“Уйи совуқ бўлгандан кўра, метанда навбатда тургани маъқул” — Энергетика вазирлиги
Қиш келиши билан метан-шохобчалар иш вақти яна чекланди, навбатлар километрларга чўзилмоқда. Шундай шароитда, Kun.uz саволларига жавоб берган энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ҳайдовчиларга газ бўлмаса, бензин қуйиш ёки электромобил сотиб олишни маслаҳат берди. Мавжуд вазият учун масъулиятни эса об-ҳавога юклади: “Декабр ойида бунақанги совуқ бўлмас эди, бу йил бизга ўзига хос иқлим кириб келди”.
Ўзбекистонга қиш ҳар йили келиши, қиш совуқ бўлиши қанчалик одатий ҳол бўлса, қишдаги энергетика муаммолари ҳам шунчалик одатий ҳолга айланган. Газ етмайди, босим пасаяди, газ қуйиш шохобчаларидан тортиб аҳоли хонадонларигача энергия тақчиллиги кузатилади.
Бу йил ҳам совуқ тушиши билан метан-шохобчаларнинг иш вақтига чеклов киритилди. Мақсад – газни аввало аҳоли хонадонларига ва ижтимоий объектларга етказиш. Метан-шохобчаларда эса турнақатор навбатлар юзага келган, ҳайдовчилар на газ ва на бензин топа олмаётганидан, сарсонгарчиликдан норози.
Эътиборлиси, Энергетика вазирлиги бу йил ҳам “аномал” об-ҳавога ишора қилмоқда. Вазирнинг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz билан суҳбатда “аномал” сўзини ишлатмаган бўлса ҳам, маъноси шунга яқин “ўзига хос иқлим”ни сабаб қилиб келтирди.
“Тўғри, қиш доим кириб келади, лекин олдинги йиллар билан солиштириладиган бўлса, декабр ойида бунақанги совуқ бўлмас эди. Мана, бу йил бизга ўзига хос иқлим кириб келди. Декабрнинг бошидан совуқ бўлди. Ойнинг охиригача мана шу жараён давом этиб бориши прогноз қилиняпти. Келаётган ҳафтанинг охири, келгуси ҳафтанинг бошларида бундан-да совуқ бўлиши кутилаётган экан.
Қиш мавсумига 3 хил сценарий асосида тайёргарлик кўрилгани айтилган. Ҳар бир сценарийнинг асосий мақсади – биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий инфратузилма объектларини иссиқлик билан таъминлаш.
Метан заправкалар ёпилишига келсак, уларнинг иш фаолияти чекланаётгани... Буни энди соат нечидан нечигача ишлашини ҳар битта ҳудуд ўзининг имконияти, иқтим шароитидан, вазиятдан келиб чиқиб белгилайди.
Айтиш керакки, метан заправка ёпиқ бўлган тақдирда, ҳайдовчиларимизда бошқа муқобил вариант бор. Яъни улар бемалол бензин қуйишлари мумкин. Хабаринглар бор, бензин биржага 2 баравар кўп миқдорда чиқариляпти. Агар талаб қилинса, балки 3 баравар кўп ҳам чиқарамиз, бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, – дейди у.
Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари фақат маълум соатлардагина ишламоқда, баъзилари ҳатто кундузи ҳам умуман ишламаяпти. Ҳайдовчилар эса навбат пойламоқда. Уларнинг ичида асосий тирикчилиги шу машинасида одам ташишдан иборат бўлганлари ҳам бор.
“Эрталабдан бери газ берармикан деган ниятда қараб турибмиз, бирор ким тушунтириш бергани йўқ. Тўғри, улар ҳам биздек оддий одамлар, юқоридан кимдир айтса, кейин беради. Бир нечта шохобчаларга бордик, лекин газ ҳам, бензин ҳам топа олмадик. АИ-80 маркали бензини бор заправкаларда навбат километрлаб чўзилиб кетган. АИ-90 ва АИ-92 маркали бензинлар эса жуда қиммат. Ҳам ишимиздан, ҳам даромаддан қоляпмиз, ҳам вақтимиз ва асабимизни йўқотяпмиз.
Расмийларга инсоф бермаса, қийин. Халқ нима дейди, гапириб-гапириб қолаверади. Юқоридагиларнинг ўзининг сўзи бир-бирига ўтмаяпти, пастдагиларнинг гапи қаергача етиб борарди?” – дейди ҳайдовчилар.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш йилдан йилга камаймоқда, шунга қарамай, газ экспорти давом этяпти. Шундай вазиятда ўтган йилдан бошлаб илк марта Россиядан газ импорт қилиш бошланган. Ҳасан Тошхўжаевга кўра, ҳозирда Россиядан “қувурга сиққанича” газ олиняпти.
“Газ импорти ошиб боряпти. Биз олдин газ экспортёри эдик, ҳозир импортёр давлатга айланяпмиз. Нимага? Аҳоли сонининг ошиб бориши, иқтисодиётимизнинг ривожланаётгани, корхоналар кўпайиб бораётгани ҳисобига бизда талаб кучайиб боряпти. Лекин афсуски, қазиб чиқариш йилдан йилга камайиб бораётгани ҳам ўзининг сўзини айтяпти.
Менимча, қиш мавсумидан аҳолини беталофат олиб чиқиб кетиш учун энг тўғри йўл – бензинлар сифати ва миқдорини оширган ҳолда, метан заправкаларга вақтинчалик чекловлар киритилган.
Қувурга сиққанича, имкониятимиз даражасида газ олиняпти. 2023 йилнинг октябр ойидан эътиборан биз илк марта Россиядан газ олишни бошладик. Йиллик 3 млрд куб метр дейилган эди, бу миқдор кейинчалик яна ошириб борилади. Ҳозир шу бўйича ишлар олиб бориляпти.
Бундан ташқари, ўзимизда, масалан, Устюртда ва бошқа ҳудудларда газ конларини ўзлаштириш ишлари давом этмоқда. Эртага улар ҳам ишлаб тушиб қолса, насиб қилса... Энди, битта коннинг устида 20-30 йиллаб ишланар экан, бу бир кунлик иш эмас экан. Вақти келиб, 3-4 йил ичида ишга тушиши эҳтимоли бўлган конларимиз ишга тушса, у ердан газ қазиб олишни бошласак, аста-секин импортни ҳам камайтириб бораверамиз”, – дейди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари.
Тошхўжаев ҳайдовчилар учун “газ йўқ бўлса, бензин бор”лигини айтди. Уйи совуқ бўлгандан кўра, метан заправкада озгина навбат кутиши маъқулроқ, дейди у. Вазирнинг сўзчиси, шунингдек, ҳайдовчилар учун электромобилнинг афзал жиҳатларини санаб ўтди.
“Авваломбор, қиш мавсуми ҳаммамизга келган... тўй десам нотўғри бўлар, мавсум. Такси ҳайдовчилари бўладими, бошқами, аҳолимиз ҳам тўғри тушунган ҳолатда... Биз бензинни оширганмиз. Метанда юрмаса, бензинда юриб туриши мумкин. Ҳеч қандай уйда қолиб кетди, ишлолмайди деган нарса йўқ.
Иккинчидан, бизда ҳозир мана электромобиллар ҳам ниҳоятда кўп кириб келган. Вилоятларда ҳам сотиб олаётган ҳайдовчиларимиз бор. Электромобилни қувватлаш анча арзон. Бензин билан тўлиқ бакни тўлдириш 200-300 минг сўмга тушадиган бўлса, электромобилда 60-80 минг, боринг ана узоғи 90 минг сўм бўлади. Лекин бирон марта “Яндекс”да электромобил чақирсангиз, ҳайдовчи: “Келинг, бугун сал совуқ экан, 60 минг кўрсатяпти, мен сиздан 30 минг олай” демайди.
Айтмоқчи бўлганим, халқимизнинг ҳаммасини нима демоқчи эмасман, лекин ҳозирги вазиятда халқимиз ҳам тўғри тушуниши керак. Биз бензинни бермасдан метанни ёпиб қўйсак экан, “бола-чақамни қандай боқаман” дейиши мумкин. Лекин вазиятдан келиб чиққан ҳолатда, 1 ҳафта бўладими, 10 кунми – фақат Яратганга аён – шу маҳалда бутун мамлакат, миллат бирлашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, менимча, энг тўғри йўл бўлади.
Биз масалан ҳозир бензинни кўпроқ миқдорда чиқармасак, аҳолини сал қийнаб қўядиган бўлсак, эътирозларни тўғри тушунардим, лекин ҳозирги ҳолатда уларда муқобил вариант бор. Улар яна бир нарсани ўйлаши керакки, уйида ёш боласи бордир, бемори бордир, уйи совуқ бўлгандан кўра, метан заправкада озгина навбат кутиши мумкин. Ёки навбат кутишни истамаса, бориб бензин харид қилиб бемалол юриши мумкин”, – дейди Ҳасан Тошхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир интернетда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг бир йил олдинги гапи нотўғри талқин қилиняпти. Вазир ўшанда “кейинги йилдан 100 фоиз ички эҳтиёжимизни қоплай оламиз” деганда электр энергетияси ишлаб чиқаришни назарда тутган.
“Ўзбекистон айни пайтда генерация бўйича вазиримиз айтиб ўтганидек ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкониятига эга. Айни пайтда бизда генерация бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Энди, жойларда электр энергиясининг ўчишлари етказиб бериш ва тақсимлаш тармоқларидаги муаммолар билан боғлиқ. 30-40 йилдан бери ишлатилаётган асбоб-ускуналар кўп. Уларни бир кун ичида алмаштириб бўлмайди”, – дейди Тошхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент атрофидаги саноат корхоналари ҳам газдан узилаётгани хусусида хабарлар тарқалмоқда. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари эса бундан хабари йўқлигини таъкидлаб, масъулият “Ҳудудгазтаъминот”да эканини билдирди. Бироқ тегишли норматив-ҳужжатларга мнувофиқ бунга Энергетика вазирлиги жавоб беради.
Мавзуга оид
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
19:56 / 14.12.2024
30 мингта ҳолатда кундузи беҳуда ёниқ турган чироқлар ўчирилди — Энергоинспекция
15:18 / 14.12.2024
10 кун ичида Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлиги концепцияси ишлаб чиқилади
10:21 / 14.12.2024