Ўзбекистон | 20:24 / 29.03.2023
17232
3 дақиқада ўқилади

Ўқувчилар дарс вақтида пул йиғишга юборилишига йўл қўйган мактаб директори вазифасидан озод этилди 

Вазирлик томонидан ўтказилган ўрганишда ҳолат ҳақиқатан ҳам «Ташаббусли бюджет» билан боғлиқлиги ўз тасдиғини топган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган 17-мактаб директори ишдан олинди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) хабар берди. 

Аввалроқ, ушбу мактаб ўқувчиларининг дарс вақтида пул олиб келиш учун уйига жўнатилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган, унда ўқувчилар сим-карта сотиб олиш учун 10 минг сўм пул сўралаётганини айтишган эди. 

ММТВ томонидан ўтказилган ўрганишда ҳолат ҳақиқатан ҳам «Ташаббусли бюджет» билан боғлиқлиги ўз тасдиғини топган. Хабарда мактаб директорининг исми-шарифи, ўқитувчи ким экани, нима учун огоҳлантириш олгани батафсил келтирилмаган. 

«Мактаби яқинда таъмирдан чиққан бўлишига ҳамда қайта-қайта огоҳлантиришларга қарамай, ҳеч қандай сўз билан оқлаб бўлмайдиган ҳолатга йўл қўйганлиги учун мактаб директорини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилинди, ўқитувчига эса огоҳлантириш берилди», дейилади хабарда. 

ММТВ бундай ҳолат бошқа мактабларда ҳам такрорланмаслигига умид билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли бюджет»нинг 1-мавсуми доирасида ташаббусларга овоз бериш жараёни 18 мартдан бошланган. Кампания 7 апрелгача давом этади. 

Овоз йиғиш жараёнидаги ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда бу жараёнга ўқитувчилар, шифокорлар ва боғча ходимлари мажбурланаётгани ҳақида ёзишмоқда. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, ўқувчиларни «Ташаббусли бюджет»га овоз йиғиш учун жалб қилиш бўйича топшириқ мактаб директори томонидан берилгани аниқланган. Ҳодиса мазкур мактабнинг филиалида содир бўлган. Филиалда 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси таълим олади. 

Ўқувчиларни овоз йиғишга жалб қилган синф раҳбарларига интизомий жазо берилган, мактаб директори Л.Усманова эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги берган маълумотга кўра, мактаб филиали яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мактаб жамоаси ўз ташаббуси билан «Ташаббусли бюджет» кампаниясида қўшимча электрон доска, компьютер жиҳозлари олиш учун иштирок этган. Сўралган маблағ миқдори – 300 миллион сўм.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ушбу жиҳозларга эҳтиёж борлигини ўрганиш, шундан сўнг маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабни сўралган жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ташаббусли бюджет» кампаниясида болалардан фойдаланишни қатъиян қоралашини маълум қилган.

Мавзуга оид