Ўзбекистон | 08:29 / 29.03.2022
28807
4 дақиқада ўқилади

Талабасига тегажоғлик қилишда айбланаётган “замдекан иши” бўйича тергов якунланди, иш судда ёпиқ кўрилади – Бош прокуратура

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари, талаба қизни зўрлашга уринишда айбланган Боғабек Юлдашевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов якунланиб, иш судга оширилган. Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов иш судда ёпиқ тарзда кўрилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ҳаёт Шамсуддиновнинг таъкидлашича, декан ўринбосарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари 4 март куни якунланган, томонлар иш ҳужжатлари билан таништирилган.

8 март куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, Яккасарой туман прокуратурасига юборилган. 10 март куни эса жиноят иши прокуратура томонидан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 27 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3-курс талабаси Муштарийбону Комилова Nemolchi.uz лойиҳасига мурожаат қилиб, декан ўринбосари Боғабек Юлдашевнинг хонасига кирганида мансабдор шахс унга нисбатан шилқимлик қилганини айтганди. Талаба қизга кўра, воқеа 2021 йилнинг 18 октябрь куни содир бўлган.

Бинонинг 2-қаватидан пастга қулаган Муштарийбонуга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суяклари синиб силжиши, қуймуч суяги ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғи синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан 19 октябрь куни ЖКнинг 118- (номусга тегиш) ва 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, у 23 октябрь куни Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушлангани ҳақида маълум қилганди.

Ушбу воқеа жамоатчилик ўртасида катта резонанс келтириб чиқарган, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Интернет фойдаланувчилари жабрланувчи ва унинг онаси томонидан очиқланган воқеа тафсилотлари бир-бирига мос келмаётгани, жумладан, тажовузга учраган қиз қачон йигитига телефон қилиб, ёрдам чақиришга ва қаерда эканини айтишга улгургани, йигит қандай қилиб “Нархоз”дан Педуниверситетга 8 минутда етиб келиб, замдеканнинг хонасини топиб борганини сўроқ остига олганди. Nemolchi.uz томонидан эълон қилинган воқеа баёни ва Муштарийбонунинг 21 декабрь куни бўлиб ўтган Аёллар форумидаги ҳикоясида ҳам фарқли жиҳатлар мавжуд.

Ҳозиргача Боғобек Юлдашевнинг яқинлари ОАВ ёки ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилгани йўқ. Жиноят ишини тергов қилаётган Тошкент шаҳар прокуратураси ҳам ўтган вақт давомида янги баёнот бермади.

«Замдекан» можароси ортидан ТДПУ ректори Алишер Умаров ишдан олинган, унинг ўрнига Абдуғаффор Қирғизбоев тайинланганди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимдаги хотин-қизлар зўравонликнинг турли кўринишларига дуч келганда мурожааат қилишлари учун 1006 ишонч телефони ҳамда @himoya_otv_bot’ни ишга туширди.

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Тошкент давлат педагогика университетида талаба қиз декан ўринбосари томонидан аввалига тегажоғликка учраб, сўнг 2-қават деразасидан итариб юборилгани айтилаётган ҳолатга муносабат билдириб, олий таълим муассасаларида талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо эканини таъкидлаганди.

25 ноябрь – 10 декабрь кунлари Ўзбекистонда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол саъй-ҳаракатлар” кампанияси ўтказилди. Ушбу тадбир олдидан “Биргаликда зўравонликни енгамиз!” деб номланган халқаро форум ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Саида Мирзиёева ҳар қандай зўравонлик илдизини қуритиш йўлидаги курашда аёлларнинг олд сафида бўлишини билдирди.

Мавзуга оид