Ўзбекистон | 14:06 / 09.03.2023
5750
2 дақиқада ўқилади

UNICEF: “ўзбекистонлик ўсмир қизларнинг 37 фоизи маиший масалалар учун калтакланишни нормал деб билади”

Фото: Depositphotos

Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 18-19 ёшли ўсмир қизларнинг 37 фоизи эркак киши аёлини гап қайтаргани, овқат тагига олиб кетгани, кўчага сўроқсиз чиққани учун калтаклашини нормал ҳолат деб билади. Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси юритувидаги Telegram-каналида маълум қилинди.

“Стереотиплар қизларни оилавий зўравонлик ва шафқатсиз муносабат қурбонига айлантиради.

Ўзбекистонда яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 18-19 ёшли ўсмир қизларнинг 37 фоизи эркак киши аёлини гап қайтаргани, овқат тагига олиб кетгани, кўчага сўроқсиз чиққани учун калтаклашини нормал ҳолат деб билади.

UNICEFʼнинг асосий мақсадларидан бири бундай зарарли амалиётларга барҳам бериш ҳамда қизларнинг имкониятларини кенгайтиришдир”, – дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2023 йилнинг 11 январ куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. 24 январь куни Олий Мажлис Сенатида сенаторлар, болалар омбудсмани вакили, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, UNICEF халқаро ташкилоти ва НТТ вакиллари, фаоллар иштирокида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этган Nemolchi.uz лойиҳаси вакилларининг Kun.uz’га маълум қилишича, Адлия вазирлиги қонун лойиҳасини қисқартирилган, экспертлар томонидан халқаро нормалар асосида ишлаб чиқилган муҳим моддаларини олиб ташлаган ёки таҳрир қилган ҳолда муҳокамага қўйган. Хусусан, жамиятда авж олаётган, кўплаб аёлларнинг ўлимига, болаларнинг зўравонликка учрашига сабаб бўлаётган оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик масаласи ушбу лойиҳада ҳам очиқ қолдирилган.

Бу эса лойиҳани ишлаб чиқишда қатнашган фаолларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид