Соғлом ҳаёт | 13:18 / 08.08.2025
3052
5 дақиқада ўқилади

Чивинлар орқали юқадиган касаллик: чикунгуня ҳақида нималарни билиш керак?

Тропик ва субтропик минтақаларда учрайдиган мазкур вирус чивин чақиши оқибатида тарқалади, кучли бўғим оғриғи ва иситма билан кечади. Ҳозиргача унга қарши махсус препарат ишлаб чиқилмаган. Буюк Британия жорий йилнинг феврал ойида илк бор вирусдан ҳимояловчи вакцинани тасдиқлади. ЖССТ эса ҳозирда 5,6 миллиард киши хавф остида қолаётганини маълум қилди. Ўзбекистонда вирус билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган бўлса-да, мутахассислар хорижга чиқаётган фуқароларга чивин чақишидан сақланиш чораларини кўришни тавсия этмоқда.

Фото: AP

Чикунгуня – тропик ва субтропик минтақаларда учрайдиган вирусли касаллик. У одамдан одамга ўтмайди, фақат чивин чақиши орқали юқиши мумкин.

Дастлаб 1952 йилда Танзанияда аниқланган. “Чикунгуня” сўзи маконде тилидан олинган бўлиб, “букчайтириб қўядиган” деган маънони англатади, бу атама касаллик бўғим оғриғи туфайли одамнинг букчайиб юришига ишора қилади.

Асосан, Америка, Африка ва Осиёда учрайди. Европада тарқалиши эса бошқа минтақалардан вирус юқтириб қайтган саёҳатчилар ва уларнинг юкларига қўшилиб келган чивинлар билан боғлиқ.

Белгилари

Касаллик одамларда кучли иситма ва бўғим оғриқлари билан намоён бўлади. Шунингдек, қуйидаги симптомлар ҳам кузатилади:

  • мушак оғриғи;
  • чарчоқ;
  • тошма;
  • бош оғриғи;
  • кўнгил айниши;
  • бўғим шиши.

Бўғим оғриғи, одатда, бир неча кун давом этади, аммо баъзан ҳафта, ой ёки ҳатто йиллаб ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Айрим ҳолларда кўз, юрак ва асаб тизими билан боғлиқ асоратлар қолдириши эҳтимоли мавжуд. Янги туғилган чақалоқлар ва сурункали касаллиги бор кекса ёшдагиларга кучлироқ таъсир кўрсатади. Одам чикунгуня касаллигидан бир марта тузалганидан сўнг, одатда, бу вирусни қайта юқтириб олмайди, чунки танада унга қарши иммунитет ҳосил бўлади.

Тарқалиши

2025 йил бошидан июл ўрталаригача 16 мамлакатда жами 240 000 дан ортиқ чикунгуня ҳолати ҳамда 90 та ўлим қайд этилган.

Америка минтақаси. Вирус тарқалиши энг кўп Бразилияда кузатилган – 185 553 та. Боливияда 4 721 та, Аргентинада 2 836 та ва Перуда 55 та касалланиш ҳолати аниқланган.

Осиё ва Африка минтақаси. Ҳиндистон, Шри-Ланка, Мавритания, Покистон ва Хитой бўйлаб жами 34 000 дан ортиқ ҳолат рўйхатга олинган. Хитойнинг Гуангдонг вилояти, айниқса Фошан шаҳри июн ойидан бери 7 000 дан ортиқ инфекция тарқалиши билан эпидемия марказига айланган. Ҳудудда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилган: беморлар шифохоналарда ётқизилган, дронлар ёрдамида сув тўпланадиган жойлар аниқланган, шунингдек, чивин личинкаларини йўқ қилувчи биологик усуллар қўлланган.

Европа минтақаси. Францияда 30 та маҳаллий юқиш ҳолати аниқланган бўлиб, улар, асосан, жанубий вилоятлар, жумладан Салон-де-Провенcе атрофида қайд этилган. Италияда эса 2025 йил 15 июлгача 1 та маҳаллий юқиш ҳолати рўйхатга олинган. Франциянинг денгиз орти ҳудудлари бўлмиш Реунион оролида 54 000 дан ортиқ, Маётте оролида эса 1 098 та касалланиш ҳолати кузатилган.

ЖССТ мутахассиси Диана Рожас Алварезнинг маълумотига кўра, глобал миқёсда 5,6 миллиард киши вирус юқиш хавфи остида қолмоқда.

Ўзбекистонда бу борада ҳеч қандай ҳолат аниқланмаган. Санитария-эпидемиология қўмитасининг маълум қилишича, Хитойда кўпайган чикунгуня вируси мамлакатимизда тарқалмайди. Негаки ушбу касалликни ташувчи чивинлар Ўзбекистон табиатида учрамайди. Бироқ бу тўлиқ хотиржам бўлиш мумкин дегани эмас: бошқа давлатга иш ёки саёҳат мақсадида чиқаётганлар чивин чақишидан эҳтиёт бўлишлари ва касаллик юқишининг олдини олишга қаратилган эҳтиёт чораларини кўришлари лозим.

Вакцина

Буюк Британия 2025 йил феврал ойида дунёда илк марта чикунгуня вирусига қарши вакцинанинг қўллашини расмий равишда тасдиқлади. Бу ваксина катта ёшдагилар учун мўлжаланган бўлиб, таркибида заифлаштирилган, кўпаймайдиган вирус мавжуд, у одам организмига хавф туғдирмайди, аммо иммун тизимга вирусни таниб олиш ва унга қарши антителалар ишлаб чиқаришни “ўргатади”. Натижада одамда касалликка қарши узоқ муддатли ҳимоя шаклланади. Шу йилнинг 1 май санасида эса мамлакатда вакцинанинг Vimkunya деб номланувчи яна бир варианти ишлаб чиқилди.

Вакцина фақат шифокор рецепти билан берилади. Препаратнинг икки варианти мавжуд:

  • 18-59 ёшдагилар учун (IXCHIQ);
  • 12 ёшдан катталар учун (Vimkunya)

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш агентлиги (UKHSA) саёҳатчиларга вакцина билан бир қаторда қуйидаги эҳтиёт чораларини ҳам тавсия қилади:

  • ҳашарот чақишидан сақловчи (repellent) воситалардан мунтазам фойдаланиш;
  • қўл, оёқ ва бўйни ёпадиган энгил, аммо узун кийимлар кийиш;
  • инсектицид билан ишлов берилган москит тўрларда (mosquito net) ухлаш.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, янги вакцина саёҳатчиларга қўшимча ҳимоя беради. Олдин фақат чивинлардан сақланиш чоралари мавжуд эди, энди вакцина орқали узоқ муддатли ҳимояни таъминлаш мумкин.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид