Жамият | 16:16 / 19.09.2020
44784
6 дақиқада ўқилади

Сувни қандай тежаш мумкин? UzWaterAware'дан фойдали ва қизиқарли видеолар

Тоза ичимлик суви – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг зарурий шартлардан бири. Сув тикланувчи ресурс бўлсада, дунё аҳолиси ортиб бораётгани ҳисобига сув танқислиги муаммоси пайдо бўлган ҳудудлар сони ҳам йилдан йилга кўпаймоқда.

Фото: UzWaterAware

Countrymetres маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрада аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 95 миллионни ташкил этади. Таққослаш учун, 2015 йилда бу кўрсаткич 83 млн кишига тенг бўлган. Қайд этиб ўтиш лозимки, ер аҳолиси 3 каррага кўпайган даврда чучук сувдан фойдаланиш ҳажми 17 мартага ортган. Устига-устак, баъзи прогнозларга кўра, 20 йилдан кейин чучук сувга бўлган талаб ҳажми яна 3 каррага ортиши мумкин.

Чучук сув етишмовчилиги муаммоси Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Сув танқислиги муаммоси бўлган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон 25-ўринни эгаллайди. Мамлакатда сув танқислиги даражаси юқори деб баҳоланади.

2020 йил 16 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда таъкидланишича, сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда сув захиралари 12 фоизга, жорий йилда ўтган йилги билан солиштирганда 15 фоизга камайган.

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг сувни тежаш масалаларига бағишланган UzWaterAware лойиҳаси сув билан боғлиқ муаммолар фонида Евроиттифоқ молиявий кўмаги асосида мултипликацион видеороликлар сериясини тайёрлади. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.

Лойиҳа ташкилотчиларига кўра, рус ва ўзбек тилларидаги мазкур роликлар таълим муассасаларида онлайн ва офлайн дарслар чоғида сув ресурслари мавзусини тушунтириш учун фойдали контент бўла олади. Роликларни оромгоҳларда болаларга намойиш қилиш ҳам мумкин.

«2019 йил якуни – 2020 йил аввалида UzWaterAware’нинг тадбирлари чоғида намойиш этилган таълимий роликлар нафақат болалар, балки катталар учун ҳам бирдек қизиқарли эканига гувоҳ бўлдик. Вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тренинглар, экодарслар, сувни тежаш бўйича экомарафонлар чоғида видеороликлар турли аудиторияларга, жумладан, журналистлар, фермерлар, халқаро, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакилларига намойиш этилди», – дейди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори ва лойиҳа менежери Шаҳноза Умарова.

Жами 5та ролик тайёрланган бўлиб, уларнинг ҳар бирида сув ва уни асрашнинг муҳимлиги хусусида сўз боради. Барча роликлар очиқ фойдаланишда бўлиб, юклаб олиш мумкин.

Роликларнинг бош қахрамонлари ака-ука – Ҳасан ва Ҳусаннинг оиласи. Оилалардан бири сувни эъзозлаб асрайди, иккинчиси эса сувни асраш кераклигини билса-да, бунга ҳар доим ҳам риоя қилавермайди.

Нега сувни эъзозлаш муҳим?

Биринчи видеороликда Ҳасан исмли қаҳрамон сувни асраш ва эъзозлашнинг аҳамиятини тушунтиради, томошабинларни бу борадаги ҳаракатни ўзидан бошлашга чорлайди.

«Сувни эъзозланг ва бунга оилангизни ҳам ўргатинг», – дейди Ҳасан.

Қишлоқ хўжалигида сувни асраш

Ҳасан ўз укасига қандай сув тежовчи технологиялар ёрдамида яхши ҳосилга эришгани ҳақида гапириб беради (пленка, гидрогель, томчилаб суғориш).

Шунингдек, у сув тежовчи технологиялардан фойдаланувчи фермерлар давлат томонидан қўллаб-қувватланишини айтиб ўтади (2019 йил 25 октябрдаги президент қарорига ҳавола берилади).

«Сувдан самарали ва тежамкор фойдаланиш технологияларига давлат катта эътибор қаратади. Бу ҳам тупроқ унумдорлигини сақлаб қолади ва ҳосилга барака беради. Томчилаб суғориладиган ерлар ер солиғидан озод этилади», – дейди Ҳасан.

Уйда сув истеъмоли

Ҳусаннинг уйига меҳмонга келган Ҳасан ва унинг фарзандлари маиший турмушда сувни қандай тежаш мумкинлиги ҳақидаги сўз юритишади.

Унда айтилишича, автомашина 15 дақиқа давомида резина ичак билан ювилганда 120 литрдан кўпроқ чучук сув сарфланади. Худди шу ишни челак орқали амалга оширганда эса 80 литргача сувни тежаб қолиш мумкин.

Кирларни ювиш учун бир ҳафтада 1000 литрдан кўпроқ сув сарфланади. Юз-қўл ювиш, тиш ювиш, идиш ювишда жўмракнинг доимий очиқ туриш ҳолатида (бир дақиқада крандан 7-8 литр сув оқади) ҳам ҳафтасига яна шунча сув сарф бўлади. Тиш ювиш учун стаканга сув олиб фойдаланилганда эса атиги 200 грамм сув керак бўлади холос.

Битта оила бир кунда душ қабул қилиш учун 1000 литрдан кўпроқ сув оқизади. Кучли босимда очилган душдан дақиқасига 20 литр сув оқиб тушишга улгуради. Шу боис душни 5 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда қабул қилиш, сув оқимини жуда зарур бўлгандагина ошириш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, баъзилар унитаздан чиқиндиларни ташлаш мақсадида ҳам фойдаланиб, овқат қолдиқлари, майда чиқитларни ҳам оқизишади. Бу эса сув сарфини янада оширади, тиқилмалар ҳосил бўлишига сабаб бўлади.

Ҳар куни неча литрлаб тоза сувни беҳудага канализацияга оқизиб юбораётганимиз ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Эътиборлиси, бундай сувни грунт ва дарё сувларига қараганда тозалаш анча мураккаброқ ҳамдир.

Ишлаб чиқаришда виртуал сув

Ҳасан ўз яқинларига истеъмол товарлари ва егулик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қанча сув сарфланиши ҳақида гапириб беради.

Виртуал сув бу – истеъмол ёки бошқа маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши учун сарфланадиган жами сув ҳажмидир.

Роликдаги маълумотларга кўра, 3-4 дона нон тайёрлаш учун тахминан 150-200 литр сув сарфланади. Гап шундаки, қишлоқ хўжалиги ва саноат сув ресурсларининг асосий истеъмолчилари ҳисобланади (жами сув истеъмолининг 90 фоизигача).

Бир килограмм шоколад тайёрлаш учун 17 минг литр сув керак бўлади. Бу ўз ичига какао-бобларни етиштириш ва шоколадни саноатда ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам ўз ичига олади.

Сув босиб ўтадиган йўл

Дарёдан келадиган сув уйларимизга ва фермер хўжаликларига етиб боргунга қадар қандай йўлни босиб ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Мавзуга оид