Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС аскарлари сони 40 мингга етди

2023 йилнинг октябридан буён Ғазо секторида ҲАМАСни йўқ қилиш учун ҳаракат қилаётган Исроил армияси ўз ниятига ета олмагани ошкор бўлмоқда.

Исроил манбаларининг маълум қилишича, ҲАМАС ҳаракати ўз сафларини ёш кўнгиллилар ҳисобидан кенгайтириб, ҳозирда 40 минг атрофида ҳарбийга эга. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz нашри хабар бермоқда.

Уруш бошланишидан аввал ташкилотда 25–30 минг атрофида жангчи бўлган. Исроил махсус хизматлари маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятига жиддий таҳдид йўқ, аҳолининг кўпчилиги уларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

ҲАМАС ҳозирги кунда маҳаллий шарт-шароитда портловчи қурилмалар тайёрлаш, қурол ишлаб чиқариш ва ўз ракеталарини яратиш салоҳиятини шакллантирган. Исроил ҳарбийлари бу салоҳият фронтда янада кўпроқ қаршилик кўрсатиш учун ишлатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

АҚШ Ямандаги нефт портига зарба берди

АҚШ қўшинлари Яман шимолидаги Рас-Иса нефт портига ҳаводан зарба берди. Америкалик ҳарбийлар порт терминали тўлиқ йўқ қилинганини, у «Ансоруллоҳ» ҳаракати учун асосий даромад манбаи бўлганини билдирди.

Ямандаги ҳусийчилар бошқараётган соғлиқни сақлаш идораси зарбада 74 киши ҳалок бўлганини, 171 киши яраланганини маълум қилди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти порт ишчилари бўлган.

Ҳусийчилар портни фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланадиган иншоот, деб таърифлаб, ҳужумни «ҳарбий жиноят» деб атади. Улар бу амалиёт жавобсиз қолмаслигини айтмоқда. Зарба ортидан Исроил ўз ҳудудига Ямандан отилган ракета уриб туширилганини эълон қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп мартда ҳусийчиларга қарши ҳаво амалиёти бошлашни буюрган. Аммо АҚШ ҳозирча уларнинг ҲАМАСга ҳимоя мақсадида қилган ҳужумларини тўхтата олмади. Вашингтон ҳозирда ҳусийчиларга қарши қуруқликдан амалиёт олиб бориш ва уни қўллаб-қувватлаш имкониятини муҳокама қилмоқда.

АҚШ Сурияда ҳарбий базаларни ёпмоқда

АҚШ шимолий-шарқий Суриядаги 8 та ҳарбий базасидан учтасини ёпишга қарор қилди. Бу қарор ортидан контингент сони 2 мингдан 1,4 минг нафаргача қисқартирилади. Биринчи босқичда Mission Support Site Green Village, MSS Euphrates ва кичикроқ бир база ёпилади. Кейинги 60 кун ичида яна қисқартириш зарурлиги баҳоланади.