Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Украина ва Евроиттифоқнинг ораси совуқлашди
«Евроиттифоқ – Киевнинг сўнгги дўсти, шунинг учун Зеленский «оғзини юмгани яхши». FT маълумотига кўра, европалик мулозимлар Украинанинг ЕИга имкон қадар тезроқ кириш режаларига шундай муносабат билдирмоқда.
Nicolas Tucat / AFP / Scanpix / LETA
Европа Иттифоқи Украинанинг блокка тезлаштирилган тартибда аъзо бўлишига қарши чиқаётгани, Вашингтон эса келгусида ҳам Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттириш масаласида иккиланаётгани туфайли Украина президенти Володимир Зеленскийнинг иттифоқчилар билан муносабатлари ёмонлашган. Бу ҳақда Financial Times газетаси билан Евроиттифоқ мамлакатлари раҳбарларининг 23-24 апрел кунлари Кипрда бўлиб ўтган самммити якунлари бўйича гаплашган манбалари айтиб берган.
Манбаларнинг сўзларига кўра, Украинанинг юқори мартабали мулозимлаи Евроиттифоқ ва АҚШдан бўлган ҳамкорлар билан учрашувдан Еврокомиссияни блокнинг кенгайиш суръатлари учун танқид қилиш учун фойдаланган ҳамда Украинанинг аъзолигини тезлаштиришни талаб қилган. Уларнинг сўзларига кўра, Украина расмий шахслари Украинанинг ташкилотга аъзо бўлиши Брюсселнинг ўзига ҳам кераклигини айтишган.
FT’нинг турли суҳбатдошларининг айтган гаплари қисқача шундай кўринишда бўлган:
- «Аъзолик – совға эмас. Афтидан, Киевда бу борада қандайдир тушунмовчилик мавжуд».
- «Бу ерда реал муаммо бор: Зеленский ва унинг атрофидагилар [рухсат бериш жараёни] қандай ишлашини ҳеч қачон тўлиқ тушунмаган».
- «Улар „биздан қарздорсиз“ дейишмоқда. Ва бу ёрдам бермайди».
Украина 2022 йил ёзида, Россия қўшинларининг кенг кўламли босқини бошланганидан тўрт ой ўтиб Европа Иттифоқига аъзо мамлакат мақомини олганди. Зеленский Украинани блокка 2027 йилдаёқ қабул қилишни талаб қилиб келади. Еврокомиссиядагилар Украина аввалига номинал аъзо бўлишини, зарур ислоҳотлар ўтказилганидан кейингина аста-секинлик билан турли имтиёзлардан фойдалана бошлаши мумкинлигини кўзда тутган. FT маълумотига кўра, ташкилотнинг асосий давлатлари ҳисобланган Франция ва Германия ҳам аъзолик жараёни босқичма-босқич кечиши ва камида тўққиз йилга чўзилиши тарафдори. Зеленский апрел ойида Украинага рамзий аъзолик керак эмаслигини, мамлакат Евроиттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлмоқчи эканини айтганди.
Газета манбаларига кўра, Кипрдаги саммитда Евроиттифоқнинг бир қанча етакчилари Зеленскийнинг кутилмаларини пасайтиришга ҳаракат қилишган. «У айрим шафқатсиз ҳақиқатларни эшитишга мажбур бўлди. Бу у ўйлагандек осон бўлмайди», – деган манбалардан бири. Нашр суҳбатдошлари Украина ЕИга аъзо бўлиб кириш учун талаб этиладиган ислоҳотларни, айниқса, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш чоралари каби муҳим соҳалардаги ислоҳотларни жуда секинлик билан амалга оширмоқда: «Уларнинг ички ислоҳотлари боши берк кўчага кириб қолди. Бу ёмон ва буни барча билади».
Евроиттифоқ мамлакатларидан бўлган бир неча дипломат Зеленский тўрт йиллик урушдан кейин қандай босим остида турганини яхши тушунишлари, шу билан бирга, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун бунга муносиб бўлиш талаб этилишини қайд этишган.
FT суҳбатдошлари АҚШ Украинага тўғридан тўғри ҳарбий ва молиявий ёрдамни тўхтатгани, Россия билан тинчлик музокаралари жараёни эса аллақачон боши берк кўчага кириб қолгани туфайли ҳозирда Евроиттифоқ Киевнинг асосий ҳамкори бўлиб қолганини таъкидлашган. «Биз – унинг [Зеленский] охирги дўстларимиз, шунинг учун у оғзини юмгани маъқул», – деган европалик мулозимлардан бири.