Пандемия инқирозидан чиқар-чиқмай ҳарбий урушларга рўбарў бўлган дунёга, Доналд Трамп янги ғалва – савдо урушларини олиб келди.

Доналд Трамп АҚШ ҳокимиятига қайтганига икки ҳафта бўлар-бўлмас, Америка тарихидаги энг катта савдо урушларини бошлаб юборди.

АҚШ иқтисодиёти номинал, яъни тўғридан тўғри ҳажмда ўлчаганда – дунёнинг биринчи иқтисодиёти. Лекин сотиб олиш қобилияти паритети билан ўлчаганда, бугун дунёнинг биринчи иқтисодиёти – Хитой Халқ Республикаси. Дунё иқтисодиётини 100 фоиз деб олсак, АҚШнинг улуши 15 фоизни, ХХР улуши эса 18 фоизни ташкил қилади.

Доналд Трамп АҚШнинг энг асосий биринчи учта савдо-иқтисодий ҳамкорига қўшимча тарифлар жорий қилди, ўз навбатида улар ҳам жавоб чораларини эълон қилди. Бу – савдо уруши дейилади.

Трамп бож киритган учала давлат ҳам АҚШнинг бевосита ва билвосита қўшнилари: шимол ва жанубдаги Канада ва Мексика ҳамда Тинч океанининг нариги соҳилидаги Хитой Халқ Республикаси. Канада ва Мексиканинг Америкага кираётган барча маҳсулотларига 25 фоизлик тариф, яъни бож солиғи жорий қилинди. Хитой маҳсулотларига эса аввал жорий этилган тарифларга қўшимча яна 10 фоизлик тариф киритилди (Трамп ўзининг биринчи тўрт йиллигида ва ундан кейинги Байден ҳам, Хитой маҳсулотларига жами 20 фоизлик бож жорий қилган эди).

Тасаввур қилинг, АҚШга Канада ёки Мексикадан кираётган битта товарнинг улгуржа нархи 100 доллар дейлик, энди шу маҳсулот камида 25 долларга қимматлашади. Натижада, бу маҳсулот ўзининг рақобатдошлигини йўқотади.

Бу учта давлат – АҚШнинг энг муҳим савдо ҳамкорлари. АҚШ ташқи савдо айланмасининг салкам ярми шу учта қўшнининг ҳиссасига тўғри келади. Биргина ХХР билан АҚШнинг бир йиллик олди-сотдиси 550 миллиарддан 720 миллиард долларгача етади. АҚШ импортининг 18 фоизи ХХРга, 14 фоиз Мексикага, 12 фоизи Канадага тўғри келади. Америка экспортининг 17 фоизи Канадага, 15 фоизи Мексикага, тахминан 7 фоизи ХХРга тўғри келади. Мисол учун, АҚШ Канада нефтисиз яшай олмайди.

Трамп ушбу давлатларга, қолаверса, Европа Иттифоқига қарши савдо уруши очиш нияти борлигини айтганида, мутлақ кўпчилик ишонмаганди. Чунки “Трамп ўзининг оёғига болта урмаса керак – АҚШнинг ўзига зарар бўлади-ку?!” дейишди. Лекин, кўриб турганимиздек, Трамп бу урушни бошлади.

Расман, Трамп “бу давлатларга қўшимча таъриф жорий қилишга сабаб, бу давлатлардан наркотик моддалар ва мигрантлар кирмоқда” деб асослади. Мақсад – Конгрессни айланиб ўтган ҳолда савдо урушини бошлаш эди.

Хўш, Трампнинг нияти ёки ўйлаб турган лойиҳалари нима? У нимага эришмоқчи? Бу ўринда бир қанча сабаблар бор.