Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Демократлар импичмент масаласини кўтармоқда

9 апрель куни АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар демократларнинг Эронга қарши ҳужумларни тўхтатишга уринишини тўсиб қўйди. Республикачи конгрессмен Крис Смит – бир гуруҳ демократлар АҚШ ҳарбий операциясини тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилишга уринишдан аввал мажлисни якунлади.

Трампнинг маслакдошлари бўлган республикачилар Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам кичик фарқ билан кўпчиликни ташкил этади ва деярли бир овоздан унинг барча сиёсатларини қўллаб келмоқда.

Пайшанба кунги бу ҳаракат асосан рамзий маънога эга. Шунга қарамай, келаси ҳафтада демократлар ҳарбий ваколатларни яна кун тартибига қўймоқчи.

Трампнинг шу ҳафта бошидаги «бутун бир цивилизация ҳалок бўлади» деган таҳдиди демократлар орасида хавотирни кучайтирди. Ўнлаб демократлар Трампни лавозимидан четлатишга чақирмоқда.

«Геноцид билан таҳдид қилиш – бу музокара тактикаси эмас», деди демократ конгрессмен Сара Жейкобс.

Оқ уйнинг билдиришича, Трампнинг ҳаракатлари қонуний бўлиб, чекланган ҳарбий операциялар орқали АҚШни ҳимоя қилиш Олий қўмондон сифатидаги ҳуқуқлари доирасига киради.

Трампнинг биринчи президентлиги даврида Вакиллар палатаси уни икки марта импичмент қилган, бироқ Сенатдаги республикачилар уни оқлаган эди.

Иккинчи муддатда ҳас демократлар очиқчасига импичмент масаласини кўтармоқда ва Трампни ўз вазифаларидан, ҳеч бўлмаганда вақтинча озод қилиш учун уринмоқда.

«Импичмент бу — виждонсиз ва ўйламасдан иш тутадиган президентни жиловлаш учун конституциявий чорадир», деди демократ конгрессмен Мадлен Дин.

Демократлар Трампни Эрон масаласида жиловлаш ҳаракатларини нарх-наво муаммоси билан боғлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки нефт ва табиий газ етказиб беришдаги узилишлар АҚШда бензин ва ўғитлар нархининг ошишига олиб келди. Бу эса аллақачон юқори бўлган бошқа истеъмол товарлари нархлари устига қўшилди.