Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Бухоро вилоятида комплекс инспекторлик текшируви натижалари юзасидан ҳисобот йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги ўрганиш якунларига кўра, ҳар бир шаҳар ва туман кесимида жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, уларга хизмат кўрсатиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинган.

Комплекс инспекторлик текшируви натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланган.

Жумладан, ички ишлар вазирининг буйруғи билан қуйидагилар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган:

  • Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи;
  • Бухоро вилояти ИИБ Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб маълумотлар маркази бошлиғи;
  • Бухоро шаҳар ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи;
  • Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув хизмати бошлиғи;
  • Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бўлими бошлиғи;
  • Когон тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув хизмати бошлиғи.

Шунингдек, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, Тергов бошқармаси бошлиғининг икки нафар ўринбосари, вилоят ИИБ котибият бошлиғи, Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, Когон тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқларига интизомий жазолар қўлланган.