Ўзбекистон | 19:20 / 26.05.2020
25208
2 дақиқада ўқилади

«Қизил» ва «сариқ» ҳудудларда кунлик тест олиш сони оширилади

Ўзбекистон Республикаси президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Йиғилишда президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги «қизил» ва «сариқ» ҳудудларда кунлик тест олиш сонини ошириши лозимлигини таъкидлаган. Тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олиш кўпайтирилади.

Сўнгги 10 кунда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган - Навоийда 57та, Самарқандда 73та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114та шундай ҳолат аниқланган.

Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган.

  • Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда кунига 11,1 мингта тест ўтказилмоқда. Шу вақтгача 550 мингдан ошиқ киши тест қилинган.

Бундан аввалроқ, 23 май куни Тошкентдаги «Ўрикзор» савдо мажмуасидаги сотувчилардан бирида коронавирус инфекцияси аниқлангани, бозор вақтинчалик ёпилгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг Малака ошириш маркази ходимида коронавирус аниқланган, Марказий аппаратда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча ходимлар тестдан ўтказилиши бошланган.

25 май куни эса «Ипотека-банк» бош бошқармаси ходимида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилди.

26 май куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 3281та ҳолат аниқланган, беморларнинг 2627 нафари соғайган, 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид