Жамият | 13:07 / 09.07.2024
43433
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда маст ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлаб қочди. Инспектор вафот этган

Кўкдала туманида маст ҳолатда Lacetti машинасини катта тезликда бошқариб бораётган ҳайдовчини ЙҲХ инспектори тўхтатган. Ҳайдовчи жавобгарликдан қутулиш мақсадида уни пичоқлаб, воқеа жойидан яширинган. Ички ишлар органи ходими шифохонада вафот этган, ҳайдовчи эса бир неча соатдан сўнг қўлга олинган.

Фото: Kun.uz

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида маст ҳолатдаги ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлади. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ҳолат жорий йилнинг 8 июл куни Кўкдала тумани ИИБ йўл патрул бўлинмаси инспектори маст ҳолда бўлган ҳайдовчига нисбатан хужжатларни расмийлаштираётган вақтида содир бўлган. Ҳайдовчи йўл патрул инспекторини пичоқлаб, воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор шифохонада вафот этган. Ҳайдовчи бир неча соатдан сўнг ушланган.

Kun.uz ҳолат юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Унинг маълум қилишича, 8 июл куни соат тахминан 19:00лар атрофида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ИИБ тезкор ходими туманнинг Тоқчи қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлида давлат рақами 70 G 364 PA Lacetti машинаси юқори тезликда, ҳаракат иштирокчиларига хавф солган ҳолда ҳаракатланиб кетаётганлигини аниқлаган. У тезкорлик билан чора кўриш мақсадида туман ЙҲХБга хабар берган.

Шу йўналишда хизмат олиб бораётган туман ИИБ ЙҲХБ инспектори катта сержант Элбек Примов томонидан ушбу машина тўхтатилиб, текширилган. Жараёнда ҳайдовчи, 1966 йилда туғилган фуқаро С.Б. маст эканлиги аён бўлган. У машинадан тушиб қочишга уринган ҳамда уни таъқиб қилган инспектор билан олиша кетган. Шу вақтда ҳайдовчи ёнида бўлган ошхона пичоғини инспекторга бир неча бор уриб, жароҳат етказган ҳамда воқеа жойидан яширинган.

Катта сержант Элбек Примов шифохонага етказилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан етказилган оғир жароҳатлар ортидан кўп қон йўқотиш оқибатида вафот этган.

Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этган фуқаро Кўкдала тумани ҳудудида ҳибсга олинган. Хозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, бурчини бажариш вақтида халок бўлган ходимнинг оиласи ва яқинларига кўмак бериш ҳамда вафот этган ходимнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга оид