Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон музокаралари

Бугун — 11апрел куни Покистон пойтахти Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тугатиш бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Айни вақтда вице-президент Ж. Д. Вэнс бошчилигидаги АҚШ делегацияси Исломободга йўл олган.

Парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилигидаги Эрон делегацияси эса жума куни Покистонга етиб келган.

Ғолибоф аввалроқ Вашингтон Эрон активларини блокдан чиқаришга ва Ливанда ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу ваъдалар бажарилмагунча музокаралар бошланмайди.

Ғолибоф, шунингдек, агар Вашингтон «ҳақиқий келишув» таклиф қилса ва Эроннинг ҳуқуқларини тан олса, келишувга тайёрлигини билдирди.

Теҳрон музокаралардаги кун тартибига янги санкцияларни бекор қилиш ва Ҳўрмуз бўғози устидан ўз ваколатларини тан олдириш талабларини ҳам киритган. Эрон у ерда транзит тўловларини йиғиш ва ўтиш йўлини назорат қилиш мақсадида. Бу минтақавий кучлар мувозанатининг кескин ўзгаришини англатади.

Оқ уй Эроннинг талабларига дарҳол муносабат билдирмади, бироқ Трамп ижтимоий тармоқларда эронликлар тирик қолганининг ягона сабаби музокаралар эканини ёзди.

Покистонга йўл олган Вэнс ижобий натижа кутаётганини айтди, аммо қўшимча қилди: «Агар улар бизни ўйин қилмоқчи бўлишса, музокаралар жамоаси бунга унчалик мойил эмаслигини кўради».

Шанба куни Исломободда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилди. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф «ҳал қилувчи» деб атаган музокаралар арафасида кўчаларга минглаб ҳарбийлаштирилган ходимлар ва қўшинлар чиқарилди.

Музокаралар билан бир қаторда жума куни ҳам Ливан жанубида Исроил ҳужумлари давом этди. Набатия шаҳридаги ҳукумат биносига берилган зарба натижасида Ливан хавфсизлик кучларининг 13 аъзоси ҳалок бўлди. «Ҳизбуллоҳ» бунга жавобан Исроил шимолидаги шаҳарларга ракета зарбалари берганини маълум қилди.

Астронавтлар Ерга қайтди

Жума куни Artemis II миссиясининг тўрт кишилик экипажи Ерга қайтди. Деярли 10 кун давом этган ушбу миссия инсониятнинг ярим асрдан кўпроқ вақт ичида Ой яқинига амалга оширган илк парвози бўлди.