Жаҳон | 15:57 / 19.12.2024
27629
3 дақиқада ўқилади

Путин Курск области қачон озод этилиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди

«Мен санани айтаман — улар боради ва йўқотишлар билан ҳисоблашмайди. Лекин бундай йўл тута олмаймиз», деган у. 

Фото: Александр Земляниченко / AP / Scanpix / LETA

Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакат аҳолиси билан анъанавий жонли мулоқоти бошланди.

У анжуман ўтаётган жойга 155-денгиз пиёдалари бригадаси жангчилари унга юборган жанговар байроқ нусхасини кўтариб келди ва залдаги икки журналистдан уни ёйишни сўради. 

Кейин фронтдаги вазият тўғрисидаги саволларга жавоб бера бошлади («вазият кескин ўзгармоқда, бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳаракат кетмоқда, жангчилар ҳар куни километр квадрат ҳудудни қайтармоқда»). Бу вақт давомида эса унинг ортидаги икки киши байроқ нусхасини ушлаб туришда давом этди.

Владимир Путин Курск областида яшовчи фуқаронинг Россия қўшини унинг регионини Украина қуролли кучларидан қачон озод этиши ҳақидаги саволга жавоб бературиб, аниқ санани айта олмаслиги, чунки бу ҳолатда ҳарбийлар муддатида улгуриш учун йўқотишлар билан ҳисоблашмай қўйишини таъкидлаган.

«Мен ҳозир улар сиқиб чиқариладиган муайян санани айта олмайман ва айтишни истамайман. Йигитлар жанг қилмоқда. Ҳозирнинг ўзида жанг кетмоқда», — деган Путин Курск области Болшесолдатское районида яшовчи Татяна Зиброва телефон орқали берган саволга жавобан.

Путин ҳарбийлар Украина қуролли кучларини сиқиб чиқариши «мутлақо аниқ» эканини айтиб, нима учун аниқ санани айтишни хоҳламаслигини изоҳлади. «Мана бу санага деб бўлмайди, чунки йигитлар мени эшитади. Масалан, мен бир-икки кун дейман ва улар қандай қилиб бўлмасин, йўқотишлар билан ҳисоблашмасдан шу санага улгуриш учун боришади. Биз бундай қила олмаймиз», — деган Россия президенти.

Путин «бир-икки кун» катта аҳамиятга эга эмаслигини қўшимча қилиб, россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучларини «узил-кесил сиқиб чиқарганидан» кейин зарарни ҳисоблаш мумкинлигини айтган.

«А — аниқ додини беришади, Б — шундан кейин зарарни баҳолаш мумкин, энг асосийси эса, В — барчаси қайта тикланади», — деган у. Бунинг учун 108 млрд рубл ажратилгани ва маҳаллий маъмурият байрам кунлари ҳам иш олиб бориши таъкидланган. 

  • Владимир Путин катта матбуот анжумани билан бирлаштирилган анъанавий «жонли мулоқот» ўтказмоқда. Россия президенти бундай форматдан қаторасига иккинчи йил фойдаланмоқда.
  • Ташкилотчиларга кўра, россияликлар Путинга 2 миллионга яқин савол юборган.
  • Ўтган йили Путин саволларга тўрт соатдан ортиқ вақт мобайнида жавоб қайтарганди — бу унинг Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан буён дастлабки жонли мулоқоти бўлганди.

Мавзуга оид