11 сентябр куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида Damas ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган ўқувчини уриб кетишига бир бахя қолди.

Ҳолат акс этган видеода Damas ўзи билан бир йўналишда келаётган бошқа транспорт воситаларидан фарқли равишда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган ўқувчини ўтказиб юбориш учун тўхтамаганини кўриш мумкин. Йўлдан ўтаётган бола эса Damas’ни кўриб югура бошлаган. Ўқувчи йўлга йиқилиб тушганидан кейин ғилдирак остида қолмаслик учун жон-жаҳди билан олдинга сакраган.

Damas эса катта тезликда унинг ёнгинасидан ўтиб кетган.

ЙҲХХ ахборот хизмати хабар қилишича, Damas’нинг 68 ёшли ҳайдовчиси топилган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳри суди томонидан қоидабузар ҳайдовчига нисбатан Жиноят суди томонидан БҲМ нинг 25 баравари миқдорида (10,3 млн сўм) жарима ва 1 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланди.