Жаҳон | 14:39 / 04.06.2026
2797
8 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургга дронлар ҳужуми ва ядро қуролига эга бўлмасликка «рози бўлган» Эрон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон уруши

2 июндаги дрон зарбалари натижасида Кувайт халқаро аэропортида Ҳиндистоннинг бир нафар фуқароси ҳалок бўлгани маълум бўлди. Яна 63 киши жароҳатланган.

Кувайт аэропортга Эрон дрони урилганини тасдиқлади. Тармоқларда Т1 терминалига дрон келиб урилиши ва аэропорт ичидаги портлашлар акс этган видеолар тарқалди.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида ҳужумни қоралаб, яна бир неча фуқароси жароҳатланганини билдирди.

Кувайт мудофаа вазирлиги ҳужумни «Эроннинг жиноий агрессияси» деб атади. Зарбалардан сўнг Кувайт ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг икки нафар дипломатига 24 соат ичида мамлакатни тарк этишни буюрди. Шунингдек, Эроннинг муваққат ишлар вакилини чақиртирди.

Чоршанба куни кечроқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Кувайт аэропортига қилинган ҳужум учун жавобгарликни рад этди. Расмий Теҳрон зарар – АҚШ ракета тутгичининг хатоси туфайли келиб чиққанини айтди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги буни ёлғон деб атади ва Эрон аэропортга «атайлаб қилинган, пухта ўйланган ва асоссиз ҳужум» уюштирганини даъво қилди.

Сўнгги кескинлашув — АҚШ ва Эрон ўртасидаги оташкесим музокаралари боши берк кўчага кириб қолган, урушни якунлаш бўйича келишувлар олға силжимаётган вақтга тўғри келди.

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба кунги интервюсида Эрон ядро қуролига эга бўлмасликка «аллақачон рози бўлганини» музокараларга олий раҳбар – оятуллоҳ Мужтаба Хоминаий ҳам «жалб қилинганини» айтди.

«Биз у билан жуда яхши чиқишаётгандекмиз», деди Трамп. Ундан Мужтаба билан учрашишни хоҳлайсизми, деб сўрашганда, «мен у билан учрашишни хоҳлардим. Ҳаммаси қандай якун топишига қараб, эҳтимол, қайсидир паллада учрашармиз», деди Трамп.

Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашида

3 июн куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Австрия, Қирғизистон, Португалия, Тринидад ва Тобаго ҳамда Зимбабвени икки йиллик муддатга Хавфсизлик Кенгашининг 15 та аъзолик таркибига сайлади. Улар Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари бўлади ва 2027 йил 1 январдан иш бошлайди.

Ушбу ўринлардан бирини қўлга киритиш учун фаол ҳаракат қилган Германия «Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар гуруҳи»га ажратилган иккита ўрин учун курашда Португалия ва Австрияга ютқазди.

Осиё–Тинч океани гуруҳи квотаси учун Филиппин ва Қирғизистон ўртасидаги беллашув эса тўрт босқичли овоз беришгача давом этди. Якунда Қирғизистон 142 овоз билан ўз тарихида илк бор Хавфсизлик Кенгаши аъзолигини таъминлади.

Янги сайланган 5 давлат БМТ Хавфсизлик Кенгашида Дания, Греция, Покистон, Панама ва Сомали ўрнини эгаллайди.

Яна 5 та аъзо давлатлар — Баҳрайн, Колумбия, Конго, Латвия ва Либерия 2027 йил охиригача Кенгашдаги фаолиятини давом эттиради.

Хавфсизлик Кенгаши – БМТнинг санкциялар жорий этиш ва куч ишлатишга рухсат бериш каби қонуний, мажбурий қарорлар қабул қила оладиган ягона органидир. Унинг таркибида вето ҳуқуқига эга бешта доимий аъзо мавжуд: Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия ва АҚШ.

Қолган 10 та аъзо эса сайланади, ҳар йили уларнинг бештаси янгилаб борилади. Ўринлар қитъалар ва ҳудудлар бўйича тақсимланади.

Украина Санкт-Петербургга зарба берди

Россияга хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган йирик иқтисодий форум очилишидан бир неча соат олдин Украина Санкт-Петербург чеккасига зарба берди.

Чоршанба тонгида Россиянинг иккинчи йирик шаҳри осмонига қора тутун қуюнлари кўтарилди. Маҳаллий ҳокимият органларининг маълум қилишича, ҳаво мудофаа тизимлари тун давомида 59 та дронни уриб туширган.

Санкт-Петербургнинг учта турли туманига зарба берилган, бироқ қурбонлар йўқ. Шаҳарда мобил интернетда узилишлар кузатилди ва Пулково аэропорти вақтинча ёпилди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу зарбаларга жавоб қайтарилишини айтди. «Бизнинг жавобларимиз тизимли характерга эга бўлади» деди у чоршанба куни.

Бир неча соат ўтгач, Володимир Зеленский Украина дронлари Россиядаги бир нечта объектга, жумладан, нефт терминали ва Кронштадт ҳарбий-денгиз базасига зарба берганини тасдиқлади.

Кронштадт – Россия ҳарбий-денгиз флотининг Болтиқдаги асосий таянч пункти ҳисобланади. Тасдиқланмаган видеоларда дронлар бандаргоҳда турган ҳарбий кемалар томон учаётгани акс этган бўлиб, видео портлашга қадар узилиб қолган. Украина учувчисиз тизимлар қўмондони улар «Боикий» ҳарбий кемаси зарба берганини маълум қилди.

Санкт-Петербург иқтисодий форуми — бир вақтлар «Россия Давоси» деб аталган. У Россия сиёсий кун тартибидаги энг асосий тадбирлардан биридир. Москва 2022 йилда Украинага босқинчилик уруши бошлагунига қадар, ушбу форумда Ғарбнинг юқори мартабали делегациялари, жумладан, йирик компаниялар ва давлат бошлиқлари иштирок этарди.

Жума куни президент Владимир Путин ушбу молиявий тадбирда нутқ сўзлаши режалаштирилган. Форумда 130 та давлатдан минглаб меҳмонлар, жумладан, АҚШнинг ҳам камтарона делегацияси иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳиндистонда ёнғин: ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Чоршанба куни Ню-Деҳли жанубидаги бинолардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди ва яна бир неча киши жароҳатланди.

Полициянинг маълум қилишича, ёнғин – аҳоли зич жойлашган Малвия Нагар даҳасида – биринчи қаватида ресторан, юқорида эса меҳмонхона жойлашган бинода бўлган.

Воқеа жойига саккизта ўт ўчириш машинаси сафарбар этилгач, 40 дан ортиқ киши қутқарилиб, яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, қурбонларнинг баъзилари Ҳиндистонга даволаниш учун келган хориж фуқароларидир.

Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаби ҳозирча маълум эмас. «Бинонинг биринчи қаватида ресторан фаолият кўрсатгани айтилмоқда... ёнғин катта эҳтимол билан айнан ўша ресторан билан боғлиқ», деди маҳаллий маъмурият расмийси журналистларга.

Бош вазир Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди ва уларга 2 минг доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилишини эълон қилди.

Исроил–Ливан сулҳни узайтирди

3 июн куни Исроил ва Ливан мўрт оташкесимни узайтиришга ҳамда Ливан жанубида «тажриба-синов» тариқасида хавфсизлик зоналарини ташкил этишга келишиб олди.

АҚШ воситачилигида эришилган келишув шартларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» Ливан жанубидаги хавфсизлик зоналаридан ўз кучларини олиб чиқиб кетиши керак.

Қўшма баёнотда Исроил ва Ливан сулҳнинг сақланиб қолиши – «Ҳизбуллоҳ» томонидан ўт очишнинг бутунлай тўхтатилишига ва ташкилотнинг барча аъзолари Литани дарёсидан жанубга эвакуация қилинишига боғлиқлигини билдирди.

Ливан армияси назорати остида бўладиган ушбу хавфсизлик зоналари айнан қандай ташкил этилиши ҳозирча аниқ эмас.

Апрел ойи бошида оташкесимга келишилган бўлса-да, Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўзаро ўт очишни давом эттирмоқда. Март ойида тўқнашувлар қайта бошланганидан бери Ливанда 3,3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 10 000 дан зиёд киши жароҳатланган.

Эрон АҚШ билан урушни тугатишга қаратилган ҳар қандай тинчлик келишуви Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши кераклигини таъкидлаб келмоқда. Бироқ «Ҳизбуллоҳ» Исроил ва Ливан ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларга киритилмаган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид