Ўзбекистон | 13:49 / 18.08.2022
55670
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ҳокими Ангор прокурорини ҳақоратлаган аудио тарқалди. Ҳоким ҳимоя қилган “тадбиркор” ўзининг синфдоши бўлиши мумкин

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов ўзига яқин таниш бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортгани учун Ангор туман прокурорини ҳақорат қилиб, терговга тўғридан тўғри аралашган.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлагани, уни сектор раҳбари сифатида иш кўрсатмаётганликда айблагани билан боғлиқ аудиоёзув тарқалди.

Суҳбат жараёнидан англаш мумкинки, вилоят ҳокими Боболов прокурорни туманда сектор раҳбари сифатида етарли даражада иш олиб бормаётганликда айблаган.

Ҳоким прокурорга тумандаги тадбиркорни чақириб безовта қилаётганини айтган. Бунга жавобан Рамазонов: “Давлатнинг пулини егани учун чақирганман”, деб эътироз билдирган.

Суҳбат аввал бошдан зиддиятли бошлангани учун икки томон ҳам ҳурматни четга суриб қўйган.

Тилингни бир қарич қиласан менга! Итараман мен, б***т! Ўзингча менга ғуддайма, жўра! Ёқмаётан бўлса кет н***й б***т. Сен нима демоқчисан менга? Сенга ўхшаганни тиқиб юбораман. Тушундингми? Сен менинг совунимга кир ювмабсан, оғайни. ... твою мать! С***н н***й б***т! Шошмай тур.

Саволимга жавоб бер, техникани киритдингми? Жавоб бер. Экспорт қилдингми, жавоб бер!” деган вилоят ҳокими.

Тўра Боболов шундан сўнг телефон орқали прокурор масаласида ким биландир суҳбатлашган. У суҳбатдошига Ангор прокурорининг тили бир қарич экани, ҳолат бўйича бош прокурор билан гаплашишини билдирган.

Тарқалган аудиоёзув бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди. Унга кўра, аудиоматериал шу йил феврал ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, “бошқача талқин қилинган”.

“Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган”, дейилади изоҳда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, сектор раҳбари сифатида прокурорга ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Kun.uz'нинг вилоят прокуратурасидаги манбаси Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг муносабатига эътироз билдирди. Аудиоёзув ҳеч қандай монтаж эмаслиги, ҳоким ва прокурор мулоқоти 2022 йил феврал эмас, 2021 йил декабр ойида Zoom орқали ўтказилган йиғилишдан олинганини маълум қилди.

“Прокурор у ерда вазифасини бажарган. Давлат камбағаллар учун ажратган субсидияни бандлик ходимлари билан келишиб, еб юборишган. Ўшаларни жавобгар қилган прокурор. Вилоят ҳокими тўғридан тўғри жиноят ишига аралашган бу ерда. Халқ ҳокимнинг башарасини кўрсин, ҳозир жавобгарлик масаласи ҳам кўриляпти”, – деди прокуратура вакили.

Манбага кўра, Тўра Боболов йиғилишда ҳимоя қилган тадбиркор ўзининг синфдоши ёки қариндоши бўлиши мумкин.

Ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳам баёнот берди. Баёнотда аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани айтилган.

Мавзуга оид