Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пушти масжид, қадимий порт, эгизак миноралар ва кенг ассортиментли гастрономия: саёҳат учун нега Малайзияни танлаш керак?
Ушбу мамлакат бир вақтнинг ўзида тропик ороллар, тарихий шаҳарлар, замонавий архитектура, гастрономия ва кўп миллатли маданият уйғунлигини жамлаган кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Айнан шу жиҳат саёҳатчига бир сафар давомида турли хил тажрибалар билан танишиш имконини беради.
Иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётган, юқори даромадли ва саноатлашган тизимга эга. 2026 йилга келиб мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) номинал бўйича тахминан 502 миллиард доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Туризм Малайзия иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда мамлакатга 25 миллиондан ортиқ халқаро сайёҳ ташриф буюрган, туризм даромадлари тахминан 102 миллиард ринггит (MYR) бўлган, бу хизматлар экспортидан келадиган катта маблағни англатади.

Сабаҳ: тропик табиат ва ороллар
Мамлакат шарқий қисмида жойлашган Сабаҳ штати Малайзия туризм саноатининг энг муҳим ҳудудларидан биридир. Борнео оралининг шимолий қисмидаги мазкур жой тропик ўрмонлар, маржон рифлари, ороллар ва биологик хилма-хиллиги билан машҳур. Айнан шу табиий ресурслар Сабаҳни дам олиш маскани бўлиш билан бир қаторда, экологик туризм марказига ҳам айлантирган.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Сабаҳ ҳудудига 3,79 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган ва туризм соҳаси 8,74 миллиард ринггит даромад келтирган. Бу кўрсаткичлар Сабаҳ туризми пандемиядан кейин тез тикланганини ва халқаро сайёҳлар оқими яна ўсаётганини кўрсатади. Ҳукумат 2026 йилда бу кўрсаткични 4 миллион сайёҳга етказишни режалаштирмоқда.

Сабаҳнинг маркази ҳисобланган Кота Кинабалу шахри эса туризм инфратузилмаси ривожланган ҳудуд сифатида танилган. Деңгиз бўйидаги бу шаҳар бир вақтнинг ўзида курорт зонаси, порт ва сайёҳлик маркази вазифасини бажаради.
Шаҳарнинг энг катта афзаллиги табиат масканлари билан яқин жойлашганидир. Масалан, полисдан атиги 20 дақиқада тезкор равишда қайиқда бориладиган Tunku Abdul Rahman Marine Park миллий боғи бешта тропик оролдан иборат бўлиб, сайёҳларга сноркелинг, шўнгиш ва пляжда дам олиш имкониятини тақдим этади.
Манукaн ва Сапи оролларида сайёҳлар маржон рифлари орасида сувёсти дунёсини кузатиш, шўнгиш ҳамда тропик пляжларда дам олиши мумкин. Бу ҳудуд Жанубий-Шарқий Осиёда сувёсти туризми ривожланган жойлардан бири саналади.
Сабах ҳудуди, айниқса, ваҳший табиат кузатувчилари учун қизиқарли. Бу ерда орангутанлар, Борнео пигмий филлари, гиббонлар ва бошқа ноёб ҳайвонлар учрайди. Экотуризм лойиҳалари, масалан, орангутанларни реабилитация қилиш марказлари ёки дарё сафари сайёҳларга табиий муҳитни яқинроқ кўриш имкониятини яратади.

Туризмнинг ҳудудга иқтисодий таъсири ҳам катта. Меҳмонхоналар, транспорт хизматлари, ресторанлар ва экологик туризм лойиҳалари маҳаллий иқтисодиётнинг муҳим қисмини ташкил этади. Сўнгги йилларда Сабах туризм инфратузилмасининг ривожланиши натижасида 360 мингдан ортиқ иш ўрни яратилгани қайд этилган.
Шу сабабли Сабах бугунги кунда Малайзия туризм стратегиясида алоҳида ўрин тутади. Бир томондан у сайёҳларга тропик табиат ва денгизда дам олишни таклиф этса, иккинчи томондан экологик туризм ва барқарор ривожланиш концепсиясини ҳам илгари суради.

Мари Мари: бир неча цивилизация бирлашган маданий шахарча
Малайзия нафақат тропик табиат ва денгизлари билан машҳур мамлакат, балки кўп миллатли ва кўп маданиятли жамият сифатида ҳам дунё сайёҳларини жалб қилади. Бу ерда малайлар, хитойлар, ҳиндлар, Сабах ҳамда Саравак ҳудудларидаги маҳаллий этник гуруҳлар бирга яшайди, уларнинг урф-одатлари, байрамлари ва кундалик ҳаёти мамлакатнинг бой маданий панорамасини ташкил этади. Шу сабабли Малайзия туризми дам олиш билан чекланмайди, маданият ва тарихни ўрганиш имкониятини ҳам беради.

Mari Mari Cultural Village айнан шу маданий меросни жонли тарзда намойиш қиладиган этнографик масканлардан бири. Сабахнинг Кота Кинабалу шаҳридан атиги 30 дақиқа масофа узоқликда жойлашган ушбу шахарча маҳаллий халқларнинг анъанавий турмуш тарзини интерактив тажриба орқали кўришга мўлжалланган.
Сайёҳлар мазкур масканда қуйидаги асосий тажрибалардан баҳраманд бўлиши мумкин:
- Анъанавий уйлар ва архитектура
- Mari Mari ҳудудида Dusun, Lundayeh, Rungus ва Murut халқларининг уйлари бор. Хонадонлар ёғоч ва палма баргларидан қурилган бўлиб, табиий материаллар ва анъанавий қурилиш технологиялари билан ажралиб туради. Бу уйлар меҳмонларга маҳаллий ҳаётнинг қадимий шаклларини визуал тажриба орқали ҳис қилиш имконини беради.
- Миллий таомлар ва ошпазлик
- Сайёҳлар маҳаллий ошпазлар билан бирга анъанавий таомлар тайёрлашни ўрганади. Масалан, Сабах балиқларидан тайёрланган hinava салати ёки махсус noodlе ҳисобланган tuaran mee сингари миллий таомларни синовдан ўтказиш мумкин.
- Маросимлар, рақс ва фольклор
- Масканда маҳаллий байрамлар, анъанавий рақслар ва маросимлар жонли тарзда намойиш этилади. Murut халқининг “magunatip” маросими ёки Rungus халқининг ҳунармандчилик кўргазмалари сайёҳлар учун таълимий тажриба сифатида хизмат қилади.
- Ҳунармандчилик ва амалий санъат
- Меҳмонлар сопол ишлаш, тўқимачилик ва бамбукдан тайёрланган анъанавий асбоблар яратиш жараёнини кузатиши ёки жараёнда иштирок этиши мумкин.
Mari Mari Cultural Village оддий туристик маскан эмас, Жанубий-Шарқий Осиё халқлари тарихи ва маданиятини чуқурроқ тушуниш имконияти. Сайёҳлар бу ерда дам олиб, суратга тушади, маҳаллий этник гуруҳларнинг ижтимоий, маданий ва экологик ҳаётини яқиндан ўрганади. Шу боис, бу жой Сабах ва Малайзия туризмининг “маданият ва тарих лабораторияси” сифатида танилган.

Куала-Лумпур: замонавий метропол феномени
Мамлакат пойтахти Куала-Лумпур ХХ аср охиридан бошлаб Жанубий-Шарқий Осиёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодий ва урбанистик марказларидан бирига айланган. Расмий маълумотларга кўра, шаҳар ҳудудида 8 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва у мамлакат иқтисодий фаолиятининг муҳим қисми жамланган жой ҳисобланади.
Куала-Лумпурнинг энг машҳур минарларидан бири Petronas Twin Towers. 1998 йилда қуриб битказилган ушбу эгизак миноралар 452 метр баландликка эга бўлиб, бир вақтлар дунёдаги энг баланд бинолар сифатида тан олинган. Минораларни боғлаб турувчи осма кўприк – skybridge шаҳар панорамасини томоша қилишга мўлжалланган энг машҳур нуқталардан биридир.

Миноралар остида Suria KLCC савдо мажмуаси жойлашган. Бир неча қаватдан иборат бу мажмуа халқаро мода брендлари, электроника дўконлари, ресторанлар, кафе ва кўнгилочар масканларни бир жойга жамлаган. Бу ерга сайёҳлар билан бир қаторда маҳаллий аҳоли ҳам харид қилиш, ҳордиқ чиқариш ва учрашувлар ўтказиш учун тез-тез ташриф буюради. Савдо маркази ичида санъат галереялари ва кўргазма майдонлари ҳам ташкил этилган.

Савдо мажмуасининг орқа томонида жойлашган KLCC Park эса шаҳарнинг энг машҳур дам олиш масканларидан бири саналади. Осмонўпар бинолар билан ўралган бу кенг яшил ҳудуд шаҳар марказидаги “яшил орол”га ўхшайди. Паркда сайр йўлаклари, югуриш йўллари, сунъий кўл, фавворалар ва болалар майдончалари мавжуд. Кечки пайт бу ер жуда гавжум бўлиб, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли кўл бўйидаги мусиқали фаввора шоусини томоша қилиш учун йиғилади.
Куала-Лумпур тарихий масканлари билан ҳам қизиқарли. Шаҳар марказидаги Merdeka майдони Малайзия тарихида муҳим ўрин тутади. 1957 йил айнан шу майдонда мамлакат мустақиллиги эълон қилинган. Атрофидаги мустамлака даври архитектураси, жумладан Sultan Abdul Samad биноси, Куала-Лумпур тарихининг муҳим саҳифаларини эслатиб туради.

Шаҳар маданий хилма-хиллиги эса Куала-Лумпурнинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Масалан, Chinatown Куала-Лумпур ҳудудида хитой маданиятига хос бозорлар, чойхоналар ва ибодатхоналарни учратиш мумкин. Central Market Куала-Лумпур эса Малайзия ҳунармандчилиги, миллий сувенирлар ва санъат асарлари билан машҳур.
Мелака: мустамлака излари сақланган тарихий порт
У қадимда Жанубий-Шарқий Осиёнинг муҳим савдо портларидан бири сифатида танилган ва тарих давомида турли маданий ҳамда сиёсий таъсирларни бошдан кечирган.

Мелака XVI–XVII асрларда португал, голланд ва британия мустамлакчилари қўл остида бўлган, шунинг учун шаҳарда турли давр архитектурасини учратиш мумкин. Ҳар бир бинода ўша даврнинг тарихий излари, услуби ва маданий хусусиятлари сақланган. Шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари орасида:
- Dutch Square: голланд меъморчилиги намунаси, қизил рангли бинолари билан машҳур бўлиб, шаҳар марказий майдони сифатида хизмат қилади.
- Stadthuys: голландлар томонидан қурилган энг қадимий бинолардан бири, музей ва тарихий марказ сифатида сақланиб қолган.
- A Famosa қалъаси: португал мустамлакчилари томонидан барпо этилган ва унинг қолдиқлари шаҳарнинг тарихий руҳини ҳис қилиш имконини беради.
- St. Paul’s Hill: қадимий зиёратгоҳлар ва гумбазли минорлар билан танилган, шаҳарнинг энг тарихий тепаликларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Мелака дарёси бўйлаб қайиқ сафари ёки Jonker Street бозорида сайр қилиш орқали сайёҳлар шаҳарнинг тарихий ва маданий муҳити билан янада яхши танишишлари мумкин.

Путражая: режа асосида қурилган янги пойтахт
Ушбу шаҳар Малайзиянинг маъмурий маркази бўлиб, мамлакат сиёсий ва давлат бошқаруви фаолиятини марказлаштириш мақсадида режа асосида бунёд этилган. 1990-йилларда қурилган Путражая янги урбанистика ва архитектура ёндашувининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилган. Кенг булварлар, сунъий кўллар, кўприклар ва футуристик бинолар шаҳарга тартибли, эстетик муҳит улашади.
Мусулмонлар мамлакати сифатида Путраджаяда замонавий исломий меъморчилик намунасини ҳам кўриш мумкин. Шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари орасида:
- Putra Mosque: ўзининг пушти гумбази ва нафис деталлар ила безатилган мажмуаси билан машҳур.
- Perdana Putra: Бош вазир идораси, футуристик дизайн ва ўзига хос архитектура билан ажралиб туради.


Гастрономия: Осиё таъмлар харитаси
Малайзия ўз ошхонаси билан ҳам сайёҳлар учун алоҳида тажриба тақдим этади. Бу ерда малай, хитой ва ҳинд гастрономияси бир-бири билан уйғунлашган. Машҳур таомлар қаторида қуйидагилар ажралиб туради:
- Nasi Lemak – кокос сутида пиширилган гуруч, балиқ, тухум ва аччиқ соус билан хизмат қилинадиган миллий таом.
- Laksa – нордон ва аччиқ шўрва билан тайёрланадиган хамирли (noodle) таом, Малайзия бўйлаб кўплаб вариантлари мавжуд.
- Roti Canai – юпқа хамирли нон, кўпинча сабзавотли ёки гўштли соус билан истеъмол қилинади.
- Satay – ёғли гўшт бўлакларини бамбук шампурга тиқиб, грилда пиширилган ва ер ёнғоқли соус билан тақдим этиладиган машҳур таом.


Рамазон ойида Куала-Лумпурдаги Kampung Bharu ҳудудида Рамазон бозорлари ташкил этилади. Бу бозорларда миллий таомлар, ширинликлар ва ичимликлар намойиш этилади, шу билан бирга маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлади.
Бир кунлик яшаш нархи қанчага тушиши мумкин?

Транспорт имкониятлари ва нархлари
Малайзия сайёҳлар учун қулай транспорт тизимига эга. Шаҳарлар ичидаги ва шаҳарлар орасидаги транспорт воситалари турли бюджетга мослаштирилган:
1️. Шаҳар ичидаги транспорт
- Метро ва трамвай (LRT, MRT, Monorail): Куала-Лумпур ва атрофидаги шаҳарларда энг оммабоп транспорт тури. Билет нархи 0,5–1,5 USD (10 000–30 000 сўм) атрофида.
- Автобуслар: шаҳар ичидаги жамоат транспорти арзон ва қулай. Одатда бир йўналиш 0,3–1 USD (~6 000–20 000 сўм).
- Такси ва ride-hailing (Grab, Maxim): шахсий транспорт ва қулайликни афзал кўрганлар учун мос. Бошланғич тариф 1–2 USD (~20 000–40 000 сўм), шаҳар бўйлаб ҳар бир километр 0,3–0,5 USD (~6 000–10 000 сўм).
2️. Шаҳарлар орасидаги транспорт
- Поездлар: KTM Komuter ва ETS тизими орқали шаҳарлар орасида сайёҳат қулай. Масалан, Куала-Лумпур – Мелака ёки Куала-Лумпур – Пенанг йўналишида чипта нархи 10–20 USD (~180 000–360 000 сўм).
- Автобуслар: кўплаб экспресс ва арзон автобуслар шаҳарлар орасидаги қатновни таъминлайди. Нарҳлар масофа ва хизмат турига қараб 5–15 USD (~90 000–270 000 сўм).
- Ижарага машина : сайёҳатни мустақил режалаштиришни хоҳловчилар учун қулай. Кунлик ижараси 30–50 USD (~540 000–900 000 сўм) атрофида бўлади.
3. Махсус транспорт имкониятлари
- Фери ва қайиқ сафари: Сабах ва бошқа ороллар ҳудудида сайёҳат қилиш учун қулай. Масалан, Кота Кинабалу – Сапи ороли фери чиптаси 5–10 USD (~90 000–180 000 сўм);
- Велосипед ва скутер ижараси: шаҳарларда қисқа масофаларни тез ва экологик тарзда босиб ўтиш имконини беради.
Изоҳ: Малайзияда транспорт нархлари шаҳар ва ҳудудга қараб фарқ қилади. Пойтахт ва метропол шаҳарлар бироз қимматроқ, Сабах ва Мелака каби ҳудудлар эса арзонроқ ҳисобланади. Шунингдек, ride-hailing иловалари орқали сайёҳлар нарҳларни олдиндан кўриб, қулай транспорт танлашлари мумкин.

AirAsia X: Ўзбекистондан Малайзияга боришда қулай транспорт
Олдин Малайзияга етиб бориш учун бошқа давлатлар орқали транзит парвозлар талаб қилинар эди, эндиликда тўғридан-тўғри қатновлар йўл вақтини сезиларли даражада қисқартиряпти. Жумладан, Тошкент–Куала-Лумпур йўналишидаги тўғридан-тўғри рейслар сайёҳлар учун катта қулайлик яратади. Парвоз, одатда, тахминан 7–8 соат давом этади.
AirAsia X классик “budget” модели асосида ишлайди. Яъни, асосий чиптага фақат ўриндиқ нархи киради, қолган қўшимча хизматлар: багаж, овқат, ўриндиқ танлови учун алоҳида тўланади. Шу ёндашув сабаб чипталар нархи бошқа “premium” авиакомпанияларга нисбатан 30–50% арзон бўлади.
Компания узоқ масофали парвозлар учун кенг Airbus A330 самолётларидан фойдаланади. Самолёт ичидаги дизайн қулай бўлиб, арзон авиакомпаниялар орасида рақобатбардош ўриндиқ ва оёқлар учун махсус жой (legroom) таклиф этади.
AirAsia X халқаро майдонда ҳам эътирофга сазовор. 2025 йилда AirlineRatings.com томонидан “Дунёнинг энг яхши арзон авиакомпанияси” деб тан олинган. Шунингдек, World Travel Awards 2024 доирасида “Дунёнинг етакчи узоқ масофали арзон авиакомпанияси” унвонига сазовор бўлган. Бу мукофотлар компаниянинг узоқ масофага арзон ва барқарор парвозлар қобилиятини тасдиқлайди. Шу сабабли Ўзбекистондан Малайзияга бораётган сайёҳлар учун AirAsia X қулай ва ишончли транспорт воситаси ҳисобланади.

Мавзуга оид
12:24 / 17.03.2026
“Умра плюс” дастури учун малай ва индонез тилларини биладиган гидлар тайёрланади
09:25 / 06.03.2026
Малайзия ва Индонезиядан жалб қилинган сайёҳлар учун субсидия ажратилади
19:34 / 11.01.2026
Туроператорларга Малайзия ва Индонезиядан жалб қилинган ҳар бир сайёҳ учун субсидия берилади
14:29 / 27.12.2025