Жаҳон | 19:34 / 19.11.2025
7386
6 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё тақдирида янги давр бошландими? Озарбойжоннинг қўшилиши нимадан дарак?

Тошкентда ўтган МО ва Озарбойжон етакчиларининг маслаҳат учрашуви, ахборотга тўла даврда яшаётган одам учун одатдаги расмий тадбирлардек кўринса-да, аслида минтақамиз тақдирида кечаётган яна бир катта ўзгаришни расмийлаштирди. Аввало Озарбойжон бу клубнинг доимий аъзосига айланган бўлса, минтақа марказидаги Ўзбекистон Марказий Осиё ҳамжамиятини таъсис этиш таклифи билан чиқди.

15-16 ноябр кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу – еттинчи учрашув эди.

Одамлар катта ахборот оқимлари ичида қолар экан, аслида нима бўлаётганини чуқур англаши қийин бўлиши мумкин. Чунки барча ОАВ бир хил ёки ўхшаш нарсалар ҳақида гапирар экан, одамлар онгида бир хиллик пайдо бўлади, бўлаётган воқеалар катта оқимдек кўринади.

Аслида эса, Марказий Осиё тақдирида, тарихида ўта жиддий ижобий ҳодисалар бўлиб ўтмоқда. Фақат бу воқеалар дипломатик қоидалар ва сиёсий оҳисталик замирида бўлаётгани учун, ўтмишдаги контрастни ва ташқи дунёдаги вазиятларни тўлиқ англаш учун бироз синчков нигоҳ зарур бўлади.

Бир эслайлик, 2016 йилга қадар, айниқса 90-йилларнинг иккинчи ярми, 2000-йилларда минтақамиз давлатлари учга бўлиниб қолган эди. Кимдир Россияга юзланган, унинг асосий ҳарбий-стратегик ва иқтисодий лойиҳаларидан нажот излаган; яна кимдир Ғарбга юзланиб, минтақадаги қолган давлатларга зимдан қарши турган; Туркманистон эса нейтраллик байроғи остида минтақа ишларидан ўзини четга олган давр бўлди.

Бу даврда минтақа давлатларининг фикри, сиёсий ва геосиёсий қарашлари бир жойдан чиқиши уёқда турсин, ўзаро яширинча ва ошкора тирашув – кундалик ҳолат эди.

Ўзбекистоннинг деярли барча қўшнилар билан муносабати ўта совуқ эди. Баъзи давлатлар билан чегаралар миналаштирилган, қолган давлатларга ҳам чиқиб келиш катта азоб-уқубатларга гирифтор қилувчи муаммо эди. Кейинги 8-9 йил эса МО мустақиллиги тарихида ҳозирча энг узоқ муддатли хотиржамлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик, кооперация ва геосиёсий жипслик даври бўлиб келмоқда. Бу – яқин тарихимизда кузатилмаган ҳолат, катта ютуқ.

МО давлат раҳбарлари маслаҳатлашув учрашувларининг ушбу Тошкент саммитида катта тарихий бурилиш юз берди. Президент Мирзиёев Озарбойжоннинг ушбу маслаҳатлашув учрашувларига тўлақонли иштирокчи давлат бўлиб кирганини эълон қилди. Бу билан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақалари яна бир кўп тарафлама уюшма, халқаро клуб доирасида бирлашди. Лекин, кўп тарафлама бошқа форматлардан фарқли ўлароқ, Озарбойжон ва МО давлатлари ўртасида самимийлик, тенглик ва ўзаро ишонч мутлақ юқори экани инобатга олинса, бу ҳамкорликдан барча давлатлар ўта манфаатдор экани кўриниб туради.

Саммитда Ўзбекистон президенти Мирзиёев нутқ сўзлаб, Марказий Осиё давлатлари маслаҳатлашув учрашувлари ўтган 7 йил ичида тарихий миссияни жуда муваффақиятли бажарганини билдирди. У ушбу форматнинг истиқболдаги тарихий миссияси ҳақида фикр билдириб, Марказий Осиё ҳамжамияти номли стратегик платформани шакллантириш вақти келганини айтди. Бунинг учун котибият таъсис этиш, оқсоқоллар кенгашини тузиш, миллий координаторлар мақомини ошириш таклиф этилди.

Минтақа бўйича экспертлар: “Нега МО маслаҳатлашув учрашувлари тўлақонли интеграция лойиҳасига, институционал ташкилотга айланмаяпти?!” деган саволларни кўп қўйишган эди. Президент Мирзиёев саммитгача чоп этилган махсус мақоласида ва саммит нутқида ҳам ушбу саволга жавоб берадики, шу пайтга қадар минтақа давлатлари орасида йиғилиб қолган ишончсизлик руҳиятидан халос бўлиш учун, кооперация ва интеграция учун керакли замин тайёрланиши керак эди. Ўтган етти йилда бу миссия кенг маънода бажарилди. Эндиги вазифа сифатида кооперация ва интеграциянинг ташкилий шаклини белгилаш, мазмун-моҳиятини янги даражага олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Озарбойжон ва МО давлатлари ҳамкорлиги, боғлиқлиги тарихан мисли кўрилмаган юқори бир даражага етди. Кейинги уч йил ичида МО давлатлари раҳбарлари жами 30 марта Озарбойжонга борган. Озарбойжон президенти Алиев эса жами 13 марта минтақа давлатларига келган. Илҳом Алиев Тошкент саммитидан олдин берган интервюсида ва эълон қилган мақоласида МО давлатлари ва Озарбойжон ҳамкорлигини “стратегик бирдамлик” деб атади.

Бу атама бежиз ишлатилгани йўқ. Жанубий Кавказ ҳам, МО ҳам ташқи геосиёсий тўқнашувлар, зўриқишлар ва босимлар, глобал ишончнинг пасайиши ва халқаро сиёсатни ревизия қилиш даврида яшамоқда. Страгетик бирдамликдан мақсад – МО давлатлари, Озарбойжон, қолаверса, Туркия иштирокида жипс ва ҳамжиҳат глобал ҳамкорлик яратишдир. Бу – ташқи қудратлар учун Марказий Осиё ёки Озарбойжондан биттасини безовта қилиш, босим қилиш – қолган давлатлар билан ҳам муносабатларга салбий таъсир қилишини англатувчи ишорадир.

Ушбу саммитда Ўзбекистон президенти Мирзиёев ўз нутқини қуйидаги жумлалар билан тугаллади: “Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин”.

Минтақа кооперацияси ва истиқболдаги интеграцияси замирида турадиган формулани айнан шу жумлалар энг аниқ ифодалаб турибди. Минтақа ҳаётида янги давр бошланяпти. Бу – Озарбойжонни ҳам қўшиб, янада кенгроқ маконда ўзаро ишонч ва глобал жипслик сарҳадини яратиш, кенгайтириш, қолаверса, ўзаро боғлиқликни кооперациядан интеграция даражасига кўтариш даври деб белгиланди. Бу ютуқлар ва марралар ташқи дунёни биз билан ҳисоблашишга янада кўпроқ ундайди. Бу эса, ўз ўрнида, инсонларимиздаги ўзлик шукуҳини янада кенгайтиради, мустаҳкамлайди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид