Жамият | 16:59 / 28.04.2023
41623
4 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги маҳаллада ажримлар кўпайгани учун маҳалла номи ўзгариши мумкин

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган, муқаддам Шодлик деб аталиб, 2016 йилда номи Йўлайриқ деб ўзгартирилган маҳаллага эндиликда Обиҳаёт деб ном берилиши мумкин. 7 йил олдин “тарихий аҳамият учун” қўйилган ном маҳаллада ажралишлар кўпайиши билан боғланяпти.

"Яндекс хариталар"дан скриншот

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Йўлайриқ маҳалласи номини Обиҳаёт деб ўзгартириш таклиф этиляпти.

Туман ҳокимлиги бу борада Географик объектларни номлаш бўйича Тошкент шаҳар комиссиясига мурожаат қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шундан келиб чиққан ҳолда, пойтахт аҳолисини бу масалада ўз фикрини билдиришга таклиф қилди.

Маҳаллий аҳоли 28 апрелдан 12 майгача Юнусободдаги Йўлайриқ маҳалласи номини Обиҳаётга ўзгартириш таклифига муносабат билдириши мумкин. Фикр-мулоҳазалар қуйидагилар орқали қабул қилинади:

  • оғзаки равишда +998-71-210-04-13 телефон рақами орқали (иш кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача);
  • ёзма равишда хат юбориш орқали (100060, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Ислом Каримов шоҳкўчаси 51-уй почта манзилига);
  • электрон шаклда [email protected] электрон почтасига хат юбориш орқали.

Қайд этиш керак, Тошкент шаҳар ҳокимлиги охирги йиллар ичида биринчи марта маҳалла номини белгилаш бўйича бундай кенг қамровли равишда аҳоли фикрини ўрганяпти.

Маҳалла номини нега ўзгартириш таклиф этиляпти?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг эълонига бу масаладаги ҳужжатлар илова қилинган. Унга кўра, “Йўлайриқ” МФЙда ўтган йиғилишда маҳалла номини Обиҳаёт деб ўзгартиришга қарор қилинган. Натижада МФЙ раиси маҳалла номини ўзгартириш бўйича туман ҳокимига илтимоснома жўнатган.

28 март куни туман ҳокимлигида мажлис ўтказилган. Унда Юнусобод ҳокими, Географик объектларни номлаш бўйича туман комиссияси раиси Баҳодир Абдувалиев ва комиссия аъзолари иштирок этган.

Мажлисда ҳокимнинг айтишича, бу маҳалла 1987 йилдан 2016 йилгача Шодлик деб номланган. Лекин маҳалла нуронийлари маҳалланинг ўзига хос тарихи борлигини, қадимда Буюк ипак йўли карвонлари Йўлайриқ номли карвонсаройда тўхтаб ўтгани, бу карвонсарой уларнинг фикрича маҳалла ҳудудига яқин жойда жойлашганини таъкидлашган. Шу тариқа, маҳалланинг ўша вақтдаги раиси Ҳ.Юнусов ҳамда “саноқли маҳалла фаоллари ва кексалар фикри билан”, маҳалла номи тарихий аҳамият касб этиши учун Йўлайриқ деб ўзгартирилган.

“Лекин Йўлайриқ маҳалласида ҳозирги кунга келиб ёш оилалар ўртасида ажралишлар ва ҳар хил низолар бўлаётгани ушбу ном қўйилгани билан боғлиқ дея, маҳалла фуқаролари томонидан эътироз билдирилмоқда”, – деган Баҳодир Абдувалиев.

Ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ж.Набиевга кўра, маҳаллага у ёки бу номнинг берилиши оилалардаги ажримларга таъсир қилиши “кишини ўйлантиради”. Иккинчи тарафдан, Набиевнинг сўзларига кўра, Йўлайриқ карвонсаройи тумандаги ҳозирги Юнусобод кўприги ёнидан Амир Темур ва Аҳмад Дониш шоҳкўчалари кесишган жойда бўлган. Бу жой эса маҳалла ҳудудидан деярли ярим чақирим узоқликда бўлиб, бошқа маҳалла ҳудудига тўғри келади.

“Маҳаллаларга географик ном беришда унинг ўтмиши, аҳоли ва ёшлар учун келажакда қанчалик аҳамият касб этишини ўрганиб, сўнг тўғри ном бериш керак”, – деган у.

Мажлисда маҳалла раиси А.Каримов ҳам сўзга чиқиб, бу масала МФЙ йиғилишида кўриб чиқилгани ва йиғилиш иштирокчилари янги номни бир овоздан маъқуллаганини айтган.

Шундан кейин туман ҳокимлигидаги мажлисда Йўлайриқ маҳалласи номини Обиҳаёт деб ўзгартириш таклифи маъқулланган ва тегишли хулоса олиш учун Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Тошкент шаҳар комиссиясига мурожаат қилинган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид