Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Байт-Лахияга Исроил зарбаси, Эроннинг Исроилга қарши баёнотлари ва Молдовадаги сайлов — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо расмийлари якшанбага ўтар кечаси Исроил анклав шимолидаги Байт-Лахияга зарба бергани, оқибатда 87 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлганини маълум қилди. Камида 40 киши яраланган, кўпчилик ҳамон харобалар остида қолмоқда.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, кўплаб жабрланувчилар тез ёрдам бригадалари етиб бора олмайдиган жойларда қолмоқда.
Исроил қурбонлар тўғрисидаги маълумотни текшираётгани, аммо ҲАМАС офиси томонидан тақдим этилган рақамлар бўрттирилган деб ҳисоблашини маълум қилмоқда.
Бу орада ўлдирилган Яҳё Синвар ўрнига ҲАМАСга янги раҳбар тайинланди. Қатарда яшовчи Холид Машъал энди Ғазодан ташқарида туриб ҲАМАСни бошқаради ва музокараларда иштирок этади.
Яҳё Синварнинг жасадини қўлга киритган Исроил ундан Ғазода гаровда ушлаб турилган фуқароларини қайтаришда фойдаланишни кўзламоқда.
Эроннинг баёнотлари
Эрон Исроил ҳужумларига муносиб жавоб қайтара олишини маълум қилди ва ўзига ҳужум бўлган тақдирда Исроилдаги нишонларини белгилаб олган. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий маълум қилди.
«Эронга қилинган ҳар қандай ҳужум «қизил чизиқни» кесиб ўтиш ҳисобланади, биз буни жавобсиз қолдирмаймиз. Эроннинг ядровий иншоотларига қилинган ҳар қандай ҳужумга ёки шунга ўхшаш ҳар қандай зарбага муносиб жавоб қайтарамиз», деган Арақчий.
«Биз энди Исроил томонидан ишғол қилинган ерлардаги барча нишонларимизни аниқладик ва уларга қарши ҳам худди шундай ҳужумни амалга оширамиз», деди Арақчий.
У АҚШни танқид қилиб, унинг ёрдамисиз Исроил Ғазо сектори ва Ливанда жанг қила олмаслигини айтди. «Агар америкаликлар ҳақиқатан ҳам сиёсий ирода кўрсатса, улар Исроилни тўхтатиб, ҳужумларга барҳам бериши мумкин эди», деб қўшимча қилган вазир.
«Агар минтақада кенг кўламли уруш бошланса, АҚШ унга жалб қилинади, Эрон буни истамайди», деди Арақчий.
Унинг сўзларига кўра, можаро Форс кўрфази давлатларини қамраб олиши мумкин, лекин буни дипломатик келишув билан ҳал қилиш учун ҳали ҳам имконият бор.
Молдовадаги сайловлар
Молдовада кеча якшанба куни президентлик сайловлари ва мамлакатни Европа Иттифоқига интеграция қилиш бўйича референдум ўтказилди.
Дастлабки саноқларга кўра ким президент бўлиши иккинчи турда ҳал бўлади. Чунки номзодларнинг ҳеч бири 50 фоизликдан кўп овоз жамғара олмаган. 42 фоиз бюллетенлар санаб чиқилганида мамлакатнинг амалдаги президенти Майя Сандуни сайловчиларнинг 35 фоизи қўллагани маълум бўлган.
Иккинчи ўринда россияпараст партия томонидан қўлланаётган Александр Стояногло 29 фоиз атрофида овоз тўплаган.
Референдум бўйича овозлар тенг иккига бўлинган. Бюллетенларнинг 97,43 фоизи санаб чиқилганида евроинтеграция тарафдорлари 49,82 фоиз, қаршилар эса 50,18 фоиз экани маълум бўлган.
Европадаги «тарихий мудофаа пакти»
Буюк Британия келгуси ҳафта Германия билан «тарихий мудофаа пакти»ни имзолайди. Бу Европа Иттифоқи билан янада яқинроқ ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради, деб ёзган The Sunday Times.
Битим Британия ва Германия кучларига НАТО билан бирга Россиянинг шарқий чегарасида, катта эҳтимол Эстония ва Литвада қўшма машғулотлар ўтказиш имконини беради.
Шартнома, шунингдек, мамлакатларга биргаликда кўпроқ қурол сотиб олиш, янги авлод қуролларини яратиш ва ишлаб чиқаришда яқин ҳамкорликка олиб келади, Украинага ҳарбий ёрдам туфайли камайиб бораётган арсеналлар фонида давлатлар мудофаа саноатини мустаҳкамлайди.
Нашрнинг ёзишича, Британиядаги пакт мудофаа, разведка маълумотларини алмашиш, энергия ва ноқонуний миграция масалаларини ўз ичига олган Европа Иттифоқи билан кенгроқ хавфсизлик ва мудофаа келишувига биринчи қадам сифатида қаралмоқда.
Буюк Британия, Германия ва Франция – Европанинг энг йирик ҳарбий давлатлари – агар республикачи Доналд Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонса, АҚШ алянсдаги ролини қисқартиришидан қўрқиб, НАТОда қандай қилиб кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда.
Британия Мудофаа вазири Жон Ҳили НАТОнинг Брюсселдаги саммитида сўзлаган нутқида Германия билан бўлажак келишувни Британия ва Франция ўртасида 2010 йилда тузилган мудофаа ва хавфсизлик битими билан солиштирди. Ҳили Германия билан тузилган шартнома Буюк Британия томонидан ўшандан бери тузилган «энг муҳим икки томонлама битим» бўлишини тан олди.
Ҳили шунингдек, Эстонияда жойлашган Британия қўшинлари янги тайёргарликдан ўтишини ва яна ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлиш учун дрон ва замонавий технологияларни олишини айтди. Октябр ойи бошида Британия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган «Асгард» лойиҳаси доирасида душманни узоқдан аниқлаш имконини берувчи янги дронлар, радиолар ва радарлар тақдим этилади.
Ушбу лойиҳа энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда Британия кучларининг разведка ва жанговар имкониятларини оширишга қаратилган.
Зулмат ичра қолган Куба
Кубада кенг кўламли блэкаут рўй берди. Орол уч кундирки электр таъминотисиз қолган. Одамлар тўполон кўтармоқда. Оролга эса вайронкор тўфон яқинлашмоқда.
18 октябр куни Кубада йирик иссиқлик электр станциясидаги авариядан кейин электр энергиясидан тўлиқ узилиш содир бўлди. 10 миллионга яқин киши электрсиз қолган.
Электр энергияси таъминоти 19 октябр куни қисман тикланганди, аммо якшанбага ўтар кечаси яна бутунлай ўчди. Ҳудудга «Оскар» тўфони яқинлашиб келаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Прогнозларга кўра, шамол тезлиги соатига 140 километрга чиқадиган тўфон Куба соҳилларига маҳаллий вақт билан кеча етиб келган. У мамлакатнинг шарқий ҳудудларига сув тошқини ва кўчкилар олиб келган.
Куба президенти Мигел Диас-Канел расмийлар «тўфон муқаррарлигини ҳисобга олган ҳолда одамлар ва иқтисодий ресурсларни ҳимоялаш учун қаттиқ иш олиб бораётгани»ни айтган.
Электр узилиши энергетик инқирозни кучайтирган — Кубада сўнгги икки ҳафтада мунтазам равишда кунига бир неча соатга электр ўчирилаётганди. Бош вазир Мануэл Марреро Крус телемурожаатида узилишларга эскирган инфратузилма, ёнилғи етишмаслиги ва энергия истеъмоли ортиб кетгани сабаблигини айтган.
Россия кемаларини Қримдан узоқлаштирди
Россиянинг Қора денгиз флоти Украина дронлари туфайли манзилини ўзгартирди: кемаларнинг муҳим қисми Севастополдан бошқа манзилга кўчирилди.
Украина Қуролли Кучлари дронлари ҳужумлари туфайли Россиянинг Қора денгиз флоти ўз манзилини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда россиялик сенатор Дмитрий Рогозин маълум қилди.
«Агар биз яна бир бор қурол тизимларига ва махсус ҳарбий операция даврида жанговар фойдаланиш усулларига киритилган ўзгаришларга қайтадиган бўлсак, унда Қора денгиз флоти яхши мисол бўла олади. У бизнинг катта кемаларимиз душман дрон-катерлари учун қулай нишонга айлангани туфайли манзилини ўзгартиришга мажбур бўлди», деди Рогозин. У бошқа тафсилотларни келтирмади.
2023 йил октябр ойида The Wall Street Journal Россия Қора денгиз флотининг катта қисми аннексия қилинган Севастопол портидан олиб чиқиб кетилгани ҳақида ёзган эди. Газета ўз манбаларига таянди ва сунъий йўлдошдан олинган суратларни келтирган. Берилган маълумотларга кўра, Россия «катта кемаларни, жумладан учта ҳужумкор сувости кемаси ва иккита фрегатни» Севастополдан Россия ва Қримнинг бошқа портларига кўчирган, бу эса «яхшироқ ҳимояни таъминлайди».
OSINT-таҳлилчилар томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош суратлари Россия Қора денгиз флоти кемаларининг муҳим қисми Севастополдан Краснодар ўлкасидаги Новороссийск портига кўчирганини тасдиқлади.
Мавзуга оид
14:05 / 10.01.2026
Венесуэлага $100 миллиард сармоя, Евроиттифоқ тасдиқлаган Mercosur ва Украинага отилган «Орешник» – кун дайжести
14:40 / 09.01.2026
Ғазода бузилаётган сулҳ, Россиянинг «қонуний нишонлари», Истанбулда кучли довул ва интернетдан узилган Эрон – кун дайжести
15:00 / 08.01.2026
Эронда кучайган намойишлар, Россия байроғи остидаги танкерни мусодара қилган АҚШ ва СДФга қарши амалиёт бошлаган Сурия – кун дайжести
14:10 / 07.01.2026