Ўзбекистон | 21:56 / 04.09.2020
9177
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодиётининг 30 фоиздан ортиғи норасмий иқтисодиётни ташкил этади

Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида норасмий иқтисодиёт кўлами ЯИМга нисбатан 32 фоизни ташкил қилади. Давлат статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Дилшод Холмуродов АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди. У Kun.uz мухбири саволига жавоб берар экан, Ўзбекистонда “кузатилмайдиган иқтисодиёт”нинг биринчи тури бўйича статистика юритилишини билдирди. 

Дилшод Холмуродов

Дилшод Холмуродов журналистнинг Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт кўлами қандай, деган саволига қуйидагича жавоб берди. 

“Халқаро статистика амалиётида “кузатилмайдиган иқтисодиёт” деган ибора ишлатилади. Бу 3га бўлинади. Биринчиси, “норасмий иқтисодиёт”, деб юритилади. Бунда уй хўжаликлари ўзи ва бозор учун маҳсулот ишлаб чиқариши, етиштириши. Кейингиси “яширин иқтисодиёт”. Солиқдан, санитария ва сертификатлашга доир муайян талабларни айланиб ўтиш учун, асосан, йирик ишлаб чиқариш субъектлари томонидан йўл қўйилади. Учинчиси, бу “ноқонуний”, яъни қонунчиликда тақиқланган фаолият турларидир. 

Давлат статистика қўмитаси томонидан юқоридаги 3та йўналиш бўйича “норасмий иқтисодиёт” қисмида статистик баҳолаш йўлга қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида норасмий иқтисодиёт кўлами ЯИМга нисбатан 31-32 фоизни ташкил қилади.

Статистика бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқишда ҳам “яширин иқтисодиёт”га доир масала киритилган. Қўмита Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда “яширин иқтисодиёт”ни статистик баҳолаш усулларини ишлаб чиқмоқда. Бу йил охиригача тажриба тариқасида бир вилоят кесимида жаҳонда қабул қилинган усуллардан фойдаланган ҳолда дастлабки статистик амалиётлар ўтказилса, келаси, 2021 йилдан “яширин иқтисодиёт” кўламига ҳам баҳо бериб борилади”, - деди Дилшод Холмуродов. 

Журналист, шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ва Статистика қўмитасини ва унинг ҳудудий бошқармаларини жиҳозлаш ишларига қанча маблағ сарфланиши белгиланганига ҳам қизиқди. 

Маҳмуджон Зиёдуллаев

Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг билдиришича, 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш ишларига 100 млн доллардан кўпроқ маблағ сарфланиши ҳисоб-китоб қилинмоқда. 

Аъзам Икромов

Қўмита раисининг иқтисодий  статистика бўйича ўринбосари Аъзам Икромов эса, аҳолини рўйхатга олиш амалиёти якунланганидан сўнг, 2023 йилда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари ўтказилишини билдирар экан, ҳозирча, бу амалиётга қанча маблағ сарфланиши хусусида аниқ бир маълумот беришга вақтли эканини қайд этди. 

Зоҳиджон Зиёев

Қўмита раисининг ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича ўринбосари Зоҳиджон Зиёев журналист саволига жавоб берар экан, қўмита ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларини янги ахборот технологиялари билан таъминлаш, янги серверлар харид қилиш мақсадига 14 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланганини маълум қилди.

Мавзуга оид