Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада ва Ҳиндистонни уруштирган қотиллик. Ванкувер яқинида ўлдирилган синкҳ ким эди?
Бундан икки ой аввал Канадада отиб ўлдирилган синкҳ миллатига мансуб Ҳардип Синкҳ Нижар иши билан боғлиқ ҳолат шу қадар кескинлашдики, Ҳиндистон ва Канада ўртасида дипломатик низо бошланиб кетди. Канада бош вазири Жастин Трюдо қотилликда Ҳиндистон ҳукуматининг қўли борлиги ҳақида ишончли разведка маълумоти олганини айтди.
Гап нимада ўзи?
Канададаги Сингҳлар етакчиси Ҳардип Сингҳ Нижар 2023 йил 18 июн куни Канаданинг Британия Колумбияси провинсиясида жойлашган сингҳлар ибодатхонаси (гурдвар) автотураргоҳида икки ниқобли одам томонидан отиб ўлдирилганди. Канада бош вазири Трюдо мамлакат разведкаси Нижарнинг ўлимида Ҳиндистон ҳукуматининг алоқаси борлиги ҳақида «ишонишга асос бўлган ахборот олганини» айтди.
Канада етакчиси бу масалани «Катта йигирматалик» йиғилишидаги Ҳиндистон бош вазири Моди билан билан учрашувда ҳам кўтарганини қўшимча қилди.
«Ҳар қандай давлатнинг Канада фуқаросини Канада ҳудудида ўлдирилишида иштирок этиши суверенитетимизга таҳдиддир. Бу эркин, очиқ ва демократик жамиятнинг фундаментал ҳуқуқларига зид», деди Канада бош вазири. Унинг сўзларига кўра, Нижарнинг ўлдирилиши ортида ҳинд махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир Ҳиндистон томонига етказилган.
«Катта йигирматалик» йиғилишида Канада ва Ҳиндистон етакчилари жуда таранг кайфиятда учрашув ўтказган. Унда Моди Канада «экстримистларнинг антиҳиндистонча ҳаракатларига» қарши етарлича курашмаётганини иддао қилган. Бу гапи билан Ҳиндистон бош вазири Канададаги синкҳлар сепаратик ҳаракатини назарда тутган.
Ҳиндистон томони Нижарнинг ўлимида алоқаси борлигини рад этган. 18 сентябр куни Ҳиндистон томони вазият кескинлашуви фонида Канаданинг юқори мартабали дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди. Аввалроқ Канада ишга алоқадор деб ҳисоблаган ҳинд дипломати Павана Кумар Райни мамлакатдан чиқариб юборганди.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат қотилликка алоқадор экани ҳақидаги Трюдонинг баёнотини кескин қоралаб, уни асоссиз деб атади. «Биз қонун устувор бўлган демократик давлатмиз. Шу ўринда Канада ҳукуматини мамлакат ҳудудидаги антиҳиндистонча унсурларга қарши тез ва самарали курашишга чақирамиз», дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳиндистон ТИВ баёнотида, шунингдек, Канада томонини Ҳиндистон хавфсизлиги учун таҳдид ҳисобланган «холистонлик террорчи ва экстримистларга» сиёсий бошпана бераётгани учун қоралаган.
BBC ҳар икки томондан ҳолат юзасидан изоҳ сўраб, ҳозирча жавоб олмаган. Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли Ҳиндистон Нижарнинг ўлимида қай ҳолатда алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ гапиришни истамаган. Унинг айтишича, ҳукумат ҳали бу борада суриштирув олиб бормоқда ва шу сабаб деталлар ошкор қилинмайди.
Канада ОАВлари Трюдодан иш бўйича тафсилотларни очиқлашни талаб қилаётгани ҳам вазиятни кескинлаштирмоқда.
Ҳиндистон канадаликларга виза беришни тўхтатди
Вазият кескинлашуви фонида Ҳиндистон канадаликларга виза беришни тўхтатди. Шунингдек, Оттавадан Ҳиндистондаги дипломатлари сонини камайтиришни сўради. Ҳиндистон ташқи ишлар вазири мамлакатнинг Канадага бораётган фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақирди.
Канадада ҳиндистонликлар жуда кўп, айниқса талабалар. 2018 йилдан буён Канада ҳиндистонлик талабалар учун жуда фаол йўналишга айланди. Ўтган бир йил давомида мамлакатдаги ҳинд талабалар сони 47 фоизга ошган. Ҳозир Канадада 320 минг ҳиндистонлик талабалар ўқийди. Бу мамлакатдаги барча хорижий талабаларнинг 40 фоизи дегани
Ҳардип Синкҳ Нижар ким эди ўзи?
Ҳиндистоннинг Панжоб штатида яшовчи синкҳлар ҳудудда ўзларининг мустақил Холистон давлатини тузишни талаб қилиб келади. Нижар айнан мана шу давлат тузилиши тарафдори ва Канададаги синкҳлар етакчиси ҳисобланарди. У 2023 йил 18 июн куни синкҳлар ибодатхонаси бўлмиш Гуру Нанак гурдварди автотураргоҳида отиб кетилади. Бу ишни Нижар ўз машинаси ичида бўлган вақтда икки нафар ниқобли киши амалга оширади. Синкҳлар етакчиси ўлдирилган ибодатхона Ванкувердан 20 км шарқдаги Сарри шаҳрида жойлашган.
Яқинларининг айтишича, Нажирга ўз фаолияти сабаб кўп марта таҳдид қилишган. Ҳиндистон ҳукумати уни қуролли айирмачилар гуруҳини бошқарувчи террорчи деб ҳисобларди.
Нижар охирги вақтларда кутилмаганда вафот этган синкҳларнинг учинчи вакили ҳисобланади. У ўлдирилган июн ойида Бирмингҳемда «Холистонни озод қилиш кучлари» етакчиси экани айтиладиган Автар Синкҳ Ханда ҳам ўлганди. Унинг ўлимини «ғалати тарзда содир бўлган» деб ҳисоблашган. Баъзи манбаларга кўра уни заҳарлашган бўлишлари мумкин.
Бу икки синкҳлар етакчилари ўлимидан бир ой аввал эса Покистоннинг Лаҳорида Парамжит Синкҳ Панжвар отиб ўлдирилганди. Ҳиндистон томони уни ҳам террорчи деб ҳисобларди.
«Холистон ҳаракати»
Бу ҳаракат 1947 йил Ҳиндистон Британиядан мустақил бўлганидан буён мавжуд. Ўшанда Ҳиндистон аҳолисининг 2 фоизини ташкил этган синкҳлар фаоллари ўзларининг мустақил давлатларини тузишни талаб қилади. 1980-йилларда ҳаракат фаолияти Панжоб шимолида кескин фаоллашади. Ўша вақтда айнан Панжоб шимолида кўплаб синкҳлар яшай бошлайди. Аммо Ҳиндистон ҳукумати томонидан ўтказилган қатор «махсус амалиётлар» ҳаракат фаолиятига чек қўяди.
Охирги йилларда «Холистон ҳаракати» вакиллари турли давлатлардаги диаспоралар орқали фаоллашиб қолди. Ҳиндистон ҳукумати «Холистон ҳаракати»ни кескин қоралайди. Мамлакатдаги барча партиялар, хусусан, Панжобдаги партиялар ҳам уларни зўравонлик ва айирмачиликда айблайди.
Мавзуга оид
17:57
Нафас олиш имконсиз – кичик ҳинд шаҳри дунёда энг ифлос ҳавога эга экани маълум бўлди
13:08 / 23.03.2026
Ўзбекистон Ҳиндистон билан бизнес алоқаларни фаоллаштиришга киришди
20:21 / 20.03.2026
Ҳиндистон компанияси Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлашда ҳамкорликни таклиф этди
16:09 / 19.03.2026