Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқонда “дом” портлади, илк пулли йўл қурилиши бошланди, Wolt кетди – маҳаллий дайжест
Хоразм вилоятида Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли қурилиши бошланди, Жарқўрғон туманида банкоматларга ажратилган пул маблағлари банк ходимлари томонидан ўзлаштирилгани аниқланди. Wolt етказиб бериш хизмати Ўзбекистон бозорини тарк этмоқда. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли қурилиши бошланди
Хоразм вилоятида Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли қурилиши бошланди: янги трасса Урганч ва Хива шаҳарларини боғлайди. 35 километрлик пулли магистрал ҳозир мавжуд 34 км узунликдаги йўлга муқобил бўлади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн доллар. Пулли йўл 4 тасмали, асфалтбетон қопламадан иборат бўлади ва суткасига 20 мингта транспорт воситасини ўтказа олади. Таъкидланишича, лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилади.
Бу лойиҳа билан бир вақтда, Урганч халқаро аэропортидан Хива шаҳрига қатнайдиган поезд учун электрлаштирилган темирйўл ҳам қуриляпти. 10 км 850 метр узунликдаги темирйўл лойиҳасининг умумий қиймати 18 млн доллардан ортиқ.
Банк ходимлари банкоматларга ажратилган маблағни ўзлаштиргани аниқланди
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида банкоматларга ажратилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Дастлабки текширувларга кўра, тижорат банкининг банк хизматлари маркази ходимлари жами 395,3 млн сўм маблағни талон-торож қилган бўлиши мумкин.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жарқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳудудий тижорат банки банк хизматлари маркази собиқ шуъба мудири Т.С. ўзига бириктирилган банкоматларга ажратилган 262,5 млн сўм маблағни ўзлаштиргани ва растрата йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. Шунингдек, мазкур марказнинг назоратчи кассири С.Н. ҳам банкоматларга ажратилган маблағлардан 132,8 млн сўмни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож этганликда гумон қилинмоқда.
Wolt етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатади
Wolt етказиб бериш хизмати 1,5 йиллик фаолиятдан сўнг Ўзбекистон бозорини тарк этади. Сервис 4 мартгача одатдаги тартибда ишлайди. Компания қарорни «Ўзбекистон бозорининг ўзига хослиги ва ўзининг стандартларига мос сервис даражасини барқарор таъминлай олмаслиги» билан изоҳлади.
Компания бу қарорни қабул қилиш осон кечмагани, лекин инвестицияларни узоқ муддатли ва барқарор бизнес қуриш мумкин бўлган йўналишларга қаратиш мақсадида стратегия қайта кўриб чиқилганини қайд этган. Компания Ўзбекистондан ташқари Қатар, Сингапур ва Япония бозорини ҳам тарк этмоқда.
Wolt – 2014 йилда Финландияда ташкил этилган етказиб бериш хизмати бўлиб, ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда.
Фарғона боғчаларидаги заҳарланиш: таъминотчи корхона ҳокимлик имтиёзидан фойдаланган
Фарғона вилоятида болалар оммавий заҳарланган боғчаларга озиқ-овқат «Garden Catering Trade» МЧЖ томонидан етказиб берилган. Вилоят ҳокимлиги мазкур таъминот корхонасини давлат харидлари талабларига зид равишда танлаган. Ҳокимлик бу ҳақдаги огоҳлантиришни эътиборсиз қолдирган ва танлов жараёнларида ушбу ташкилотга имтиёз бериб келган.
Эслатиб ўтамиз, 20 феврал куни Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларининг жами 62 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилинганди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қўқондаги кўп қаватли уйда газ портлади
Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида кўп квартирали уйда газ портлаши оқибатида ёнғин чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 25 феврал куни соат 14:47 да ФВБга «Бўстон» МФЙда жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида чақнаш содир бўлиб, унинг оқибатида ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга асосан, қутқарув бўлинмалари айтилган манзилга етиб борган. Ҳозирда ёнғинни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Вазият назоратга олингани билдирилди. Сўнгги маълумотга кўра, тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.
Мавзуга оид
20:26 / 03.04.2026
Фарғонада мудҳиш қотиллик, Ўшга авиақатнов ва ходимга берилган зарба – маҳаллий дайжест
20:09 / 02.04.2026
Гулистонда одамлар эвакуацияси ва тиббиётчиларга 5 кунлик иш ҳафтаси – маҳаллий дайжест
19:51 / 01.04.2026
«Алимент»чиларга янги чекловлар, «техпаспорт»га 5 йиллик муддат ва поезд кечикса компенсация – маҳаллий дайжест
22:07 / 31.03.2026