2024 йил 25 июлда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қарори билан Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида кейтеринг тизими жорий этилганди. Ўшанда «Garden Catering Trade»нинг овқат тайёрлаш ва етказиб бериш бўйича таклифлари маъқулланган. Лойиҳа ижобий баҳоланган тақдирда, тизимни Фарғона шаҳрида ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Қарор қабул қилинганида таъминот корхонаси ташкил этилганига бир ойдан бироз кўпроқ вақт бўлганди.

Вилоят ҳокимлиги 2024 йил 30 июлда тайёр таомларни етказиб бериш тизими (кейтеринг) синов тариқасида жорий этилаётганини маълум қилган. 1 августдан бошлаб «Garden Catering Trade» компанияси тендер ва танловсиз беш ой давомида боғчаларга озиқ-овқат етказиб бериш ҳуқуқини қўлга киритган.

«Туркиялик ҳамкорлар билан ташкил этилган Garden Catering қўшма корхонасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган соғлом овқатланиш талаблари асосида болалар учун белгиланган рационда 100 турдан зиёд таомлар, салатлар ҳамда десертлар тайёрланиши, корхонага 12 нафар туркиялик юқори малакали шеф-ошпазлар ҳамда 2 нафар соғлом овқатланиш бўйича инженер-технологлар жалб этилгани синов тажрибаси учун ушбу компанияни танлаб олишда асос бўлган», – дейилганди хабарда.

«Garden Catering Trade» МЧЖ аввалига қўшма корхона шаклида, Иқболжон Бозоров ва Йилдирим Адемнинг тенг шериклигида таъсис этилган. 

Айни пайтда МЧЖ қўшма корхона эмас ва унинг 100 фоизлик улушига Иқболжон Бозоров эгалик қилади.

Кейинроқ ушбу корхона кутилганидек Фарғона шаҳридаги боғчаларга ҳам хизмат кўрсатишни бошлайди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг эътиборсиз қолдирилган тақдимномаси

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил июл ойида Фарғона вилоятидаги давлат мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этишда қоидабузарликларни аниқлаган. Бу ҳақда агентлик Kun.uz’га маълум қилди.

Ўшанда Фарғона вилояти давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этиш ҳолати ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра, Қувасой ва Фарғона шаҳарларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланган.