси бу ўзгаришлар ҳақидаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси республикада доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этишга қаратилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда амалда бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда. Кўриб чиқилган қонун лойиҳаси билан ушбу қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.

Бундан ташқари, аҳолининг айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш назарда тутилган.

Жумладан, 18 ёшгача бўлган, 60 ёшдан ошган ёки тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўтаб чиққан, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги оқибатида жабрланган шахслар эндиликда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан тўлиқ озод этилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид