Жаҳон | 15:51 / 13.04.2026
3268
9 дақиқада ўқилади

АҚШ—Эрон музокаралари ва блокада, Венгрияда якунланган Орбан даври ва Маккага киришда чекловлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ—Эрон музокаралари натижасиз якунланди

Покистондаги АҚШ—Эрон музокаралари шанба кунидан якшанба тонгигача давом этди. Бу сўнгги ўн йилдан ортиқ вақтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги илк тўғридан тўғри ва энг юқори даражадаги мулоқот бўлди.

АҚШ расмийси сўзларига кўра, Эрон Вашингтоннинг уранни бойитишни тўхтатиш, йирик бойитиш иншоотларини демонтаж қилиш ва бойитилган уранни топшириш ҳақидаги чақириғини рад этган.

Шунингдек, Эрон Ҳамас, «Ҳизбуллоҳ» ва ҳусийчиларни молиялаштиришни тўхтатиш, Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш ҳақидаги талабларни ҳам рад этди.

Эрон ОАВларига кўра, бўғоз ва Эроннинг ядровий дастури асосий келишмовчилик нуқталари бўлиб қолган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон «англашув меморандуми»дан бир неча қадам нарида бўлганида «максимализм, шартларнинг ўзгариши ва блокада»га дуч келмоқда.

«Нол даражадаги сабоқ олинган. Яхшилик яхшиликни, адоват эса адоватни туғдиради», дея қўшимча қилди у.

Трамп якшанба куни дастлаб Эрон музокараларни давом эттиришига ишонишини айтди ва Исломободдаги муҳокамаларни «жуда дўстона» деб атади. Бироқ бир неча соат ўтгач, АҚШ президенти «чорасиз қолган» Эроннинг музокаралар столига қайтиши унга қизиқ эмаслигини билдирди.

Венгрияда сайловлар: Орбан даври якунланди

Якшанба куни бўлиб ўтган умумхалқ сайловларида Венгрия бош вазири Виктор Орбан 16 йиллик бошқарувдан сўнг марказчи «Тиса» партиясига ҳокимиятни бой берди.

62 ёшли Орбан иқтисодий турғунлик, халқаро яккаланиш ва бойлик тўплаётган олигархлардан чарчаган маҳаллий сайловчилар орасида ўз нуфузини йўқотганди. Орбаннинг қақшатқич мағлубияти 45 ёшли Петер Мадярга – 199 ўринли қонун чиқарувчи органда мутлақ кўпчилик овозни тақдим этди.

Деярли барча овозлар санаб чиқилгач, «Тиса» партияси 138 та ўринни қўлга киритиши кутилмоқда. Бу Мадярга Орбаннинг конституциявий ўзгаришларини бекор қилиш учун зарур бўлган кўпчилик овоздан ҳам кўпроқдир.

«Биз буни уддаладик. Биз биргаликда Орбан тизимини алмаштирдик, Венгрияни озод қилдик ва мамлакатимизни ўзимизга қайтариб олдик», деди Мадяр.

Орбаннинг ўзи эса сайловлардаги мағлубиятини тан олди ва Мадярга қўнғироқ қилиб, уни табриклаган:

«Сайлов натижаси биз учун оғриқли, лекин аниқ. Нима бўлишидан қатъи назар, ҳатто мухолифатда бўлсак ҳам, мамлакатга хизмат қиламиз», деди Орбан «Фидес» партиясининг сайловолди штабида.

Европа етакчилари Венгриянинг иттифоқ ичидаги муросасиз ролига чек қўйилишига умид қилмоқда. Бу эса Орбан томонидан тўсиб қўйилган — Украинага ажратилиши керак бўлган 90 миллиард евролик кредитга йўл очиши мумкин.

Орбаннинг кетиши Россия президенти Владимир Путинни ЕИдаги асосий иттифоқчисидан маҳрум қилади. Шунингдек, Ғарбдаги ўнг қанот доиралари, жумладан, Оқ уй учун ҳам кутилмаган зарба бўлди.

АҚШ Эрон портларини блокада қилмоқчи

АҚШ Марказий қўмондонлиги музокараларда келишувга эришилмагач, душанбадан бошлаб Эрон портларини блокада қилишини билдирди. АҚШ блокадаси «Эрон портлари ва қирғоқ ҳудудларига, жумладан, Араб кўрфази ва Уммон қўлтиғидаги Эроннинг барча портларига кираётган ёки у ердан чиқаётган давлатлар кемаларига нисбатан қўлланади».

АҚШ ҳарбийларининг таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғози орқали Эрондан бошқа давлатлар портларига қатнаётган кемалар ҳаракатига тўсқинлик қилинмайди.

Президент Доналд Трамп якшанба куни АҚШ кучлари халқаро сувларда Эронга бож тўлаган ҳар бир кемани тўхтатишини айтганди. «Ноқонуний бож тўлайдиган ҳеч ким очиқ денгиздан хавфсиз ўта олмайди. Бизга ёки тинч кемаларга қарата ўт очган ҳар қандай эронлик ЖАҲАННАМГА ЙЎЛЛАНАДИ!» деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқларда.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари эронликлар Ҳўрмуз бўғозига ташлаган миналарни йўқ қилишни бошлайди.

Эрон Ислом инқилоби мухофизлари корпуси эса бўғозга яқинлашаётган ҳарбий кемалар сулҳнинг бузилиши деб ҳисобланиши ва уларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Бу эскалация хавфини янада оширди.

АҚШ ва Исроил бошлаган олти ҳафталик жанглар минглаб одамлар ўлимига сабаб бўлди, жаҳон иқтисодиётини ларзага келтирди ва нефт нархини кескин кўтарди.

Эрон расмийси Муҳаммад Боқир Ғолибоф тармоқларда Вашингтон атрофидаги бензин нархлари харитасини жойлаштириб, шундай изоҳ қолдирди: «Ҳозирги заправка нархларидан завқланинг. Бу блокада билан тез орада 4-5 долларлик бензинни соғинч билан эслайдиган бўласиз».

Трамп ҳам Fox News'га берган интервюсида нефт ва бензин нархлари ноябр ойидаги оралиқ сайловларгача юқори қолиши мумкинлигини айтди. Бу уруш эҳтимолий сиёсий оқибатларининг ноёб эътирофидир.

Ғазога ёрдам флотилияси йўлга чиқмоқда

Испаниянинг Барселона портидан Ғазо секторидаги аҳолига ҳуманитар ёрдам олиб кетаётган иккинчи флотилия йўлга чиқишни режалаштирмоқда. Миссиядан кўзланган асосий мақсад — Исроил томонидан ўрнатилган денгиз блокадасини ёриб ўтишдир.

Флотилия вакили сўзларига кўра, Ўрта Ер денгизи бўйидаги ушбу порт шаҳардан 39 та қайиқ чиқиши кутилмоқда. Йўналиш давомида уларга тиббий буюмлар ва бошқа зарурий маҳсулотлар билан юкланган қўшимча кемалар ҳам қўшилиши кўзда тутилган.

Ташкилий қўмита аъзоси Тиаго Авиланинг маълум қилишича, денгиздаги кучли тўлқинлар сабаб кемалар дастлаб бошқа портга йўл олади ва ҳафта охирроғида халқаро сувларга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ҳам биринчи флотилия Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилган эди. Ўшанда швециялик эко-фаол Грета Тунберг ва 450 дан ортиқ иштирокчи ҳибсга олинган.

Ғазо секторига барча кириш йўлларини назорат қилувчи Исроил у ердаги 2 миллиондан ортиқ аҳолига ёрдамни чеклаб қўйган. Октябр ойида эришилган ва ёрдам ҳажмини ошириш кафолатланган сулҳ битимига қарамай, ҳудудга етиб бораётган маҳсулотлар ҳамон етарли эмас.

Ҳаитидаги тиқилинчда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Шанба куни Ҳаитининг машҳур сайёҳлик масканида юз берган оммавий тиқилинч оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди.

Ҳодиса ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Лаферер қалъасида ўтказиладиган Пасха байрами вақтида юз берган. Ҳаити фуқаро муҳофазаси раҳбари Жан Анри ўлим ҳолатлари сони яна ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

19-асрга оид мазкур қалъанинг асос солинганини хотирлаш тадбири кенг реклама қилингач, у ерга жуда кўп сонли талабалар ва сайёҳлар тўпланган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тиқилинч объектга кириш дарвозаси яқинида бошланган. Тўсатдан бошланган кучли ёмғир одамлар орасида ваҳима келтириб чиқариб, вазиятни янада оғирлаштирган.

Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва барча тегишли идоралар жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилган.

Маккага киришда чекловлар

Саудия Арабистони Умумий хавфсизлик хизмати расмийлари муқаддас Макка шаҳрига кириш қоидаларига ўзгартириш киритди. 2026 йил 13 апрелдан кучга кирадиган қоидаларга кўра, 3 тоифадан ташқари барча учун Макка шаҳрига киришда чекловлар ўрнатилади. Фақат амалдаги Ҳаж рухсатномаси, Макка шаҳри томонидан берилган яшаш гувоҳномаси ёки Маккада ишлаш рухсатномасига эга бўлганлар ушбу шаҳарга кира олади.

Ушбу уч тоифадан бирига кирмайдиган ҳар қандай шахс визасининг тури ёки саёҳат мақсадидан қатъи назар, муқаддас шаҳарга киритилмайди. Хусусан, Умра визаси эгалари ҳам 18 апрелга қадар Саудияни тарк этиши шарт.

Ушбу чекловларнинг қўлланиши ҳар йилги Ҳаж мавсумига тайёргарликнинг стандарт қисми бўлиб, миллионлаб ҳожилар кела бошлаган бир пайтда – шаҳарга киришни тартибга солиш ва назорат қилишга хизмат қилади.

Ҳаж-2026 мавсуми 25 майда бошланиши, Арафа куни эса тахминан 26 майга тўғри келиши кутилмоқда.

 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид